Ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат тадбири
Халқимизда аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган кўплаб эзгу қадриятлар мавжуд. Ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат ғояларини ўзида мужассамлаштирган ҳашар ана шундай анъаналардан биридир. Наврўз айёми арафасида юртимиздаги барча ташкилот, корхона ва муассаса жамоалари иштирокида ўтказиладиган умумхалқ ҳашарида чор-атроф кўркамлашиб, гўзал қиёфага киради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойишига асосан, Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими муассасаларида 2017 йил март-апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда 11–12 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Шу кунлари тизимдаги мавжуд умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ҳашар уюшқоқлик билан, байрамона руҳда ўтказилади. Таълим даргоҳларида бажарилаётган тозалаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига барча ўқитувчию ўқувчилар жалб қилинади. Дарахт¬лар оқланади, ариқ, кўча ва спорт майдончалари тозаланади, чиқиндилар белгиланган жойга ташланиб, ён-атроф тартибга келтирилади. Шунингдек, мактаб маъмурияти маҳаллалардаги ногиронлар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашадилар.
Чилонзор туманидаги 281-умумтаълим мактаби жамоаси ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида ўқувчилар мактаб агроучасткасига сосна, олма ва олча кўчатларини экишмоқчи.
— Ҳар йили умумхалқ ҳашарида жамоамиз фаол қатнашади, — дейди мактаб директори Муборак Иноятхўжаева. — Бугун мактабимизнинг 44 нафар ўқитувчиси, 22 нафар техник ходим ҳамда 796 нафар ўқувчи уч гектарга яқин муассаса ҳудудини ободонлаштиришга бел боғлаган. Кўкаламзорлаштириш учун ҳар бир синфга алоҳида ҳудудлар ажратилган. “Энг обод синф”, “Энг меҳнаткаш синф”, “Энг ораста синф” каби синфлараро ўтказиладиган беллашувлар ўғил-қизларнинг умумхалқ ҳашарида янада фаоллик кўрсатишига замин яратмоқда. Бундан ташқари, “Шарқ” маҳалласида истиқомат қилувчи кексалар ҳолидан хабар олиб, уй-жойини тартибга келтириш ниятидамиз.
Яккасарой туманидаги 48-мактаб жамоаси ҳам дарахтларга шакл бериш, янги кўчатлар ўтқазиш, гулзор ташкил этиш учун эрта тонгдан иш қуроллари билан таълим масканига отланишмоқда.
Ҳашар кунлари мактаб атрофини ободонлаштириш, синф жиҳозлари ва ўқув қуролларини артиб, тартибга келтириш кўзда тутилган. Ҳашарда 4–9-синф ўқувчиларига педагоглар бош-қош бўлишади. Ўқувчилар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси бошчилигида фахрий ўқитувчилар ҳамда Бобур ва “Дамариқ” маҳаллаларидаги нуронийларга уй-жойини саранжом-саришталашга кўмаклашиш ниятида.
Норин туманидаги 42-мактабда ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари аллақачон бошлаб юборилди. Хонадонлар, кўчалар, хиёбонлар тартибга келтирилиб, ариқ ва зовурлар тозаланмоқда. Муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонлар ободонлаштирилади.
— Дастлаб муассаса ҳудудидаги 50 туп манзарали, 110 туп мевали дарахтга шакл берилиб, оқланади. Муассаса атрофидаги ариқлар тозаланиб, сув йўллари равонлаштирилади, — дейди мактаб директори Муҳаммаджон Отахонов. — 250 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатини келтирдик. Мактабимиз ҳовлиси ана шу кўчатлар билан янада кўркамлашса, ажаб эмас. Ўқувчиларимиз “Учтепа” маҳалласида яшовчи тўрт нафар ёлғиз қария хонадонига бориб, уй ишларига қарашиб, дуосини олишмоқчи.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири