Бола боғчага келмаса...
Савол: Мактабгача таълим муассасалари мутасаддилари боғчага келмаган болалар учун таом тайёрланмаслигини айтишади. Демак, шу куни машғулотларда қатнашмаган бола учун озиқ-овқат таъминоти борасида ортиқча чиқимга йўл қўйилмайди. Аммо бу ота-оналар бадал тўловида ҳисобга олинмайди. Шу тўғрими?
Ҳ.ХОЛМУРОДОВА Мирзо Улуғбек тумани
Жавоб: Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 2821, 23.08.2016 й.) қуйидагича белгиланган:
Боланинг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли, шунингдек, ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган даври учун тўланган тўловлар кейинги тўловларни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда боланинг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар боланинг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади. Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига келмаслигига ота-оналардан бирининг сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ёзган аризаси (билдиришномаси) асос бўлиб ҳисобланади. Бунда боланинг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади.
Боланинг уйда қолган бошқа барча ҳолларида мактабгача таълим муассасасида таъминот учун тўловлар умумий асосларда тўланади.
Саволларга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари жавоб берди.