Янги мавзедаги янги боғча
Ўтган йил бошида Сергели туманида қурилиши бошланган ана шундай уй-жойлар бугун тўлиқ фойдаланишга топширилди. 13 гектар майдонда 66 та кўп қаватли уй-жой қад ростлади. 1, 2, 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредит асосида берилди. Уйлар атрофида 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли мактаб, 61-сонли оилавий поликлиника, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрассалар барпо этилди.
Айниқса, янги қурилган 18-МТМ мавзе кўркига кўрк қўшиб турибди.
— Фаолият бошлаганимизга энди икки ҳафта тўлган бўлса-да, гуруҳларимиз тўлиқ қувватда ишлаяпти. Янги уй эгаларининг кўпи ёш оила бўлгани учун фарзандларини МТМга бериш эҳтиёжи баланд, — дейди 18-МТМ мудираси Гўзал Аҳмедова. — Айни пайтда мавжуд 10 та гуруҳда 250 нафар, 4 та қисқа муддатли гуруҳда 100 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда.
Шинам ва ёруғ хоналар, тарбия¬ланувчилар учун яратилган турли ривожлантирувчи марказлар замонавий талабларга мослиги билан ажралиб турибди. МТМ тарбиячилари шундай қулай шароитда, касбий билим ва малакасини тўлиқ намойиш этиб, бутун меҳрини жажжиларга қаратмоқда. Эътиборли томони, мазкур МТМда республикамизда илк маротаба овқатлантиришни ташкил этишнинг янги тартиби бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда.
Унга асосан, Сергели тумани мактабгача таълим бўлими билан “Asiya best distribution” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланиб, МТМ ошхонаси мазкур корхона ошпазлари ихтиёрига топширилди. Эндиликда ошпазлар гуруҳи тарбияланувчиларга белгиланган стандартларга мувофиқ, сифатли, тўйимли ҳамда фойдали таом ва егуликларни тайёрлаб бермоқда. Натижада тарбиячилар ортиқча юмушлардан холи бўлиб, вақтларини болалар таълим-тарбиясига қаратмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли, хавфсиз ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда тайёрланишига жиддий эътибор қаратмоқда.
— Оиламиз билан янги уйга кўчиб келгач, ўғлим Зоҳиджоннинг боғчаси ҳам ўзгарди, — дейди Мунира Охунжонова. — Дастлабки кунлари кўнглимда “Ўғлим янги боғчага мослашиб кетармикан?” — деган хавотир бор эди. Янги МТМнинг педагогик жамоаси ҳар бир тарбияланувчини эътиборсиз қолдирмасдан, индивидуал ёндашишга ҳаракат қилмоқда. Шу боис ўғлим ҳам боғчага тез мослашди. Айниқса, овқатлар сифатидан кўнглимиз тўқ.
Дарвоқе, шу ўринда яна бир янгилик ҳақида айтиб ўтсак. Сергели туманининг янги 5-А ва 7-А мавзесида барпо этилаётган навбатдаги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида 17 та 50 ва 60 ўринли боғчалар қурилмоқда. Шунингдек, тумандаги мавжуд МТМлардан олисда жойлашган “Қумқўрғон” ва “Нўғайқўрғон” маҳаллаларида ҳам 750 ўринли МТМ қурилиши режалаштирилган.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ma’rifat” мухбири