Янги бинодаги носозликлар туфайли бир нечта МТМ фаолият бошлай олмаяпти
Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги 462 та мактабгача таълим муассасасида 51 мингдан зиёд ўғил-қиз таълим-тарбия оляпти. Болаларга давр талаби даражасида шарт-шароит яратиш, таълим-тарбия ишлари сифатини янада яхшилаш ва мазмунини бойитиш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Инвестиция дастурига биноан мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари изчил олиб борилаётгани туфайли энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий кўринишдаги, шинам ва қулай муассасалар сони ортиб бормоқда.
2015—2017 йилларда Уйчи туманидаги 14 та мактабгача таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, Ғайрат қишлоғида жойлашган 8-МТМ аввал хароб ҳолатда эди. Бир қаватли, кўримсиз, энг оддий қулайликлар ҳам бўлмаган боғча биносини ғайратликлар яхши эслайди.
— Боғча ёзда иссиқ, қишда совуқ эди, — дейди ҳудудда яшовчи Мавлуда Мадумарова. — Икки набирам шу муассасада тарбияланади. Очиғи, эски бино таълим-тарбия масканидан кўра хўжалик омборини эслатарди. Фарзандларимизни ноиложликдан шу ерга бергандик. Тор хоналарда 20—25 бола ўтирарди...
Мавлуда ая каби бувижонларнинг янги боғча биноси ҳақидаги орзуси 2017 йили ушалди. Инвестиция дастурига биноан 8-МТМнинг эски биноси ўрнида замонавий, барча шарт-шароитга эга кўркам ва шинам кошона бунёд этилди.
— 120 ўринли янги бинони қабул қилиб олгач, таълим-тарбияни янгича талаблар асосида ташкил этишга интиляпмиз, — дейди МТМ мудираси Шоира Эгамбердиева. — Иккита қисқа муддатли гуруҳ ташкил этдик. Муассасамизда 16 нафар педагог меҳнат қиляпти. Давлат талабларида кўзда тутилган машғулотларни ўтиш, кичкинтойлар учун турли тўгараклар ташкил этиш имкони яратилган.
МТМдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун 1,5 миллиард сўм сарфланди. Бош пудратчи “Стандарт” МЧЖ жамоаси бинони ўз муддатида сифатли тиклаш учун астойдил интилди. 2017 йилнинг 13 декабрида фойдаланишга топширилган муассаса ҳозир тўла қувват билан фаолият кўрсатмоқда.
Тумандаги 36-МТМ ҳам ўтган йили Инвестиция дастурига биноан мукаммал таъмирланди. Бунинг учун 592 миллион 762 минг сўм сарфланди. Бунёдкорлик ишлари белгиланган муддатда якунланди. Бироқ 2017 йилнинг декабрида фойдаланишга топширилган ва жорий йил январдан фаолият юритиши лозим бўлган муассаса негадир бир ярим ойдан буён иш бошламаган. Бунинг сабабини билиш мақсадида муассаса мудираси Зарифа Темировага мурожаат этдик.
— 90 нафар бола қабул қилишимиз керак эди. Айни кунда уларнинг йўлланмаси тайёрланмоқда, — дейди мудира. — Ҳозирча 70 та ариза олинди. Шу ишлар ниҳоясига етиши билан боғчамиз фаолият бошлайди.
Норин туманидаги 5-МТМда ҳам худди шундай ҳолатга дуч келдик. 2017 йилда давлат бюджетидан ажратилган 656 миллион 632 минг сўм эвазига капитал таъмирланган муассаса барча зарур жиҳозлар ва воситалар билан таъминланган. Бироқ...
— Иситиш тизими бинони иссиқлик билан таъминлайдиган даражада қувватга эга эмаслиги билиниб қолди, — дейди мудира Мухтасар Аҳмедова. — 140 ўринли бино учун атиги битта кичик иситиш қозони ўрнатилган. Қурувчилар уни ёқиб синовдан ўтказишганда кутилган натижани бермади. Шу сабаб МТМ биноси фойдаланишга қабул қилинмаган.
Айни шундай муаммо туфайли Янгиқўрғон туманидаги 18-МТМ ҳам фаолиятини бошлай олмаяпти. Вилоятнинг энг олис тоғли қишлоғи Поромонда жойлашган мазкур мактабгача таълим муассасаси учун ҳам ўтган йили 70 ўринга мўлжаллаб икки қаватли бино бунёд этилган эди. Аммо иситиш тизими талабга жавоб бермагани боис фаолият бошламаган.
— Муассасада қурилиш ишларини бажарган “Косонсой само юлдузлари” ХК мутахассислари носозликни бартараф этиш учун уриниб кўришди, аммо ўзгариш бўлмади, — дейди МТМ етакчиси Лутфия Нарзуллаева. — Бажарилган ишлар сифати ҳам талаб даражасида эмас. Ана шу камчиликлар туфайли январь ойи¬дан фаолият бошлаши белгиланган муассасага болаларни қабул қила олмаяпмиз.
Дарҳақиқат, янги тикланган бинонинг айрим хоналарида пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилган. Совуқ ва нам туфайли биринчи қаватдаги ёғоч материаллар, иккинчи қаватдаги айрим хоналарнинг ламинат поли шиша бошлаган. МТМ ошхонаси учун берилган электрқозон ва бошқа жиҳозлар ўрнатилмаган.
Шу тумандаги 26-МТМ ҳам ўтган йили якунланиши белгиланган ичимлик суви ва санузел тизимини ўрнатиш ва созлаш ишлари ниҳояланмагани боис фаолият кўрсатмаяпти. Қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш мажбуриятини олган Чортоқ “Баркамолқурилиштаъмирсервис” МЧЖ иш юритувчиси Қодирали Отвалиев масала юзасидан ҳеч бир изоҳ бера олмади.
Бу муассасаларнинг тезроқ ишга тушиб, болажонларни ўз бағрига олишини ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ота-оналар кутмоқда. Уларнинг хоҳиш-истакларини тезроқ рўёбга чиқаришга тегишли мутасаддилар беэътибор қарамайди, деган умиддамиз.
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбири