Ғиждувонда 140 ўринли хусусий боғча иш бошлади
Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябр¬даги "Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан тадбиркорларга имтиёзли равишда нодавлат мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш имконияти яратилгани бугун кўркам ва замонавий боғчалар сони ортишига хизмат қилмоқда.
Ғиждувон туманидаги "Ҳалим бобо" фермер хўжалиги раҳбари Акмал Ҳалимов ана шундай савобли ишга бош қўшиб, Ғиждувон шаҳрининг "Гулистон" МФЙдаги ташландиқ ерда ўз маблағи ҳисобидан 140 ўринли хусусий боғча қуриб, фойдаланишга топширди.
“Доно чемпион” номи билан тезда ғиждувонликлар тилига тушган муассасада болаларнинг соғлом ва баркамол улғайиши учун барча шароит яратилган. Боғчада тарбияланаётган 65 нафар ўғил-қизга малакали педагог ва тарбиячилар қатъий белгиланган режа-дастур асосида машғулот олиб бормоқда. Ҳар ўн беш кунда ўтказиладиган "Очиқ эшиклар куни"да ота-оналар фарзандининг ўзлаштириш даражаси билан таништириб борилади.
— Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш жараёнига тадбиркорларнинг ҳам жалб этилиши айни муддао, — дейди МТМ таъсисчиси Акмал Ҳалимов. — Тўрт ярим миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига барпо этилган ушбу муассаса бугун болажонларнинг шўх кулгисию қийқириғи билан тўлиб-тошган. Кичкинтойларнинг бахтиёр табассуми қалбимда янги мақсадларни уйғотади. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Таълим масканида инглиз ва рус тили машғулотларидан ташқари, болаларнинг хоҳиш-истаги ва қизиқишларига кўра, каратэ, рақс, гимнастика, шахмат, шашка тўгараклари ташкил этилган. Мультфильм қаҳрамонлари иштирокидаги қизиқарли ўйинлар, турли мусобақалар, кичик саёҳатлар болажонлар вақтининг мазмунли ўтишини таъминлайди. Кичкинтойларнинг соғлом улғайишида тўғри овқатланиш рационига амал қилиш муҳим ўрин тутгани боис, "Доно чемпион" ошхонасида малакали ошпазлар бола танасининг зарур калорияларга тўйинишига алоҳида эътибор қаратади.
— Маҳалламизда замонавий таълим-тарбия маскани иш бошлагани ниҳоятда қувончли воқеа, — дейди "Гулистон" МФЙ раиси Савриддин Отамуродов. — Бу ердаги шарт-шароитлар ҳавас қилса арзигулик. Фарзандлари ана шундай замонавий, обод ва кўркам боғчада таълим олаётгани ота-оналарнинг мактабгача таълим муассасаларига ишончини оширмоқда.
Келгусида боғчада болалар ўйин майдончасини кенгайтириш ва тайёрлов гуруҳларини очиш, спорт тўгараклари турларини кўпайтириш режалаштирилган. Айни пайтда туманда 24141 нафар боғча ёшидаги бола бўлиб, уларнинг атиги 7161 нафари МТМга жалб қилинган. Бундан тумандаги кичкинтойлар учун яна 100 та боғча зарур эканини англаш қийин эмас. Айни кез давлат тасарруфидаги 64 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда.
"Доно чемпион" тумандаги илк нодавлат мактабгача таълим муассасаси саналади. Бу каби хусусий боғча очиш истагини билдирган талабгорлар сони тобора ошмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Дилдора ИБРОҲИМОВА