Замонавий мактабгача таълим
Мамлакатимизда ёш авлодни соғлом, билимли ва зукко қилиб тарбиялаш мақсадида мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга катта эътибор қаратиляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.
Айни кунда янги вазирлик мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болалар қамровини кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли ишларни амалга оширишга киришди.
— Президентимизнинг соҳамизга оид фармон ва қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишларни бошлаб юбордик, — дейди Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси бошлиғи Насиба Мавлонова. — Жумладан, мактабгача таълим муассасалари раҳбарларининг билим даражасини аниқлаш, келгусида мавжуд бўшлиқларни тўлдириш ҳамда мактабгача таълим муассасалари ходимларининг ўз устида ишлаши, шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олиш, саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом овқатланиши, сифатли таълим-тарбия олишини таъминлаш масалалари танқидий-таҳлилий ўрганилди. Жумладан, муассасаларнинг малакали кадрлар билан таъминланганлик даражаси, тарбиячиларнинг сифат таркиби, куз-қиш мавсумига ҳозирлик ишлари натижаси ва қишки озиқ-овқат захираси жамлангани, МТМлардаги шарт-шароитлар таҳлил этилиб, келгуси режалар белгиланмоқда.
Барча туман мактабгача таълим бўлимлари ва МТМ мудирларининг таклифлари ўрганилди. Шулар асосида болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратиш, мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режа ва дас¬турларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби комплекс чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Фаолиятни такомиллаштиришга доир янгиликларни ўрганиб бориш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.
— Мавжуд ҳолатни чуқур ўрганганимизда олдимиздаги энг долзарб вазифалар ойдинлашди, — дейди Насиба Мавлонова. — Ҳозир ҳар бир ҳудуд бўйича 7 ёшгача бўлган болаларни хатловдан ўтказиб, уларни ёшига қараб гуруҳларга ажратиш, 5-6 ёшли болаларни МТМдаги қисқа муддатли гуруҳларга жалб этиш, тарбиячиларнинг билим салоҳиятини таҳлил қилиш ва ўрта махсус маълумотли тарбиячиларни олий ўқув юртлари қошидаги сиртқи бўлимларда ўқишга жалб этиш, тарбиячилар малакасини ошириш учун турли ўқув-семинарларни ташкил этишга аҳамият беряпмиз.
Айтиш жоизки, мактабгача таълим муассасаларида малакали тиббий хизматни ташкил этиш, санитария меъёрлари ва гигиена қоидаларига тўла жавоб берадиган соғлом овқатланиш тартибини йўлга қўйиш тизимдаги энг асосий вазифалардан биридир. Шу боис Самарқанд вилоятида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг саломатлиги тиббиёт ходимлари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ҳозир Самарқанд шаҳридаги 35-мактабгача таълим муассасасида 205 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Кичкинтойлар иммунитетини ошириш мақсадида таомлар витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан тайёрланмоқда. Хусусан, куз мавсумида МТМ раҳбарияти фермер хўжаликлари билан сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан шартномалар имзолади.
— «Жасур сабзавотчи», «Баҳром Х-агросервис», «Мурод полвон» фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага кўра, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилдик, — дейди таълим муассасаси ҳисобчиси Назира Шамсиева. — Айни пайтда 2838 кг картошка, 912 кг сабзи, 800 кг пиёз ҳамда 279 кг гуруч каби озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси шакллантирилди. Эҳтиёжга кўра қолган маҳсулотларни ҳам харид қиляпмиз.
Болажонларнинг саломатлигини МТМ шифокори Муқаддас Абдураупова назоратга олган.
— Бола бир кунлик овқатланиш рациони бўйича 110 грамм нон, 160 грамм сут, 40 грамм шакар, 13 грамм сариёғ, 100 грамм гўшт, 200 грамм картошка, 70 грамм сабзи, 140 грамм қатиқ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши керак, — дейди Муқаддас Абдураупова. — Бу маҳсулотлар таркибида кичкинтойлар саломатлигини мустаҳкамловчи, организмининг тўғри ривожланиши, ақлий салоҳияти ва иммунитети ошишига ёрдам берувчи витаминлар мужассам.
Президентимизнинг юқорида тилга олинган фармон ва қарори ижросини таъминлаш мамлакатимизда замонавий, халқаро стандартларга мос мактабгача таълим тизимини шакллантиришга, натижада, интеллектуал ривожланган авлодни вояга етказиш бўйича мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
«Ma’rifat» мухбирлари