Янги боғча болаларга бағрини очди
Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тантанасини Яшнобод туманининг “Маърифат” ва “Ширинобод” маҳаллаларида яшовчи аҳоли қўшалоқ байрам сифатида нишонлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 6 май куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида Яшнобод туманида жойлашган 32-оилавий поликлиника ўрнида мактабгача таълим муассасасини қуриш кўзда тутилган эди.
Янги қурилган замонавий МТМнинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, туман ХТБ ходимлари, “Маърифат” ва “Ширинобод” маҳаллалари фаоллари иштирок этди.
— Авваллари бу маҳаллаларда МТМ бўлмагани учун ота-оналар фарзандларини узоқда жойлашган боғчага беришга мажбур эди, — дейди Яшнобод тумани халқ таълими бўлими мудири Жамолиддин Камолов. — Бу йўл машаққатини келтириб чиқарар эди. Бугун маҳалла аҳлининг кўнглидаги истак амалга ошди. “МARVEL MACHINER SYSTEVS” МЧЖ томонидан 180 ўринга мўлжалланган 15-МТМ замонавий кўринишда барпо этилди. Муассасага малакали педагоглар ҳамда “Маърифат” ва “Ширинобод” маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳолининг 3—7 ёшгача бўлган 180 нафар фарзанди қабул қилинди.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири