Мактабгача таълим тизими янгича ривожланиш палласида
2017 йил 30 сентябрда мамлакатимизда дунё тажрибасида учрамайдиган янгиликка қўл урилди. Яъни, Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.
Ёш авлод тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини ривожлантириш учун алоҳида вазирлик ташкил этилишининг кўплаб сабаблари бор. Аввало, соҳада кўплаб муаммолар тўпланиб қолган эди. Республикамиз бўйлаб МТМга болалар қамрови тушиб кетган (27,1 фоиз), аҳоли сони мунтазам ўсиб боришига қарамай, қишлоқ ва маҳаллаларда янги боғчалар қурилиши ўрнига борлари ҳам тугатилган, мавжудларининг моддий-техник аҳволи қашшоқлашиб, зўрға фаолият кўрсатиб келар эди. 2016-2017 йилларда мамлакатимиздаги МТМлар аҳволи ўрганилганда, биргина Андижон вилоятидаги 87 та маҳаллада бирорта ҳам болалар боғчаси йўқлиги, 84 та боғча филиали эса ёпилиш даражасига келиб қолгани, мавжуд 451 та МТМдан 200 тасида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус омбор йўқлиги, музлаткич, шкаф ва стол-стуллар етишмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, 123 та боғчага ичимлик суви ташиб келтирилаётган бўлса, 71 тасининг атрофи ўралмаган. 134 та боғчада эса мусиқа хонаси жиҳозланмаган, 420 тасида кичик кутубхона ташкил этилмагани маълум бўлди. Тизимда фаолият юритаётган тарбиячиларнинг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи ўрта махсус маълумотли экани эса алоҳида бир масала.
Агар бу муаммоларни ҳар бир вилоят миқёсида санаб ўтадиган бўлсак, мамлакатимиз, хусусан, янги ташкил этилган вазирлик олдида жуда катта вазифалар тургани маълум бўлади. Фан ва техника такомиллашиб, болага таълим беришнинг интерфаол методлари оммалашган даврда шунчаки шарт-шароитни яхшилаш билан натижага эришилмаслиги кундай равшан. Шу боис, соҳанинг инқирозга юз тутишига сабаб бўлган омиллардан бири — таълим мазмуни ва кадрлар сифатини ҳам янгича замонавий лойиҳалар асосида ривожлантириш зарур эди. Бу мақсадларга эришиш учун алоҳида вазирлик ташкил этилгани айни муддао бўлди.
Қамров 6,7фоизга ошди
2016—2018 йилларда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш давлатимиз раҳбари эътиборидаги муҳим масалалардан бирига айланди. Ҳудудлардаги камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, мактабгача таълим муассасаларини яхшилаш мақсадида маблағ ажратишга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, 2018 йил учун тасдиқланган Инвестиция дастурига мувофиқ, 60 та боғча янгидан қурилмоқда, 295 таси реконструкция қилиняпти, 176 таси мукаммал таъмирланмоқда. Бу мақсадлар учун бюджетдан 771 миллиард сўм ажратилган.
Тизимдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида зарур қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017—2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва 2018 йил февралдаги “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор ва Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Президентимизнинг 2018 йилнинг 8 августдаги қарорига биноан, чекка туманларда МТМга ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январга қадар икки бараварга пасайтирилди.
Тарбиячиларнинг олий маълумот олиши учун қулай имконият яратиш, тизимда тадбиркорлик қилишни истаганлар учун имтиёзлар бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йилнинг август ойи ҳолатига МТМга болалар қамрови 2016 йилдаги 27,1 фоиздан 33,8 фоизга, нодавлат МТМлар сони 262 тадан 541 тага, давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этиш бўйича тадбиркорлар билан тузилган битимлар 744 тага етди.
Нодавлат МТМлар
Шу пайтгача мамлакатимизда МТМларнинг икки хил шакли мавжуд эди: давлат боғчаси ва хусусий боғчалар. Одатда, давлат боғчасида моддий-техника базасининг мустаҳкам эмаслиги, малакали кадрлар етишмаслиги, озиқ-овқат билан таъминлаш борасидаги ишларнинг намунали ташкил этилмагани оқибатида аҳолининг айрим тоифаси уларга ишончсизлик билан қарарди. “Боғчада болам касал бўлиб қолади”, “Давлат боғчасида тарбиячилар болага яхши қарамайди”, “Овқатларининг сифатидан кўнглим тўлмайди”, каби эътирозлар учрарди. Афсуски, бундай ота-оналар ҳақ эди. Шу боис, улар фарзандини хусусий МТМларга берарди. Аммо бундай МТМларда нархнинг баландлиги ҳамма оилаларга ҳам тўғри келмагани учун аксарият оналар боласини уйда тарбияларди. Оқибатда айрим болалар мактабгача таълим-тарбия кўникмаларини эгалламаган ҳолда мактабга чиқаётган эди. Табиийки, бу бошланғич таълим сифатига, болаларнинг кейинги тақдирига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис мамлакатимизда дастлаб фақат болани мактабга тайёрлаш билан шуғулланувчи қисқа муддатли гуруҳлар, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар, оилавий нодавлат МТМлар ташкил этила бошлади. Мактабгача таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан 2018 йилда жами 222 минг нафар болага мўлжалланган 3 мингдан зиёд нодавлат болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 таси янги қуриладиган бинода, 1 минг 360 таси мавжуд биноларда ва 470 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилиши режалаштирилган.
Давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларнинг хусусий боғчалардан фарқи шундаки, уларга давлат ноль қийматдаги бўш бино ва иншоотларни, шунингдек, бир фоизли имтиёзли кредит ажратмоқда. Бунинг эвазига мазкур боғчаларга 15 фоизгача кам таъминланган ёки ёрдамга муҳтож оила фарзандлари имтиёзли нархларда қабул қилинади. Қолаверса, улар 2023 йилга қадар истеъмол қилинган газ ва электр энергияси учун 50 фоиз ҳақ тўлайди. Фаолият кўрсатишни бошлаган пайтдан бошлаб 10 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.
— Шу пайтгача вилоятимизда нодавлат МТМлар йўқ эди, — дейди Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси шўъба мудири Сожида Ҳайдарова. — Йил бошидан буён улар сони 45 тага етди. Хусусий ва оилавий нодавлат МТМлар, шунингдек, Нишон, Чироқчи, Касби, Қамаши, Деҳқонобод, Миришкор, Яккабоғ ва Ғузор туманларида ота-оналарнинг бадал тўлови камайтирилгани муносабати билан қамровимиз ҳам ошмоқда. Давлат боғчаларида олдин бир бола учун 60000 сўм тўлаган оила айни пайтда ўттиз минг сўм тўлаяпти. Икки нафар фарзанди боғчага борадиган оилалар ҳар бир боласи учун йигирма тўрт минг сўмдан бадал пули тўлайди. Бу болажон халқимизни қувонтирди. Илгари доимий иш жойига эга бўлмаган айрим ота-оналар фарзандини МТМга беришга моддий жиҳатдан қодир эмасди. Бундан ташқари, ойлик маоши ошгач, соҳа ходимлари ва тарбиячиларнинг ўз ишига муносабати ўзгарди, масъуллик ҳисси ошди. Келгусида хусусий МТМлар сони кўпайиши ва тўлиқ қувват билан ишламаётган қишлоқ МТМларида янги гуруҳлар очилиши муносабати билан қамров янада ортади.
Айни пайтда «Обод қиш¬лоқ» дастури доирасида 264 та, «Обод маҳалла» дастури доирасида 105 та мактабгача таълим муассасаси тўлиқ таъмирланмоқда. Жорий йилнинг ўзида 736 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши кўзда тутилган.
— Мавжуд муаммоларни қисқа муддатда ҳал этиш қийин. Шу боис, камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2021 йилгача мўлжалланган махсус дас¬тур қабул қилинди. Бунда, биринчи навбатда, таъмирлаш-қуриш ишларини энг чекка ҳудуддаги аҳволи оғир MTMлардан бошлаш режалаштирилган, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги бош¬қарма бошлиғи Абдуғулом Ҳакимов.
Оролбўйи болалари — эътибор марказида
Ота-оналар мактабгача таълим тизимидаги янгиланишлар натижасини ҳис қилмоқда. Масалан, сал аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилояти, 2018 йил 8 августдан Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятининг чекка туманларида МТМларга тўлов миқдори 2023 йил 1 январга қадар икки бараварга пасайтирилди. Энди туман маркази ҳисобланмаган жойлардаги боғчаларда бир нафар бола учун тўлов 105 минг (туман марказида 115 минг) сўм (10,5 соатлик) этиб белгиланди. Бу тўловнинг ярми — 52 500 (туман марказида 57 500) сўм бўлади.
Оролбўйидаги иқлим шароити ҳудудда болалар соғлиғини ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу боис, яқинда бу борада хайрли ишга қўл урилди. Президентимизнинг “Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Шу асосда Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган МТМнинг синов лойиҳасини амалга оширишга розилик берилди.
Янги МТМнинг асосий мақсади жисмоний ёки ақлий ривожланишда нуқсони бор болаларга мактабгача таълимни олишда мақсадли ёрдам кўрсатиш, уларни реабилитация қилиш ва когнитив имкониятларига мувофиқ соғломлаштиришдир. 120 ўринга мўлжалланган ихтисослаштирилган муассаса Нукус шаҳридаги “Нур” МФЙ ҳудудида қурилиши кўзда тутилган.
Боғчага қабул — бепул
Мактабгача таълим вазирлиги татбиқ этган янгиликлардан бири МТМларга қабул барча туман ва шаҳарларда давлат хизматлари маркази ор¬қали амалга оширилаётганидир. Бу ота-оналарни ортиқча оворагарчилик, ҳужжатбозликдан озод қилибгина қолмай, микро¬участка бўйича болаларни боғчага қабул қилиш тартибини таъминлаб, қабул жараёнидаги коррупция ҳолатларининг ҳам олдини олмоқда.
— 2018 йилнинг апрель ойидан буён МТМга Давлат хизматлари маркази орқали йўлланмалар берилмоқда. Пойтахтимизнинг Миробод тумани давлат хизматлари марказига ўтган 5 ой мобайнида ота-оналар томонидан 2027 нафар болани боғчага жойлаштириш бўйича мурожаат келиб тушди. Шу пайтгача мурожаатчиларнинг 1112 нафари йўлланма олган бўлса, қолганлари навбатда турибди, — дейди Миробод тумани давлат хизматлари маркази директори Диёр Обидов. — Боғчаларда бўш ўрин бўлса, аҳоли мурожаат қилган куннинг ўзидаёқ йўлланма олади. Бунинг учун марказимизга фуқаролик паспорти, СТИР нусхаси ва боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини олиб келишнинг ўзи кифоя.
— 2017 йилда Миробод туман халқ таълими бўлимига бориб, 2015 йилда туғилган фарзандим Жавоҳир Илёсовни боғчага жойлаштириш учун навбатга қўйгандим, — дейди уч фарзанднинг онаси Нафосат Илёсова. — Орадан қарийб бир ярим йил ўтгач, ўғлим уч ярим ёш бўлганида ишга чиқаётганлигим сабабли уни боғчага беришга қарор қилдик. Бизга йўлланма бериш тартиби ўзгариб кетганини айтишди. Шунда давлат хизматлари марказига келиб, 2017 йилда фарзандимни МТМга жойлаштириш учун навбатга қўйганимни айтдим. Ўша куннинг ўзидаёқ марказ ходимлари туман мактабгача таълим бўлими билан боғланиб, менга йўлланма беришди. 4-5 йил муқаддам катта фарзандларимни боғчага жойлаштиришда кўп овора бўлгандим. Янги вазирлик ташкил этилиб, мушкулимиз енгиллашди.
Зебо НАМОЗОВА