Бўлажак ўқувчи бугун мактаб таълимига тайёр
Тадқиқотларда аниқланишича, бошланғич синфда қийналадиган болаларнинг аксариятида фикрни бир жойга жамлай олмаслик, ўқишга иштиёқнинг йўқлиги кузатилди. Болани мактабга сифатли тайёрлаш орқалигина бу масалага ижобий ечим топиш мумкин.
Айни пайтда республикамиздаги 4930та МТМда 635552 нафар бола тарбияланмоқда. Бу юртимиздаги 2-7 ёшли болаларнинг 25,4 фоизи мактабгача таълим муассасаларида мактабга тайёрланмоқда дегани. Оилада тарбияланаётган болалар ҳам эътибордан четда қолмаётганини таъкидлаш ўринли. 2015 йили боғчага қамраб олинмаган болаларни давлат талаблари асосида мактабга тайёрлаш мақсадида юртимиздаги МТМлар қошида 1775та қисқа муддатли гуруҳ, 3188та мактаб қошидаги саводхонлик гуруҳлари ташкил этилиб, улардаги таълим-тарбия жараёнига 69877 нафар бола жалб этилди. Бу борада Сирдарё вилоятида эътиборга молик тажриба йўлга қўйилган. Жумладан, Гулистон шаҳридаги 12-МТМда 20 нафар боланинг боғчадаги тенгдошлари қаторида мактабга тайёрланганини ота-оналар мамнунлик билан эътироф этишаяпти.
Бу йил педагогика коллежини битирган Зилола Қўчқорова ушбу гуруҳда иш бошлагач, устози Меҳринисо Мирзақулованинг кўмаги билан айнан МТМга қамраб олинмаган болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашга мўлжаллаб яратилган «Билимдон» дастури ва беш номдаги қўлланмалар ёрдамида машғулот олиб борди. Кичкинтойлар вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳафтада 4 марта тасвирий фаолият, 2 марта атроф-муҳитни ўрганиш, элементар математика, 1 марта табиат билан таништириш, жисмоний тарбия, нутқ ўстириш ҳамда саводга тайёрлаш машғулотлари ўтказилди. Масалан, кичкинтойлар душанба куни атроф-муҳит билан таништирилиб, жисмоний тарбия билан шуғулланишди. Сешанбада элементар математика, мусиқа ва расм чизиш машғулотлари ўтилди. Чоршанбада болалар нутқ ўстириш, аппликация-ясаш, атроф-муҳит билан таништириш, пайшанбада элементар математика, жисмоний тарбия, табиат билан таништириш, жума куни эса саводга тайёрлаш, расм чизиш, мусиқа машғулотларига жалб этилди. Ҳафтасига 15 соат давомида ўғил-қизларнинг қизиқиши, билим ва кўникмаси оширилди. Шу билан бирга, ривожланишидаги ижобий ўзгаришларга қараб турли мультфильм, қўғирчоқ театри томошалари намойиш этилди. Натижада шу вақт мобайнида муайян кўникмаларни эгалладилар. Таъкидлаш лозимки, машғулотларга асосан етти ёшли болалар жалб этилганда самара кутилгандай бўлди. Мутахассислар фикрича ҳам бола етти ёшга тўлганда мактабга тайёрланиш бўйича умум¬етуклик даражаси ортади. Айни даврда ўғил-қизларнинг илк ўқув мотивлари шакл¬ланади, билиш фаолияти (сезги, идрок, хотира, тафаккур, хаёл), янги ижтимоий муҳитга мослашув ва жамоавий ҳамкорлик кўникмаси, маънавий-руҳий салоҳияти, шунингдек, ақлий имкониятнинг таълим талабларига мутаносиблиги барқарорлашади. Педагоглар тарғибот жараёнида ота-оналарга ушбу жиҳатларга эътибор қаратиш бўйича тушунтириш беришди.
Шаҳардаги 21-МТМ тажрибаси ҳам ўзига хос. Боғча ходимлари «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда қисқа муддатли гуруҳлар афзалликлари борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борганидан кейин талаб янада ошди. Талабгорлар МТМ қамровидан ошиб кетгач, ҳудуддаги 9-мактабда ҳам учта шундай гуруҳ ташкил этилди.
— Ота-оналарнинг эътиборини қисқа муддатли гуруҳларга қаратгунча анча тер тўкдик, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жанобил Юсуфалиев. — Аввало, ҳар бир хонадонга кириб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордик. Муассаса педагоглари ота-оналарга «Келажакдаги ўқувчи» педагогик тарғибот дастурини намойиш этишди. Мактабга тайёрланган ва тайёрланмаган болалар ўртасидаги тафовутларни ҳаётий мисоллар ёрдамида кўрсатишди. Ота-оналарда ишонч уйғонгач, гуруҳлар болага тўлди.
— Оилалар билан мунтазам мулоқот олиб бориб, боланинг ютуқларидан хабардор этиш ижобий натижа берди, — дейди 21-МТМ мудираси Ҳабиба Ортиқбоева. — Авваллари болаларини шунчаки олиб келиб, олиб кетадиган оналар ҳозир мактабга тайёрлов машғулотлари натижасида фарзандидаги ўзгаришларни эътироф этишаяпти. Аслида мақсадимиз ҳам шу эди. Ушбу ота-оналар фарзанди келгусида мактабга борганда ҳам улар билан шуғулланишда давом этади.
Шаҳардаги 9-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дилбар Маҳмудова янги ўқув йилида қабул қилиб оладиган ўқувчиларининг барчасини яхши танийди. Чунки педагог ҳар куни МТМга келиб, бўлажак ўқувчилари нималарни ўрганаётгани билан қизиқди ва ўзи ҳам тарбиячига ҳамкор бўлди.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири