Давлат-хусусий шериклик асосидаги МТМлар экспертлар муҳокамасида
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимни кенгайтириш учун имконият яратишга инновацион ёндашув» мавзусида конференция ташкил этилди.
Унда Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, шунингдек, турли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, мутахассислар, амалиётчилар, халқаро экс¬пертлар иштирок этди.
Конференцияда иштирокчилар мамлакатимизда мактабгача таълимни ривожлантиришда хусусий секторнинг ўрни ва роли, уни янада ривожлантириш учун зарур бўладиган ташкилий механизм ва халқаро тажрибаларга тўхталишди. Мутахассисларнинг эътироф этишича, мактабгача таълим тизимида давлат-хусусий шериклик асосидаги МТМларни кўпайтириш, мактабгача таълим тизимида хусусий секторнинг улушини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун бино ва иншоотларни тадбиркорларга имтиёзли ажратиш билан бирга, 15 йилга 1 фоизли имтиёзли кредитлар ҳам бериш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган МТМларга электр энергияси тўловларининг 50 фоизи тўлаб берилади. Ўз ўрнида мактабгача таълим муассасалари боғчадаги болалар умумий сонининг 25 фоизи миқдорида кам таъминланган оила болаларини ҳам мактабга тайёрлайди.
Айни пайтда юртимизда МТМга қамраб олинган болаларнинг 1,7 фоизигина хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Келгусида мазкур кўрсаткични 30 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
ЮНИСЕФнинг таълим бўйича мутахассиси Дипа Шанкар давлат-хусусий шериклик асосидаги МТМлар фаолиятини кенгайтиришда хорижий давлатлар тажрибасига алоҳида тўхталиб ўтган бўлса, Жанубий Кореянинг Пучон университети профессори Ли Донг Вук мактабгача таълим сифатини таъминлашда Корея Республикаси тажрибаси билан ўртоқлашди.
Конференцияда хусусий сектор вакиллари, давлат-хусусий шериклик асосида МТМ ташкил этиш истагидаги тадбиркорлар ҳам иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Конференцияда Ўзбекис¬тон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.Акмалов иштирок этди.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ma’rifat” мухбири