Ғолиблар талаба бўлади!
Мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган энг ташаббускор, маҳоратли, фидойи тарбиячиларни аниқлаш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш, таълим жараёнига татбиқ этиш мақсадида ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танлови бу йил ноанъанавий равишда ўтказилди.
— Танлов низомига бир қатор янгиликлар киритилди. Эндиликда танловда фақатгина ўрта махсус маълумотли мутахассислар иштирок этиши белгиланди. Эътиборлиси, 1-, 2- ва 3-ўринни қўлга киритган ғолиблар Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июнда тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом”нинг 18-бандига мувофиқ, Халқ таълими вазирлигининг тақдимномасига асосан олий ўқув юртларига тест синовларисиз ва касбий(ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида қабул қилинади, — деди Халқ таълими вазирлиги мактабгача таълим бўлими бошлиғи Сабоҳат Миржалилова. — Бу эса ўз нав¬батида тизимда фаолият юритаётган 40 минг нафардан зиёд ўрта махсус маълумотли тарбиячиларни ўзаро рақобатга чорлаш баробарида, уларни ўз устида ишлашга, касбий маҳоратини оширишга, самарали педтехнологияларни жараёнга олиб киришга ундайди. Энг муҳими танлов нуфузини бир неча баробарга оширди.
14 та ҳудуд ғолиблари Мактабгача таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика марказида маҳорат ва топқирликда ўзаро беллашди. Биринчи шартда 50 тадан тест саволларига жавоб бериб, билимларининг баҳосини ўша заҳотиёқ мониторда кўриш имконига эга бўлишди. 40 дан юқори балл тўплаган иштирокчилар кейинги бос¬қич — касбига доир 5 та саволдан иборат топшириққа ёзма жавоб бериш шартига ўтди. Афсуски, ушбу икки шарт натижаларига кўра, атиги етти нафар иштирокчи белгиланган бални тўплади холос.
Улар танловнинг иккинчи куни Олмазор туманидаги 423-МТМда қуръа ташлаш йўли билан танланган мавзуларда очиқ машғулотлар ўтишди.
— Педагогнинг касбий салоҳияти машғулот ўтиш жараёнида кўринади, — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Гулбаҳор Парпиева. — Тарбиячилар маҳоратини машғулотларнинг “Болажон” таянч дастурига мослиги, босқичларнинг тўғри танлангани, фойдаланилган тарқатма ва мультимедиали материаллар, болаларни интерфаол усул ва ўйинлар орқали ривожлантириш, ўз ўрнида рағбатлантириш, индивидуал ёндашиш, вақтнинг тўғри тақсимланиши каби мезонлар асосида баҳолаб бордик.
Ана шундай талабларга жавоб берадиган машғулотларни олиб борганлардан бири Ёзёвон туманидаги 12-МТМ тарбиячиси Муҳайё Қаҳҳорова шундай деди:
— Жисмоний тарбия машғулотида болаларни фаоллаштиришга интилганим. Тажрибамдан биламанки, болани севмаган, унга бор меҳрини бермаган тарбиячи мақсадига эришолмайди.
Ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар яқинлашди. Машғулотлар якунига кўра ғолиблар эълон қилинди. Унга кўра, Кармана туманидаги 6-МТМ тарбиячиси Нодира Очилова 1-, Тахтакўпир туманидаги 3-МТМ тарбиячиси Генжегул Торемуратова 2-, Қарши шаҳридаги 1-МТМ тарбиячиси Мафтуна Бобоева 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, 14 нафар иштирокчи ҳам турли номинациялар бўйича тақдирланди.
— 15 йиллик иш тажрибамда мактабгача таълимнинг бола ривожланишидаги аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигини англаб етдим, — дейди Кармана туманидаги 6-МТМ тарбиячиси Нодира Очилова. — Юртимизда таълим тизимига, жумладан, мактабгача таълимга қаратилаётган эътибор биз соҳа ходимларини руҳлантириб, янада яхши ишлашга ундамоқда. Келажакда олий маълумотли мутахассис бўлиб, билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Тизимнинг методик, ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллашишига ўз ҳиссамни қўшишга ваъда бераман.
Танлов тақдим этган олий таълим муассасасида талаба бўлиш бахти ғолиб иштирокчиларнинг меҳнатига муносиб рағбат бўлди. Эндиликда улар ҳамкасбларига ўрнак бўлиб, мактабгача таълим ривожига ҳисса қўшадиган илғор мутахассислар қаторидан жой олиши шуб¬ҳасиз.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири