Мактабгача таълим ривожланса репетиторга эҳтиёж қолмайди
Сўнги йилларда МТМлар сони камайиб бораётгани ота-оналар ва бошланғич синф ўқитувчиларини ҳам ташвишга солиб қўйган эди. Биз мактабнинг 1-синфига қабул қиладиган болаларнинг аксарияти боғчага бормаган ва бу ўқиш бошланган илк кунларданоқ яққол сезилиб туради. Айрим қишлоқларга МТМнинг узоқлиги, ота-онада тўлов учун маблағ етишмаслиги боланинг боғчага қамраб олинмаслигига сабаб бўлади. Натижада болада боғчага борган тенгдошларига қараганда, ақлий ва мантиқий тафаккурининг ўсиши, атрофдагилар билан мулоқотга киришишда ортда қолиш кузатилади. Мактабга қабул қилишдан олдинги бир ойлик тайёрлов машғулотлари 4 йиллик МТМ бериши керак бўлган таълим-тарбияни ўргатишга озлик қилади.
Тошкент шаҳридаги давлат МТМларида тўлов 160 минг сўм, қишлоқ боғчасида эса 70 минг сўм. Албатта, тўлов миқдори аҳолининг яшаш шароити, имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланган. Аммо тарбиячилар бир хил ҳақ олишини инобатга олиб, тарбияланувчиларга бирдек сифатли сабоқ берсалар, нур устига нур бўлар эди. Чекка ҳудудларда ота-оналардан арзонлаштирилган нархда тўловни ундираётган боғча тарбиячиларининг “шароит ҳам, сабоқ ҳам шу пулга яраша бўлиши керак-да” деган фикри ўзгармагунича, тарбияланувчиларнинг мактабга тайёргарлик даражаси ошишига ишониш қийин.
Тасаввур қилинг, МТМга умуман бормаган ёки борса ҳам юзаки тайёргарлик билан мактабга чиққан ўқувчи мослашишга қийналса, ўқитувчи ҳам ўзлаштириши бир-биридан фарқ қилган 30 га яқин ўқувчи билан индивидуал шуғулланишга вақт, иштиёқ, имконият тополмаса, демакки, таълимнинг энг қуйи поғонасида йўл қўйилган камчилик йиллар давомида урчиб бораверади.
Баъзан ўқитувчи давоматни яхшилаш учун уйма-уй юриб, ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб боради. Дарсга келмаётган ўқувчининг келажаги учун мактабдаги таълим муҳим эканини такрор ва такрор уқтиради. Аммо бу уринишлар узоғи билан бир ой натижасини беради. Нега шундай? Ота-оналарда негадир фарзанди пул тўлаб ўқитиладиган таълим муассасаларига ўқишга борсагина масъулият ҳисси уйғонади. Репетиторга бориш ота-она учун шундай эътиборга молик жараён. Умумтаълим мактабидаги ўқиш жараёни уларнинг хаёлида шунчаки мажбурийдек таассурот уйғотади. Ваҳоланки, умумтаълим мактабида бепул таҳсил олаётган ҳар бир бола учун аслида катта маблағ ажратилади. Ўқувчининг репетиторга бориб, мактабдаги дарсларга келмаслиги бу маблағнинг ҳавога совурилгани демакдир.
Мақолада умумтаълим мактабларида ўқувчиларни лаёқатига қараб ихтисослаштириб боришга имконият етарли эмаслиги ҳақида жуда тўғри изоҳлар келтирилган. Ўқувчининг бирор-бир фан бўйича чуқур билим эгаллашига эришиш учун, албатта, у билан дарсдан сўнг алоҳида шуғулланиш керак. Лекин икки сменада дарслар олиб борилса, дарсдан кейинги машғулотлар учун хона етишмаслиги турган гап. Шу боис, мактабларни бир сменалик қилиб ташкил этишга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ўқитувчи ҳам дарс ўтиб чарчаб қолмайди, ўқувчи билан алоҳида ишлаш учун вақти ва шароити етарли бўлади. Қолаверса, ҳар бир дарсга тайёргарлик кўришга ҳам имкон топади.
Мастура ЁДГОРОВА, Косонсой туманидаги 24-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси