Мнемотехника — фикрлашга ўргатадиган усул
Мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни ҳар томонлама ривожлантиришга эътибор қаратилади.
Учтепа туманидаги 186-МТМда “Мактабгача таълим муассасаларида кун давомида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда фойдаланилаётган ўйин ва ўйинчоқларнинг болалар маънавий-ахлоқий сифатларини шакллантиришдаги аҳамияти” мавзусида амалий семинар ўтказилди. Тошкент шаҳридаги МТМлар мутахассислари айни масала юзасидан баҳс-мунозарага киришди.
Иштирокчилар муассаса ҳовлисида ташкил этилган ҳудуддаги намунали МТМ мутахассислари яратган ва иш фаолиятида қўллаётган дидактик ва интерфаол ўйинчоқлар кўргазмасини томоша қилди. Сўнг боғчада ташкил этилган кичик кутубхона фаолияти билан танишишди. Болажонлар, педагог ва ота-оналар учун жамланган адабиётлардан самарали фойдаланиш механизмидан кўпчилик андоза олишга қарор қилди.
Семинарнинг амалий қисмида “Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг нутқини ўстиришда мнемотехника усулидан фойдаланиш”, инглиз тили тўгараги мисолида “МТМларда тўгарак фаолиятини ташкил этишда ўйинлардан фойдаланиш” ҳамда “Мусиқа машғулотларида дидактик ўйинлардан фойдаланиш” мавзуларида интерфаол машғулотлар кузатилди. Айни тажрибаларни таҳлил этиш жараёнида мутахассислар қатор янгиликларни ўрганганини таъкидлади.
— Барча мутахассислар Екатерина Семешконинг мнемотехника усулидан фойдаланиб ўтган машғулотини катта қизиқиш билан кузатди, — дейди 186-МТМ мудираси Мадина Исҳоқова. — Тарбияланувчиларнинг қобилияти, хотираси ва диққатини ривожлантирувчи ушбу методни машғулотларда қўллаш болани мактабга тайёрлашда асқотади.
Анжуман иштирокчиларига фаолиятида қўллаш учун интерфаол машғулотлар жамланмаси тақдим этилди.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири