Ота-оналар билан мулоқот самараси
Наманган шаҳридаги 82-мактаб вилоятдаги энг намунали таълим муассасаларидан биридир. Мактаб ўқувчилари билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида доимо фаол. Бу йил 8-синф ўқувчиси Муаззам Маҳмудова билимлар беллашувининг вилоят босқичида ғолиб бўлган бўлса, 9-синф ўқувчиси Отабек Дадамирзаев фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллади. Бунга қандай эришилди экан, дерсиз?
Муваффақиятларнинг сири жуда оддий. Мактаб директори Маъсуда Мирзамова ота-она, буви-боболар таълим даргоҳига фарзанди, невараси тақдири билан боғлиқ қандайдир муаммо билан кириб келса, бефарқ қарамайди. Ўтган ўқув йили сўнгида ташкил этилган йиғилишда ҳам ота-оналар томонидан кўплаб ўринли таклиф ва тавсиялар билдирилди. Учрашувда ўқувчилар таълим-тарбияси, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, кийиниш маданияти масалаларида фикр-мулоҳаза алмашилди.
— Ҳар ўқув мавсуми якуни ва янги ўқув йили бошланиши олдидан ота-оналар билан учрашиб, фарзандларимиз келажаги, таълим-тарбияси бўйича фикрлашамиз, — дейди мактаб директори. — Ота-оналар кенгаши раиси Собиржон Нурматов ҳамда Носиржон Юсупов, Маматвали Нўъмонов, Азиза Исроилова сингари нуронийлар, “Қуйи ўирвон”, “Боғ” каби маҳалла фуқаролар йиғини фаолларининг фикрлари чора-тадбирларни белгилашда қўл келмоқда. Олий таълим тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган Носиржон Юсуповнинг таклифи билан мактабда она тили ва адабиёт, тарих, инглиз тили фанлари чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синфларни ташкил этгандик. Бу саъй-ҳаракатимиз ижобий натижа бериб, ўқувчиларимиз мазкур фанлар бўйича турли беллашув ва танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида кўзга ташланаётган ижобий ҳодисалардан бири кишиларда янгича тафаккур тарзининг пайдо бўлганидир. Айни даврда ота-оналар 82-мактаб билан ҳамкорликка ошиқмоқда. Бунинг асосий омили давлат томонидан қўйилаётган муҳим талаб — ҳар бир фуқаронинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмаслик, аксинча, уни ўрганиб, имкон қадар ҳал этишга кўмаклашиш педагогик жамоанинг фаолият тамойилига айланганидир. Кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари таълим масканида чуқур ўрганилмоқда. Ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, юртга нафи тегадиган инсон бўлиб вояга етиши йўлида “Маҳалла–оила–таълим муассасаси” ҳамкорлиги катта роль ўйнайди. Ота-оналар йиғилишларида долзарб аҳамиятга эга кўплаб муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинмоқда.
1600 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган муассаса педагоглари ота-оналар фаоллигидан мамнун. Бундай йиғилишлар синф раҳбарларининг давомати ва ўзлаштириши паст, хулқи ёмон ўқувчиларнинг ота-оналари билан юзма-юз гаплашиб, улар кўмагида муаммоли вазиятларга ечим топишида қўл келмоқда.
— Биз аксарият масалаларни ўз қаричимиз билан ўлчашга уринамиз, лекин ота-оналар фикрини тинглаб кўрсак, баъзи ўринларда муаммоларга ёндашувни ўзгартиришимиз лозимлиги ойдинлашади, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Собир Абдуллаев. — Мулоқот хонасига келиб тушган 180 дан зиёд турли мурожаатлар билан танишсак, ҳали таълим-тарбия масаласида оқсайдиган жиҳатларимиз борлиги сезилади. Гарчанд ҳозир таътил даври бўлса-да, янги ўқув йилига тайёргарлик кўришда ўша таклиф-мулоҳазаларни инобатга олишимиз керак. Биласизми, ота-оналар, маҳалла фаоллари фарзанд тарбиясида учраётган муаммоларга бефарқ эмас. Бола тақдирига масъуллик, бу Ватан тараққиёти учун қайғуриш, деганидир. Ахир, кўплашиб нотўғри йўлга оғиб кетиш арафасида турган ўсмирни йўлга солсак, келажакда у касб-ҳунар танлаб, жамиятдан ўз ўрнини топса, Ўзбекистонни ривожлантириш учун ўз улушини қўшса, бунинг савоби ҳаммамизга тегади. Жамоамизда ишлаётган ҳар бир педагогга худди шу туйғуни сингдирганмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўз болангни ўзинг асра” деган даъвати нафақат ота-оналарга, балки биз, педагогларга ҳам қаратилди.
Ҳа, агар кишилар онги ва дунёқараши ўзгармаса, жамият ўзгармайди, тараққиёт ҳақида эса гапириш қийин. Наманган шаҳридаги 82-мактабда юзага келган муҳит — педагоглар билан ота-оналарнинг тез-тез учрашиб туриши, кўзга ташланаётган катта-кичик муаммоларнинг бамаслаҳат, бақамти ҳал этилиши замирида фарзанд тақдирига дахл¬дорлик, юртнинг эртаси учун қайғуриш мақсади мужассам. Мактаб жамоаси мамлакатимиз мус¬тақиллигининг 26 йиллик санасини ана шундай ҳамжиҳатлик руҳида, янги режалар билан кутиб олмоқда.
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбири