Муаллим десалар мени қанийди...
Бешинчи ёки олтинчи синфда ўқийман. Она тили дарсида ўқитувчимиз “Устозни нимага қиёслайсиз? Шу мавзуда иншо ёзинг”, деб вазифа берди. Бироз ўйланиб ўтирдим-да, ўзимча устозни “Шафтолига тиралган тиргович”га қиёсладим. “Тиргович мева то пишиб етилгунча шохни синиб увол бўлишдан сақлайди” дея таърифладим. Ширин шафтолини еган инсонлар дуода, боғбонга раҳмат айтади. Ундан ҳамма миннатдор. “Шафтолини ҳамма мақтаб-мақтаб ейдию, унинг шу даражага етишига сабабчи бўлган “тиргович” ҳеч кимнинг эсига келмайди” дея матнни давом эттирдим. Ўхшатишим ўқитувчига ёқди шекилли, юқори баҳо олдим.
Йиллар ўтиб, ўқитувчилик касбини танладим. Ўқувчиларга технология фанидан дарс бераман. Ишдан қайтишда танишимникига кирдим. У оддийгина уй бекаси. Гап орасида менга деди:
— Сенга жуда ҳавас қиламан-да, ўқитувчисан. Билиминг бор, ҳамма ҳурмат қилади. Касбларнинг улуғи ҳам шу.
— Сиз ҳам мендан кам эмассиз, опа, гулдек оилангиз бор, ҳалол топиб, ҳалол ейсиз. Бировдан кам бўлсангиз, бировдан зиёдсиз.
— Тўғри, борига шукр, ризқимизни Худо етказиб турибди. Лекин зиёли инсонларга ҳавас қиламан! Ўқитувчи бўлишни жуда хоҳлаганман!
Оддийгина аёлнинг фикрлари, дунёқараши шу қадар кенгки, ўқитувчилик, устозлик мақомига берган таърифидан яна бир бор юксакликка кўтарилдим. Ана шундай самимий баҳодан сўнг ўз устимда ишламаслигим мумкин эмас. Педагогликка ҳар томонлама муносиб бўлишимиз зарур.
Доцент Исмоилжон Каримов билан устозим Қосимжон Солиевнинг матбуотда нашр қилинган мақолаларини тўплам ҳолига келтириш мақсадида кўздан кечириб ўтирган эдик. Домланинг бир неча йиллар олдин “Ма’rifat” газетасида чоп этилган “Отамнинг фалсафаси” мақоласига кўзи тушдию: “Ие, мен бу мақолани илгариям ўқиганман. Ишонсангиз анча вақт таъсирланиб, муаллиф билан учрашмоқчи бўлиб юрганман. Турмуш ташвишлари билан бўлиб хаёлимдан кўтарилиб кетибди!” деди-да, бошқаларини ҳам диққат билан кўздан кечира бошлади. Бир-биридан баҳсталаб, долзарб мақолалар.
Кўп ўтмай “Мен қўшиқни кўрдим” номли чоғроққина тўплам чоп этилди. Ҳар бир мақолада ҳаёт нафаси уфуриб турибди. Бу ҳикоя ва ҳажвияларни шу кунгача қанчадан-қанча инсонлар мутолаа қилган. Кимлардир бундан ҳаёт дарсини олган бўлса, кимларнингдир қалбида эзгулик уруғи унган. Аслида, шу эмасми, “устоз” деган номга, ҳурмат-эҳтиромга муносиб бўлиш? Шу онда мен ҳеч иккиланмай устоз зотини “йўлчи юлдуз”га қиёсладим. Бу юлдузнинг шуъласи барчамизни комиллик сари етаклайди:
Шоирга дедилар: сиз бахтли инсон,
Халқингиз ардоқлар, ҳамма танийди.
Шоир жавоб берди: менда бир армон,
Муаллим десалар мени қанийди.
Барнохон ЖЎРАЕВА, Бешариқ туманидаги 33-мактаб ўқитувчиси