Янги давр боғчаси
Фарзанд бамисоли бир ниҳол. Унга ўз вақтида эътибор қаратиб, қанчалик парваришласак, шунчалик ширин мева беради. Бугун мактабгача таълим муассасаларининг янги авлоди — давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар ташкил этилаётганлиги, уларнинг таълим йўналишлари мазмунан бойиши, шаклан ранг-баранг ташкиллаштирилиши замирида ҳам шу ҳақиқат ётади десак, адашмаган бўламиз.
2018 йили республикамизда кўплаб янги хусусий боғчалар бунёд этилди. Шулардан бири Олтиариқ тумани Қапчиғой маҳалласидаги «Smart Kids» мактабгача таълим муассасасидир. Давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга туширилган боғча 210 ўринга мўлжалланган.
— Боғча ўрнида 1978 йилда қурилган эски МТМ биноси бўлиб, у 15 йилдан буён фаолият кўрсатмасдан жуда хароб ва ташландиқ аҳволга келиб қолганди, — дейди хусусий тадбиркор Муҳаммаджон Абдураҳмонов. — Миллий банкнинг Фарғона шаҳар бўлимидан 15 йил муддатга 2,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит олдик. Гуруҳлардан тортиб, болалар таш¬қи ўйин майдончалари, ошхона, мусиқа ва спорт залларигача замонавий жиҳозланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ушбу муассасада болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Шунда муассасада мактабгача таълим тизимида татбиқ этилаётган интеграциялашган электрон мониторинг тизими тақдимоти ўтказилди. Бу тизимда мамлакатдаги ҳар бир боланинг туғилишидан то вояга етгунча бўлган ҳолати, соғлиғи, ривожланиши, ўзлаштириши ҳақида маълумотлар жамланади. Шунингдек, тарбиячилар, боғчалар, уларга эҳтиёж тўғрисида ҳам барча ахборот мавжуд бўлади.
Президентимиз ушбу электрон тизимни маълумотлар билан тўлдириш, уни таълимнинг кейинги босқичларида ҳам қўллаш бўйича топшириқлар берди. Айни пайтда муассасада 16 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда. Болалар овқатланиши учун шинам ошхона қурилган. Кундалик машғулотлардан ташқари рус, инглиз тили, шахмат, шашка ва расм тўгараклари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир гуруҳ хонасига ўрнатилган кузатув камералари ва янги интеграциялашган электрон мониторинг тизими имкониятлари натижасида келгусида ота-оналар уйларида ўтириб ҳам мобиль телефонлари орқали интернет тизимига кириб, фарзандларининг машғулотларда қандай иштирок этаётгани, ўзини тутиши ва кун давомидаги жараёнларни кузатиши мумкин.
Зебо НАМОЗОВА