МТМга қабул тартиби ўзгарди
Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар туфайли тизимда кўплаб ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, 2018 йил 1 апрелдан болалар давлат мактабгача таълим муассасаларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинадиган бўлди.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида МТМга йўлланма олиш учун Давлат хизматлари марказининг туман бўлимига келиб мурожаат қилиш белгиланди, — дейди Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бош¬қармаси бошлиғи ўринбосари Дилдора Усмонова. — Бу хизмат фуқароларга бир қатор қулайликлар яратади. Жумладан, ота-оналар фарзандларини жойлаштиришни хоҳлаган МТМда навбатда турган болалар сони ва ўз навбат рақами ҳақида интернет тармоғи орқали аниқ ва реал маълумотга эга бўлади.
Бу болаларнинг МТМга навбатсиз, яъни турли ноқонуний йўллар билан қабул қилинишининг олдини олади. Ота-оналар мурожаатини Давлат хизматлари марказлари анкета тўлдирилган вақтдан бошлаб, бир соат мобайнида ЯИДХП орқали автоматик тарзда ваколатли органга юборади. Мазкур хизмат ота-оналарни ортиқча оворагарчиликдан халос этади.
Қарорга кўра, йўлланмалар муассасаларда ўринлар бўшаган куни нав¬батга мувофиқ расмийлаштирилади. Йўлланма биринчи навбатда имтиёзли рўйхатга киритилганларга берилади. Болаларни муассасага қабул қилиш бўйича давлат хизмати бепул амалга оширилади.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2524695 нафар боғча ёшидаги боладан 776864 нафаригина МТМга қамраб олинган. Бугун айрим МТМларда болалар учун бўш ўрин йўқлиги кузатилмоқда. Замонавий муассасаларда эса кичкинтойларга яратилаётган шароитлар сабаб болалар сони кундан-кунга ошиб бораётир. Натижада махсус МТМларда ҳам бўш ўрин қолмай, айрим ҳолларда ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.
— Ўғлим Анвар 2015 йил 17 мартда туғилган. 2016 йил 20 сентябрда фарзандимни МТМга жойлаштириш учун навбатга қўйиш мақсадида Мирзо Улуғбек туман халқ таълими бўлимига ариза бердим, — дейди Муаттар Каримова. — 3 ёшга тўлгач, оилавий поликлиника шифокорлари тиббий текширув хулосасига кўра, ўғлимни махсус боғчага бериш кераклигини маълум қилишди. Шифокор хулосасини туман мактабгача таълим бўлимига тақдим этиб, фарзандим учун уйимиз яқинидаги 410-махсус МТМга йўлланма беришларини сўрадим. Аммо боғчада бўш ўрин йўқлиги учун уйимизга узоқроқ бўлган бошқа махсус МТМни тавсия қилишди. Узоқдаги боғча бизга маъқул келмагани учун навбатимиз яна чўзилди.
Афсуски, навбати келгандан ке¬йин ҳам фарзандини ўзи хоҳлаган МТМга жойлаштира олмаган она таҳририятга мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан мутасадди ходимлардан қуйидагича жавоб олдик:
— Ҳозир туманимизда фаолият юритаётган 56 та МТМнинг 6 таси махсус, 1 таси эса санаторий типидаги боғча, — дейди Мирзо Улуғбек туман мактабгача таълим бўлими шўъба мудири Зуҳра Саидалиева. — Ушбу МТМларга қабул учун навбатда турган болалар 3 ёшга тўлганида тиббий, психологик-педагогик кўрикдан ўтказилиб, саломатлигига кўра уч тоифадаги МТМдан бирига йўналтирилади. Тор мутахассис кўригида бола саломатлигида нуқсон аниқланса, махсус МТМга йўлланма берилади. Авваллари бўш ўрин бўлмаган ҳолларда комиссия ҳужжатларни тегишли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилар эди. Ихтисослаштирилган давлат МТМларидан таш¬қари бошқа давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишга йўл қўйилмасди. Махсус МТМлар сони камлиги учун аксарият ҳолларда мазкур боғчаларда бўш ўрин бўлмайди. Бундай вазиятда ота-оналарга бўш ўрин мавжуд шу типдаги МТМ таклиф этилади. Агар ота-она фарзандини уйига яқин МТМга беришни истаса, бўш ўрин бўлишини кутиши тушунтириларди. Ҳозир болаларни МТМга жойлаштириш бўйича келиб тушган барча ариза ва шикоятлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига тақдим этилади. Бу билан ота-оналарга янада кўпроқ қулайлик яратилди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА