«Ҳисоботларнинг камайгани пулимизни тежамоқда»
«Моддий манфаатдорлик инсонни доим фаолликка, янаям юқорига интилишга ундайди. Умримиз давомида бир эҳтиёжимизни қондирсак, иккинчиси, кейин учинчиси келиб чиқаверади. Шундай экан, ҳар бир соҳа вакили бажараётган ишидан моддий қониқиш ҳосил қилиб, олаётган маоши эҳтиёжларини қопласа, у ўзидан, атрофдагилардан, қолаверса, жамиятдан миннатдор бўлиб яшайди». Бу фикрлар Самарқанд шаҳридаги 6-мактабнинг математика фани ўқитувчиси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Феруза Ғаффоровага тегишли.
Меҳнати орқали элда қадр топиб келаётган ўқитувчилар таълим жараёнидаги ислоҳотлардан мамнун. Энг муҳими, ойлик маоши кўтарилгани ўқитувчиларга янгича шижоат, ғайрат бахш этди.
— Давлатимиз раҳбарининг халқ таълими соҳасини ислоҳ қилишга қаратаётган эътибори, ўқитувчиларнинг обрўсини оширишни кўзлаган қарор ва фармонлари биз, педагогларни чин маънода хурсанд қилди, — дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Ф.Ғаффорова. — Президентимизнинг "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, 2018 йил 1 сентябрдан ойлигимиз оширилди. Ўқитувчилар касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишлардан озод этилди. Кўп ўқитувчилар қўшимча даромад топиш илинжида турли юмушлар қилишини гапирарди. Қайси бири репетиторлик, бошқаси деҳқончилик, савдо билан шуғулланган. Топган пули кундалик эҳтиёжини қопламагач, дарсдан сўнг мана шундай ишлар қилишга тўғри келган. Лекин жисмоний ва руҳий зўриқиш инсон иш фаолиятининг сусайишига олиб келиши табиий.
Ҳақиқатан ҳам, дарсдан кейинги иш, уйда бола-чақа, рўзғор — буларнинг барчаси ўқитувчига оғир. Асосий ишида етарли ойлик маош олиб, бошқа ишларга чалғимасдан фақат шу иш билан машғул бўлган ўқитувчининг ўз устида ишлашга, ўқувчилар билан қўшимча машғулотлар олиб боришга бемалол вақти бўлади.
— Бизни яна хурсанд қилган нарса эркакларнинг мактабларга қайтаётганидир, — сўзида давом этди суҳбатдошимиз. — Мактабимизда олдин саноқли эркак ўқитувчи ишлаган. Ҳозир уларнинг сони икки баробар кўпайди.
35 йиллик тажрибага эга бўлган Феруза Ғаффорова нафақада бўлса-да, мактабдаги фаолияти тўхтагани йўқ. Олдин бунга чеклов қўйилганди. Президентимиз фармонида пенсия ёшидаги ўқитувчилар иш фаолиятини давом эттирган тақдирда ҳам 2019 йил 1 январдан нафақасини тўлиқ олиши белгилаб қўйилди. Бу юқори малакали педагогларнинг тажрибаси таълим муассасаларига нақадар зарур ва шарт эканини кўрсатади.
— Икки фарзандимни ўқитиб, олий маълумотли қилдим, — дейди Феруза Ғаффорова. — Оддий ўқитувчи бўлсам-да, ҳаммасига секин-аста эришяпман. Шу пайтга қадар шахсий автоуловимиз йўқ. Ойликдан ойликка қарз олиб яшаган пайтларимиз ҳам бўлди. Бир пайтлар қизим мактабда ўқиб юрганда ўқитувчиси сен яхши ўқийсан, аълочисан, онангга айт, фахрий ёрлиқ сотиб олиб берсин, ёзиб берамиз, деган. Бу ҳам ўқитувчининг қўли калталигидан эди. Ота-оналарнинг олдида макулатурага, металлолом ва бошқаларга пул йиққанда елка қисиб турардик. Йиғилишларда уларнинг "Яна пулми?!" дейишидан зада бўлгандик. Дарсни бошлашдан олдин ким пул бермагани, нега кечиктираётгани ҳақидаги гаплар ҳам вақтимизни оларди. Мана энди буларнинг барига чек қўйилмоқда. Йилнинг бошидан бери фақат дарслик ижарасига пул йиғдик, холос. Бу ҳам ўқувчиларимиз, уларнинг ота-оналари олдида юзимизни ёруғ қилмоқда. Қоғозбозликнинг камайгани ҳам бизга моддий жиҳатдан яхши бўлди.
Нигинабону ШУКУРОВА,
«Ma’rifat» мухбири