Болаларни мактабга сифатли тайёрлаш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “2017—2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳанинг ҳар томонлама ривожланиши ва такомиллашувига хизмат қилиши билан аҳамиятли. Қарорда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, хусусан, нодавлат МТМлар фаолиятини яхшилаш, уларга методик кўмак бериш каби кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Республикамизда 74 та нодавлат МТМ ташкил этилган бўлиб, улар Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 25 октябрдаги “Мактабгача таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида” низом бўйича иш олиб бормоқда. Нодавлат МТМда таълим жараёни мактабгача таълимга қўйиладиган Давлат талаблари асосида ташкил этилиши белгиланган. Мазкур муассасалар ҳудуддаги аҳолининг эҳтиёжи ҳамда тўлов қобилиятини ҳисобга олган ҳолда, замонавий жиҳозланган биноларда фаолият юритмоқда.
— Нодавлат МТМ тарбиячиси болаларни мактаб таълимига тайёрлаш учун зарур маҳоратга эга бўлиши, муддатли малака ошириш курсини ўташи зарур, — дейди Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика маркази директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Мавлуда Рустамова. — Бунинг учун марказимизда нодавлат МТМ ходимларининг малакасини оширувчи гуруҳларни буюртмага кўра шартнома асосида шакллантирамиз. Жараёнда тарбиячилар Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган ва тасдиқланган дастур асосида ўқитишни ташкил этиш бўйича методик тавсия олишади. Курс¬дан кейинги истиқбол режасида ҳар бир тарбиячининг соҳадаги янгиликлар ва замонавий педтехнологияларни фаолиятида қўллаши инобатга олинади. Шунингдек, марказ томонидан “Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ва методик хизмат кўрсатиш бўйича услубий тавсиялар”, Давлат тест маркази томонидан “Нодавлат таълим муассасаларини лицензия¬лаш бўйича услубий тавсиялар” чоп этилиб, жойларга етказилди. Қўлланмада нодавлат МТМларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари аниқ кўрсатилган. Хусусан, нодавлат МТМ аҳолининг розилиги билан болалар соғлиғи учун зарарли ишлаб чиқариш корхоналари(ёнилғи қуйиш шохобчалари, кимё заводи) бўлмаган ҳудудда, Давлат тест маркази томонидан 5 йилга бериладиган лицензия асосида ташкил этилади. Юридик шахс мақомига эга бўлган нодавлат МТМ фаолиятида намунали методик хизматни йўлга қўйиш, туман ХТМФМТТЭБ билан узвий ҳамкорлик, методик уюшма йиғилишлари, ўқув-семинар ва конференцияларда иштирок этиш, методик самарадорликни назорат қилиш, зарур таълимий меъёрий ҳужжатларни юритиш каби вазифалар белгилаб қўйилган.
Нодавлат МТМ ҳам белгиланган талаблар асосида болаларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбия¬ловчи ҳамда мактаб таълимига тайёрловчи маскандир. Шундай экан, соҳадаги янгиликлардан нодавлат МТМлар педагог ходимлари қай тарзда хабардор этилади?
— Вилоятимиздаги 10 та нодавлат МТМнинг ҳар бири ҳудуддаги ХТМФМТТЭБ билан ҳамкорликда ишлайди, — дейди республика нодавлат МТМ ассоциациясининг Самарқанд вилояти бўйича раҳбари Мунира Клеблева. — Ассоциация томонидан тасдиқланган режага кўра, ҳар бир тарбияланувчининг ўзлаштиришини мониторинг қилиб борамиз. Хусусан, ушбу муассасаларда тарбияланаётган 507 боланинг жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ва гигиена йўналиши бўйича — 89 фоиз, ижтимоий-ҳиссий ривожланиш йўналиши — 90 фоиз, нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарлик бўйича — 85 фоиз, билиш жараёни ва атроф-муҳит тўғрисидаги билимларга эга бўлиши 88 фоизни ташкил этган. Бундай натижага эришишда барча муассаса тарбиячиларининг ўз вақтида малака ошириб, маҳоратини бойитаётгани муҳим омил бўлаяпти. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти қошида рус гуруҳи ташкил қилинмагани сабабли 12 нафар тарбиячи малака оширмаган. Ушбу тарбиячиларнинг буюртмаси ҳам қаноатлантирилса, рус гуруҳларидаги болажонларга замон талаби даражасида таълим-тарбия бериш таъминланади.
Ҳудуддаги нодавлат МТМлар педагогларининг касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориш мақсадида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Санкт-Петербург ҳамда Москва шаҳарларидан таклиф этилган малакали педагоглар иштирокида тренинглар олиб борилди.
— Нодавлат МТМларда болажонларга меҳр билан таълим-тарбия бераётган 50 га яқин тарбиячининг ҳар бири туман ХТМФМТТЭБ билан ҳамкорликда иш олиб боради, — дейди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси мактабгача таълим услубчиси Дилфуза Азизова. — Ил¬ғор таълим шаклларини қўллаётган ижодкор тарбиячиларнинг тажрибаларини вилоят миқёсида ўрганиш учун ҳамкорликда семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Ўқув йили бошида вилоят миқёсида ташкил этиладиган методик уюшмаларга ҳам ҳар бир нодавлат МТМдан ходим таклиф этилади ва улар каскад шаклида ўрганганларини жамоадошлари билан ўртоқлашади. Шу тарзда Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган ўқув дас¬турлари асосида иш олиб бораётган нодавлат МТМларда тарбияланган болажонлар мактаб дас¬турларини узилишсиз ўзлаштирмоқда.
— Бундан ўн-ўн беш йиллар аввалги нодавлат МТМ билан бугунгиси ўртасида анча фарқ бор. Авваллари ҳамма ўз билганича — кимдир хориж технологияси бўйича, кимдир бошланғич синфларда ўтиладиган методикалар асосида иш олиб борарди, — дейди нодавлат МТМ мутахассиси Ирисжон Байсалова. — Бу тарз¬да таълимий тайёргарликдан ўтган бола биринчи синфдаги такрор маълумотларни қайта ўрганишдан ёки бошқа тилда саводи чиққанидан қийналарди. Эндиликда ушбу муаммолар бартараф этилди. Нодавлат МТМлардаги машғулотлар давлат талаблари асосида олиб борилгани учун мактаб таълими билан узвийлик таъминланди.
Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда аҳоли ўртасида нодавлат МТМлар ҳақида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида шаҳар ҳудудларида аҳолининг бундай муассасаларга қизиқиши ортган.
— Қизим уйимизга яқин жойдаги нодавлат МТМга қатнайди, — дейди Феруза Зоҳидова. — Педагогларнинг болажонлиги, ҳар кунлик машғулотларда фарзандимизнинг ниманидир ўрганиши, рақс тўгарагига қатнашиши бизга маъқул. Ҳафтада уч кун “Happy English” клубида чет тилини ўрганаётгани ҳам орзуларимизга мос келади.
Қўшимча таълимий хизматлар ва белгиланган дастур асосида фаолият олиб бораётган нодавлат МТМлар бугунги кунда аҳоли ишончини оқламоқда. Натижада мактабгача таълимнинг муқобил шакли сифатида болаларнинг мактабгача муассасаларга қамровини оширишга амалий ёрдам берадиган масканга айланмоқда.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири