МТМга қамров ошяпти
Президентимизнинг “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олис қишлоқ ҳудудларида тўла қувват билан ишламаётган МТМларда ҳам қамровнинг ошишига асос бўлди. Беш-олти ёшлиларни мактабга тайёрлайдиган қисқа муддатли гуруҳлар республика бўйича 2017 йили 2200 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда 4407 тага етди. Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидаги 20 та туманда МТМга тўловлар миқдори 50 фоизга камайтирилди. Бунгача Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида, 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб Навоий вилоятининг айрим туманларида ота-оналарга енгиллик яратиш ва мактабгача таълим муассасаларига қамровни ошириш мақсадида бадал миқдори 50 фоиз камайтирилган эди.
— Вилоятимизда давлат тасарруфидаги 330 та МТМ ишлаяпти, — дейди Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси шўъба мудири Сожида Ҳайдарова. — Шу пайтгача вилоятимизда нодавлат МТМлар йўқ эди. Йил бошидан буён улар сони 42 тага етди. Нишон, Чироқчи, Касби, Қамаши, Деҳқонобод, Миришкор, Яккабоғ ва Ғузор туманларида ота-оналарнинг бадал тўлови камайтирилгани муносабати билан қамров ошди. Мисол учун, олдин бир бола учун 60000 сўм тўлаган оила айни пайтда ўттиз минг сўм чиқим қиляпти. Икки нафар фарзанди боғчага борадиган оилаларга ҳар бир боласи учун йигирма тўрт минг сўмдан МТМга бадал тўлови белгиланди. Бу болажон халқимизни чексиз қувонтирди. Илгари фарзанди МТМга боришини истаса-да, доимий иш жойига эга бўлмаган айрим ота-оналар моддий жиҳатдан бунга қодир эмасди. Мазкур қарор билан ойлик маоши ошгач, соҳа ходимларининг, тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларининг ўз ишига муносабати буткул ўзгарди, масъуллик ҳисси ошди. Вилоятимизда шу йилнинг январь ҳолатида қамров кўрсаткичи 24 фоизни ташкил этган бўлса, март ойига келиб 26 фоизга етди. Келгусида хусусий МТМлар сони кўпайиши ва тўлиқ қувват билан ишламаётган қишлоқ МТМларида янги гуруҳлар очилиши муносабати билан қамров кўрсаткичимиз янада ортади.
Сурхондарё вилояти ҳам МТМга қамров бўйича республикамизда энг охирги поғоналарда туради. Ҳудудда 3—7 ёшли болаларнинг 12,9 фоизи МТМга қамраб олинган, холос. Вилоятнинг чекка туманларидан бири — Сариосиёда 26 та боғчада 2423 нафар бола тарбияланмоқда. Айни пайтда мавжуд боғчаларнинг иккитасида капитал таъмирлаш, биттасида капитал реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий бюджет ҳисобидан яна иккита МТМда жорий таъмирлаш ишлари бошланган.
— МТМларда талабгорлар сони ошди. Жумладан, Сариосиё туманида 2016 йилда МТМга қамров саккиз фоизни ташкил этган бўлса, 2017 йил охирига келиб 10,5, 2018 йилнинг март ойига келиб эса 12 фоизга етди. Хусусий ва таъмирдаги МТМлар фойдаланишга топширилса, йил охирига бориб қамров 16-17 фоизга етади, — дейди Сариосиё туман мактабгача таълим бўлими мудири Раҳобса Қораева.
Туман МТМларида фаолият юритаётган 184 нафар педагог ходимнинг 24 нафари олий маълумотли, қолганлари эса ўрта махсус маълумотга эга. Термиз давлат университети ва унинг Денов филиалидаги махсус сиртқи бўлимда 4 нафар ўрта махсус маълумотли тарбиячи мактабгача таълим йўналишида ўқияпти. Вилоят педагогика олий таълим муассасаларида очилган қайта тайёрлов курсларида 25 нафар олий маълумотли педагог билимини оширмоқда. Туманда 16 та нодавлат МТМ ташкил этиш режалаштирилиб, айни пайтда уларга ажратилган ер майдонларида қурилиш ишлари бормоқда.
— Ҳар бир ота-она фарзандининг чуқур билим олишини истайди. Шу боис бадал тўлови камайтирилгани ҳақидаги хабарни эшитиб, 6 ёшли ўғлим Фаёзжонни 4-МТМнинг катта тайёрлов гуруҳига, 5 ёшли қизим Шаҳинани эса ўрта гуруҳга олиб бордим, — дейди Сариосиё тумани Қалаштепа қишлоғида истиқомат қилувчи Шаҳноза Абдураҳмонова. — Улар ҳар куни янги шеър, ашула ва эртак ўрганиб, бизни хурсанд қиляпти. Айниқса, боғчадаги расм машғулотлари фарзандларимга маъқул бўлмоқда.
Шунингдек, Хоразм вилоятида ўтган йилнинг сентябрь ойида МТМга қамров 22 фоизни ташкил этган бўлса, шу йилнинг март ойи¬да 27,1 фоизга, Навоий вилоятида 2017 йилдаги 31 фоиздан 37 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 26,9 фоиздан 34,8 фоизга ошди.
Зебо НАМОЗОВА