Бола боғчага қачон тайёр бўлади?
Эндигина икки ёшга тўлган гўдагини биғиллатиб боғчага судраётган, “Ойижон! Мени боғчага ташлаб кетманг!” дея зорланишига қарамай ишга кетаётган, кичкинтойини ўйлаб на ишида, на юриш-туришида ҳаловати бўлмаган оналарни кўп кўрганмиз?! Болакайни онасидан мажбуран айириб, кун бўйи мактабгача таълим муассасасида ушлаб ўтириш тарбиячиларга ҳам осон эмас. Табиийки, бола йиғлайвериб, руҳан эзилади, яхши овқатланмайди, тез касал бўлади.
Мамлакатимизда болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш, МТМлар фаолиятини такомиллаштиришга катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017—2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, боланинг жисмоний ривожланиши, ўзига-ўзи хизмат кўрсатиши, ижодий-эстетик қобилияти, дунёқарашини бойитиш, нутқини ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлашда мактабгача таълим муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сонли қарорига асосан тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисидаги низом”га кўра, эндиликда болаларни МТМга 3 ёшдан қабул қилиш белгиланди. Дарҳақиқат, бу ёшда бола боғчага осон мослашади. Шу боис мазкур ўзгариш ота-оналарни, кенг жамоатчиликни мамнун қилди.
Ушбу низом асосида болаларнинг МТМларга қабул ёши нега айнан 3 ёш қилиб белгилангани кўпчиликни қизиқтириши табиий. Шу сабабли мутахассислар билан суҳбатда бўлиб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
— Ўғил-қизларни МТМга қабул қилиш тартибига ўзгартириш киритишдан олдин хориж тажрибаси ҳам ўрганилди, — дейди Халқ таълим вазирлигининг мактабгача таълим бошқармаси етакчи мутахассиси Гулбаҳор Парпиева. — Британия, Франция, Япония, Россия каби ривожланган давлатларда болалар мактабгача таълимга уч ёшдан қабул қилинади. Мамлакатимизда эса айни пайтда мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган болаларнинг 114 минг нафарини 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Уларнинг боғчага мослашув жараёни кузатилганда айрим муаммолар кўзга ташланди. Жумладан, физиологик, психологик-педагогик жиҳатдан таълим олишга болаларнинг ҳаммаси ҳам тайёр эмас, уларга таълим-тарбия бериш кўп меҳнат талаб этади. Кичик ёшдаги бола ўз фикрини тўлиқ ифода эта олмайди, иммунитети тўла шаклланмагани сабабли тез шамоллашга мойил бўлади. Натижада юқумли касалликлар сони ортиб, боланинг янги шароитга мослашиши қийин кечяпти. Шуларни эътиборга олиб, ёш авлоднинг соғлом ривожланишини таъминлаш мақсадида болани 3 ёшгача оила муҳитида парваришлаш муҳим, деб топилди.
Дарҳақиқат, кичик ёшли бола нимани хоҳлаётганини ҳеч ким онасидек тушунмайди. Шунинг учун бола ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ онасига талпинади, унинг бағрида ўзини бахтли ҳис этади, вақтини чоғ ўтказади. МТМдаги нотаниш муҳитга эрта жалб этиш уни ана шундай қувончли лаҳзалардан чеклаш демакдир.
— Қанча эътибор қилмайлик, икки ёшли бола онасига, оиласи бағрига талпинаверади, — дейди Юнусобод туманидаги 154-МТМ тарбиячиси Дилбар Менглиева. — Аммо ўрнатилган тартибга кўра, болалар МТМга икки ёшдан қабул қилингани учун ота-оналар ҳам бу хусусда чуқур мулоҳаза қилиб ўтирмас, шуни тўғри деб билиб, фарзандини боғчага етаклаб келаверар эди. Аслида мактабгача таълимга қабулни уч ёшдан бошлаш ҳар томонлама маъқул. Чунки уч ёшли бола ўз истак-хоҳишларини эркин билдира олади, вазифаларни мустақил бажаради, бегона муҳитга нисбатан тезроқ мослашади.
Боланинг кичик ёшдан боғчага жалб этилиши тиббий жиҳатдан ҳам муаммоларни келтириб чиқаради. Бу хусусда Учтепа туманидаги 24-оилавий поликлиника шифокори Гуландон Мисирова шундай дейди:
— Мактабгача таълим муассасасига илк қабул қилинаётган болажонлар учун махсус тиббий дафтар очилиб, барча йўналишлар бўйича тиббий таҳлиллар олинади. Сўнг оилавий поликлиника шифокори назоратидан боғча ҳамшираси масъуллигига ўтказилади. Кузатишларимизга кўра, ҳали иммунитети мустаҳкам бўлмагани учун икки ёшли болалар боғчада юқумли касалликларга тез чалинади. Мисол учун, ҳудудимиздаги 25 нафар икки ёшли болалардан 17 нафари МТМга қамраб олинган. Шу йилнинг биргина август ойини таҳлил қилсак, 17 нафар боладан 15 нафарига оилавий поликлиникамизда касаллик варақаси очилган. Кўриниб турибдики, болани боғчага уч ёшдан қабул қилиш тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам тўғри.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ишлайдиган оналарга фарзанд парвариши учун иш жойи сақланган ҳолда икки йилгача таътил берилади. Онанинг хоҳишига кўра, таътил муддатини бола уч ёшга тўлгунга қадар ҳам чўзиш мумкин. Аммо қонунчиликка кўра, бунда иш ҳақи сақланмайди. Эндиликда болани уч ёшгача уйда парваришлаш лозимлиги белгиланган экан, ишлайдиган оналарда табиий савол туғилмоқда: “Болани уйда парваришлаш учун учинчи йилда ҳам таътил нафақаси тўланадими?”.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, боласи икки ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланадиган таътил берилиши белгиланган. Шунингдек, онанинг талаби билан боласи уч ёшга тўлгунга қадар иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил берилиши ҳам назарда тутилган. Яъни, она бу даврда нафақа пули олмаса-да, иш жойи сақланади. Қолаверса, болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан отаси, бувиси, буваси ёки амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки қисман фойдаланади. Аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолади.
Мамлакатимизда мактабгача таълим тизими жадал ривожланмоқда. Жорий йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзолангани бунинг ёрқин далилидир. Мазкур қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, тизимни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, муассасаларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш каби қатор долзарб вазифалар белгиланди. Буларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлиб вояга етиши учун хизмат қилади.
Феруза ХОЛМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири