Баркамол авлодни тарбиялаш
бунда нодавлат таълим муассасасининг ҳам ўрни бор
Таълим тизимининг илк бўғини ҳисобланган мактабгача таълим муассасалари баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Соҳани янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017—2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор асосидаги Дастурда мактабгача таълимнинг сифат даражасини ошириш, болаларни мактабга тайёрлаш, интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, муқобил дастурлар жорий этиш, қамровни ошириш каби устувор вазифалар белгиланди. Шунингдек, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш орқали мазкур вазифалар ижросини таъминлашга ҳисса қўшишга алоҳида эътибор қаратилди.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳам ушбу қарор ижроси доирасида “Klass akadem” нодавлат таълим муассасаси иш бошлади.
— Аввало ҳудуддаги аҳолининг мактабгача таълим муассасаларига бўлган талабини ўргандик, — дейди “Klass akadem” нодавлат таълим муассасаси директор ўринбосари Фарида Умарова. — Ҳудуддаги МТМларга қамраб олинувчи болалар сони ошиб кетгани ва навбатда турганлар кўплигини инобатга олдик. Муассасамизда сифатли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун тажрибали педагогларни ишга таклиф этдик.
Ота-оналар талаби асосида қисқа муддатли гуруҳ шаклида ҳам уч навбатда мактабга тайёрлашни кўзлаган нодавлат таълим муассасаси замонавий талаблар асосида жиҳозланган, кичкинтойларнинг эркин ва интерфаол усуллар асосида ўқиб-ўрганишига имконият яратилган. Машғулотларни турли ўйинлар ва дидактик материаллар орқали олиб бориш учун хоналар зарурий жиҳозлар билан таъминланган. Болаларнинг эмин-эркин ҳаракатланишини таъминлаш учун оила шароитига мослаштирилган муҳит яратилган.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири