Жиззахдаги МТМлар замон талабига жавоб бера оладими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017—2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Жиззах вилоятидаги мактабгача таълим муассасалари замон талаби даражасида таъмирланмоқда. Жиззах шаҳридаги 6-МТМ кўп йиллардан буён таъмирталаб эди. Пахса девордан кўтарилган бинолар эскириб, ҳар йили лойсувоқлар кўчиб тушарди. Боғча ҳовлиси ҳам ўнқир-чўнқир, болаларнинг эркин ўйнаши, машғулотлар ўтказиши қийин эди. 2017 йилда манзилли дастур асосида 90 ўринга мўлжалланган икки қаватли замонавий бино қад ростлади. Айни кунда 4 та асосий гуруҳда 90 нафар, қисқа муддатли гуруҳда 40 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Янги бинога иссиқ ва совуқ сув келтирилди, коммуникация тармоғи янгиланди.
Жиззах шаҳридаги 37-МТМ биносининг ҳам бир қисми бошқа ташкилот тасарруфига ўтказиб юборилган эди. Юқоридаги ҳужжат асосида муаммо бартараф этилди. 4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 310 нафар ўғил-қиз 10 та асосий, 2 та қисқа муддатли гуруҳда ўйин ва машғулот ўтказишмоқда. Инглиз, рус тили, рақс, жисмоний тарбия, мусиқа каби 8 та тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Тарбиячилар иш фаолияти “Илк қадам” дастурига асосланган.
— МТМларга эътиборнинг пастлиги натижасида вилоятда 1991—2017 йиллар давомида 127 та МТМ бошқа ташкилотларга мақсадсиз бериб юборилган, — дейди Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси давлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими мудири Гулчеҳра Орифжонова. — Бугунги кунда мавжуд 194 та МТМнинг 182 таси давлат, 12 таси нодавлат, 2 таси ташкилотларга қарашли. 182 та давлат МТМларининг 141 таси замонавий, 41 таси мослаштирилган бинода жойлашган. Бинолар ҳолатига кўра, 40 таси қониқарли, 78 таси таъмирталаб, 5 таси фойдаланишга яроқсиз. 20 та МТМга ичимлик суви ташиб келтирилади, 5 таси эса қудуқ сувидан фойдаланади. 47 та МТМнинг атрофи ўралмаган. Бу каби камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Сўнгги икки йилда 11 та нодавлат, 8 та давлат МТМ қурилди.
Таҳлилларга кўра, вилоятда 3—7 ёшли болалар 132868 нафарни ташкил этади. Уларнинг 32123 нафари (24,2 фоиз) боғчага қамраб олинган. Болаларнинг МТМга қамрови таҳлил қилинганда, Бахмал (10,7 фоиз), Зомин (12,8 фоиз), Фориш (13,8 фоиз), Ғаллаорол (14,1 фоиз) туманларида нисбатан паст кўрсаткич . Муаммони бартараф этиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилик асосида нодавлат МТМлар барпо этиш бўйича режа ишлаб чиқилди.
Шароф Рашидов туманидаги Тоқчилик МФЙда ёш тадбиркор Азамат Саматов томонидан “Эъзоза — МХ” нодавлат таълим муассасаси бунёд этилди. Муассасада 50 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Қурилиш учун давлатдан 80 миллион сўмлик имтиёзли кредит олинди. Қолган қисми тадбиркорнинг шахсий маблағи ҳисобига бажарилди. Нодавлат МТМда болажонларнинг замон талаблари даражасида тарбияланиши учун барча шароит яратилди. Ўйин майдончалари барпо этилди. Кичкинтойларнинг ётоқ ва машғулот ўтказиш хоналари юмшоқ ва қаттиқ мебеллар билан таъминланди.
“Обод қишлоқ” дастури асосида Шароф Рашидов тумани “Куёвбоши” маҳалласидаги 7-МТМда таъмир ишлари давом этмоқда. Самарқандқудуқ МФЙда жойлашган 15-МТМ да 2 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
— 2018 йилда вилоятимизда 3 та янги МТМ қурилади, 12 та МТМ реконструция қилинади, — дейди Гулчеҳра Орифжонова. — Шу даврда нодавлат, давлат-хусусий шерикчилик асосида 135 та таълим муассасаси барпо этилади. Натижада болалар қамрови 38,4 фоизга eтади.
Маҳаллий ҳокимликлар томонидан вилоятдаги МТМларни таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Масалан, Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги боғчаларга 200 миллион, Дўстлик тумани ҳокимлиги 220 миллион сўм маблағ ажратди. МТМлар 134 та компьютер жамланмаси билан таъминланди. 85 та муассаса телефон ва интернет тармоғига уланди. МТМлар кутубхонаси 50 номдаги 3550 та болалар адабиёти, 5599 та методик адабиёт билан бойитилди. Ўғил-қизлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Энг яхши китобхон”, “Мен севган қаҳрамон”, “Мен севган эртак китоб” каби танловлар ўтказилмоқда.
Абдусаттор СОДИҚОВ