МТМлар янгиланиш палласида
Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, мазкур муассасаларга болаларни тўлиқ қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан соҳа тубдан янгиланмоқда.
Айни пайтда мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, давлат ва нодавлат таълим муассасалари сонини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, 2017 йилнинг ўзида Инвестиция дастури бўйича мамлакатимизда 107 та МТМ капитал реконструкция қилинди, 195 та боғча капитал таъмирланди. Шунинг баробарида улар зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Жорий йилда эса 427 боғчада қурилиш-таъмирлаш(14 тасини янгидан қуриш, 256 тасини реконструкция қилиш ва 157 тасини капитал таъмирлаш) ишларини амалга ошириш белгиланган. 771 миллиард сўм маблағ ҳисобига бун¬ёд этиладиган 50, 100 ва 150 ўринли замонавий боғча бинолари лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳудудлар шароити ҳисобга олинади. Иншоотлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши, болаларнинг ювиниши, овқатланиши, машғулот ўтказиши, ўйнаши, ухлаши учун барча шароитлар яратилиши керак.
Бугуннинг боғчаси
Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 151 615 боланинг 51 603 нафари(34 фоизи) мактабгача таълим муассасасига қамраб олинган. Айни пайтда болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш мақсадида МТМларнинг бўш турган биноларида 162 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилган. 2017 йил давомида ҳудуддаги мавжуд МТМларни таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. 318 та мактабгача таълим муассасасидан 5 таси капитал реконструкция қилинди, 15 таси капитал таъмирланди.
Жумладан, Мўйноқ туманидаги 1-мактабгача таълим муассасаси ҳам капитал реконструкциядан сўнг замонавий қиёфа касб этди. Бугун бу ерда 10 нафар тарбиячи, психолог, ҳамшира ва мусиқа мутахассисидан иборат жамоа 110 нафар кичкинтойга таълим-тарбия бермоқда.
— Боғчамиз таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Шиферлари жуда эскиргани учун қор, ёмғирли кунларда томдан чакка ўтарди. Ҳатто муассаса атрофи ўралмаган эди, — дейди МТМ мудираси Сарбия Самуратова. — Ичимлик сувини ҳам ташиб келардик. Ёз кунлари бу жуда қи¬йинчилик туғдирарди. Қурилиш давомида ҳар бир хонага иссиқ ва совуқ сув қувурлари тортилди. Қувонарлиси, гуруҳларимиз бола ёшига мос янги инвентарлар билан таъминланди. Энди фақатгина кўргазмали қуроллар, компьютер жамланмаси, мусиқа асбоблари, эртак ва болалар китоблари етишмаяпти. Тез орада бу муаммолар ҳам ечим топади, деган умиддамиз.
Мактабгача таълим даргоҳида кичкинтойлар ҳамда ота-оналар таклиф ва истагига кўра бир қанча тўгараклар ташкил этилган. Мадина Нав¬рўзбоева гул ўстириш тўгараги аъзоси. Кичиклигидан гўзалликка ошно.
— Қизим боғчага қатнай бошлаганидан буён жуда киришимли бўлиб қолди. Авваллари бир иш буюрсам, анча вақтда бажарарди. Энди эса жуда чаққон, — дейди тарбияланувчи Ойсулув Бийсенбоеванинг онаси Ҳамегул Мустафоева. — Қизимдаги ўзгаришларни кўриб, уйда тарбияланган бола билан МТМ тарбияланувчиси орасидаги фарқни ҳис қилдим. Мени қувонтирган яна бир жиҳат, Ойсулув қисқа вақт ичида ҳарфларни ўрганди. Шеърлар ёд олиб, ифодали ўқияпти. МТМда ота-оналар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Ҳафта давомида биз билан учрашувлар ташкил қилинади. Турли тадбирлар уюштирилиб, тарбия¬ланувчилар иштирокида бадиий чиқишлар намойиш этилади. Бундан биз ҳам, фарзандларимиз ҳам хурсанд.
Боланинг соғлом ва бақувват бўлиб улғайишида тўғри овқатланиш муҳим аҳамиятга эга. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан сифатли ва арзон маҳсулотларни тўғридан-тўғри таълим муассасаларига етказиб бериш мақсадида 370 дан ортиқ кўп тармоқли фермер хўжаликлари билан шартнома имзоланди. Жумладан, 1-МТМда ҳам болаларни тўғри ва сифатли овқатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ошпаз Гулбаҳор Ўтекееванинг айтишича, кичкинтойларга уч маҳал мазали таомлар пишириб берилмоқда.— Болалар ҳар куни боғчамизга ошиқиб келади, — дейди Сарбия Самуратова. — Шароитлар яхшилангани сари, ота-оналарнинг ҳам МТМга ишончи ортмоқда, фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига беришни хоҳловчилар сафи кенгайди. Авваллари қамровимиз бу даражада яхши эмасди. Бугун эса навбатда 106 нафар боғчага қамраб олинмаган талабгор бола бор.
Кегейли туманидаги Обод МФЙ ҳудудида жойлашган 3-МТМда ҳам капитал реконструкция ишлари якунланди. Мусиқа зали, шинам ошхона, ҳамшира хонаси ва зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган изолятор хонаси янгидан ишга тушди. Спорт майдончаси ободонлаштирилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.
— Бахтли ҳаёт кечиришимиз учун энг муҳими — саломатлик, — дейди МТМ ҳамшираси Гулсара Туримбетова. — Шу боис кичкинтойларнинг соғлигига жиддий қараймиз. Уларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиб турамиз. Чунки касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал. Ҳар куни эрталаб бадантарбия машқлари бажаришни одатга айлантирганмиз. Таомларни ҳам витаминли маҳсулотлардан тайёрлашга ҳаракат қиламиз.
МТМ фаолияти билан танишиш давомида бу ерда кичик кутубхона ташкил этилганига гувоҳ бўлдик.
— Психологларнинг фикрича, ота-она болалари билан бирга китоб ўқиса, улар ўртасида ўзига хос ижобий муносабат ўрнатилади, — дейди муассаса мудираси Гулзар Тўлепова. — Шу боис ота-оналарга ҳам буни уқтирамиз. Болага уйда янги эртак ва ҳикоялар ўқиб беришни тавсия этамиз. Бола учун энг яхши китоб — расмларга тўла эртак китоблардир. Муассасамиздаги кичик кутубхонада шундай китобларни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Қувонарлиси, бунда ҳомийлар, ота-оналар ёрдам беряпти. Аммо фойдаланишимиз учун қорақалпоқ тилидаги эртак китоблар кам. Иложи бўлса, шундай китобларни кўпроқ чоп этиш керак.
Пойтахтимизда ҳам МТМлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йилда 53 минг болани МТМга қамраб олиш имконияти яратилади.
Мирзо Улуғбек туманидаги 192-мактабгача таълим муассасаси 2017 йилда капитал таъмирдан чиқарилгандан сўнг замонавий қиёфа касб этди. Зарур инвентарлар, ўқув-методик қўлланма ва мультимедиа воситалари билан жиҳозланди. МТМ мудираси Шаҳноза Аҳмедова бу ҳақда шундай дейди:
— Масканимиздаги мавжуд 6 та гуруҳда 120 нафар бола тарбияланади. Авваллари шароитларимиз билан мақтана олмасдик. Кичкинтойларга бугунги кун талаби даражасида таълим-тарбия бериш биринчи галда МТМдаги шароитга боғлиқ. Олдин эшик ва дераза ромлари эски бўлгани учун совуқ кунларда тирқишидан шамол кириб, хоналар яхши исимасди. Энди эшик ва деразалар замонавийсига алмаштирилди. Бу эса ўз ўрнида кичкинтойларнинг саломатлигига ҳам ижобий таъсир қилди. Болаларнинг шамоллаши камайди. 1 та илк ёш, 1 та кичик, 2 та ўрта, 1 та катта ва 1 та тайёрлов гуруҳларига бола ёшига мос ўйинчоқлар, шашка, дидактик ўйин воситалари берилган. Кичик гуруҳ стол-стул, кароват, тайёрлов гуруҳи эса парта ва стуллар билан жиҳозланган. Ошхонадан 2 та овқат пиширадиган печь, тиббиёт хонасидан шкаф, кир ювиш хонасидан эса 2 та янги кир ювиш машинаси ўрин олган. Муассаса ҳовлисига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, майдонча ҳамда болалар айвонлари ўралган. Ўйин майдончалари усти ёпилган.
Муаммолар изидан
Шайхонтоҳур туманидаги 21-МТМ биноси ачинарли ҳолатда. Ташқи деворларининг бўёғи кўчиб, тобора нураб бормоқда. Том қисми ҳам таъмирталаб. Шиферлари сингани учун ёғинли кунларда чакка ўтади. Бу МТМда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари яхши бажарилмаганини кўрсатади. Эски, пахсадан қурилган бино дастлаб мактаб, кейинчалик поликлиника сифатида маҳалла аҳлига хизмат кўрсатган. 1991 йилдан эса болалар боғчаси сифатида фойдаланилмоқда. МТМдаги яна бир муаммо бу — олий маълумотли кадрлар етишмаслигидир. Мисол учун, боғчада фаолият олиб бораётган саккиз тарбиячининг атиги бир нафари олий маълумотли, холос.
— 75 ўринли муассасамизда 82 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда, — дейди МТМ мудираси Дилором Маткаримова. — Бино кичик, хоналари кам бўлгани боис, 4 та гуруҳ фаолият олиб бормоқда. МТМ биноси эскилиги сабаб ҳар йили таъмирланади. Жорий йилда масканимизни Инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилиш режалаштирилган.
Мактабгача таълим вазирлигининг ахборот хизмати берган маълумотга кўра, вазирлик масъуллари МТМлардаги камчиликларни аниқлаш ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида боғчалар аҳволи билан танишиб бормоқда. Жумладан, 23 январь куни Мактабгача таълим вазири А.Шин бошчилигида бир қатор масъуллар Юнусобод туманидаги 206-МТМдаги аҳволни ўрганди.
Тарбиячи Диляра Эгамбердиева тайёрлов гуруҳида ўқув-тарбия жараёнини замонавий педагогик технологиялар асосида олиб бораётгани кузатувчиларни қувонтирган бўлса-да, ошхонадаги ҳолат кўнгилни хира қилди. Соат 12:20 бўлишига қарамай, боғча тарбияланувчилари учун тушлик ташкил этилмаган. Таом¬номадаги нўхатли бўтқанинг ичида ҳозиргина солинган хом гўшт борлиги ҳаммани ҳайратлантирди. Аниқланишича, ошпаз Э.Мамедова таомнома бўйича тушликдаги иккинчи овқатга 35,22 кг ўрнига 31 кг гўшт солган. Мутасаддиларнинг кутилмаган ташрифидан сўнг айбини яшириш мақсадида таомга яна 4 кг хом гўшт қўшиб юборган. Тушликнинг кечикиши сабаби ҳам шунда экан.
Аслида, боғча 540 нафар болага мўлжалланган бўлса-да, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, тарбияланувчилар сони 740 нафарни ташкил этиши натижасида таълим-тарбия сифати ҳам тушиб кетган. Устига-устак МТМ биносининг биринчи блоги туман ҳокимлиги томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига бериб юборилган.
Бу каби камчиликларга йўл қўйгани учун 206-мактабгача таълим муассасаси мудираси В.Муҳаммедова, ошпаз Э.Мамедова, омбор мудири Д.Дадахўжаевалар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Боғча ҳамшираси Ш.Таштаевага интизомий жазо чораси қўлланган.
Мирзо Улуғбек туманидаги 14-МТМдаги вазият ҳам юқоридагидан фарқ қилмайди. 1980 йилда қурилган боғча 320 нафар тарбияланувчига мўлжалланган бўлса-да, айни кунда 551 нафар бола тарбияланмоқда. Ошхона фаолияти ҳам қониқарсиз.Кузатувлар давомида музлаткичда сақланаётган гўшт маҳсулоти сифатсиз экани аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу маҳсулот Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Ибрагимова” МЧЖ томонидан етказиб берилган. Юқоридаги камчиликка йўл қўйгани учун омбор мудири Д.Баҳромова, бош ошпаз Д.Давирова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Мактабгача таълим муассасаси мудираси вазифасини бажарувчи Ф.Усмонбекова ҳамда ҳамшира Г.Хўжамқуловага интизомий жазо чораси қўлланилди. Ўз навбатида “Ибрагимова” МЧЖ билан тузилган шартнома ҳам бекор қилинди.
Яшнобод туманидаги 240-, Сергелидаги 598-МТМларда ҳам моддий-техник база ночорлиги, кун тартибига риоя этмаслик, санитария меъёрларига амал қилмаслик каби ҳолатлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, вазир раҳбарлигида олиб борилаётган бу каби ўрганишлар мунтазам давом этади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА,
“Ma’rifat” мухбирлари