“Ҳунарни асрабон неткумдир охир...”
Бектемир туманидаги 292-мактабнинг тасвирий санъат фани ўқитувчиси Раҳимжон Мамаюнусов шогирдларига бор билимини беминнат ўргатиб келаётган устозлардан. У мактабда “Тасвирий санъат” тўгарагини ташкил қилиб, расм чизишга қизиқадиган кўплаб ўқувчиларни атрофига жамлаган.
Болалар турли ёшда, иқтидори ҳам бир-биридан фарқли. Уларни ёшига қараб, борлиқни англаш ва кузатиш даражасига кўра турли гуруҳларга бўлиб олиш керак. Машғулот жадвали ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтига қараб тузиб чиқилди. Шу тариқа, мактабда ёш рассомлар давраси пайдо бўлди. Гарчанд Раҳимжон ака ёши улуғ бўлса-да, болалар орасида худди болага айланиб қолади. Устоз улар чизган расмларнинг табиийлигидан завқланади. Бири табиат манзарасини, иккинчиси ўз оила аъзоларини, учинчиси ўйин майдончаси, яна кимдир устоз қиёфасини чизади, уларда профессионаллик етишмаса-да сохталик, ясамалик йўқ. Тўгарак хонасига кирган киши ўқувчилар ижод намунасидан ҳайратга тушади. Кейинчалик ёш рассомларнинг турли танловларда қатнашиб, ғолиб бўлган ижодий ишлари ҳам кўпая бошлади. Машҳур рассомлар ижод намуналарининг хонага осиб қўйилиши тўгарак аъзоларининг тасвирий санъатга бўлган ҳавас ва иштиёқини оширмоқда.
— Тўғрисини айтсам, 50 нафар аъзо орасида тўгарак машғулотларига шунчаки келиб кетаётганлари ҳам йўқ эмас. Мен бундан ташвишланмайман. Майли, ўша бола келажакда рассом бўлмас, аммо тасвирий санъатнинг ўзи билмаган жиҳатларини ўрганиб олса, қачондир шу нарса унга асқотиши мумкин. Мактабимиз жойлашган ҳудудда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. “Тасвирий санъат” тўгараги аъзолари орасида ҳам турли миллат вакиллари бўлиб, машғулот жараёнида улар бир-бири билан дўстлашади, мулоқотга киришади. Энг муҳими, бола бўш эмас, у нима биландир банд, — дея мамнун сўзлайди педагог.
Бола расм чизганида бирор услубга таяниши лозим. Бўёқни ўз ўрнида ва меъёри билан ишлатиш малакаси бўлса, озгина материални ҳам кўпга етказади. Устоз бу ҳақда ўз шогирдларига ҳар бир машғулотда уқтиради. Бола тасаввурини кенгайтириш учун тарихий обидаларга, музейларга, табиат қўйнига саёҳат уюштириш кераклигини Раҳимжон ака яхши англайди. Шу боис, тўгарак аъзоларини дам олиш куни Тошкент шаҳридаги музей ва кўргазмаларга олиб боради. Халқ амалий санъати музейи, Ўзбекистон Бадиий академиясининг кўргазмалар зали ва “Тасвирий санъат” галереясига уюштирилган саёҳат ёш мусаввирларнинг тасаввурини кенгайтирди. Бу улар чизаётган катта-кичик манзараларда сезиляпти. Тўгарак аъзоси Умарали Мўминов жорий йилда ўтказилган “Юксак маънавиятли авлод” фестивалининг “Энг иқтидорли ҳунарманд” номинациясига сазовор бўлиб, шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллади. Худди шу танловда яна бир ёш рассом Фахриддин Бойматов ҳам қатнашиб, шаҳар босқичида тасвирий санъат йўналиши бўйича иккинчи ўринга муносиб деб топилди.
— Машқларимда ҳаётсеварлик мавзусини акс эттиришга интиляпман, — дейди тўгарак аъзоси Мафтуна Эргашева. — Устозим Раҳимжон Мамаюнусов мавзу танлашда, уни акс эттиришда тавсия бериб туради. Яқинда натюрморт жанрига қўл урдим, биринчи уринишим бўлса ҳам, унча-мунча ўхшади.
Барча педагоглар сингари Раҳимжон Мамаюнусов ўта банд, вақт эса “зувиллаб” ўтади. Дарсларини тугатиши билан тўгарак хонасида ўзини ҳаваскор рассомлар кутиб турганини ҳис қилиб, машғулотга ошиқади. Қоракўзлар даврасига кириб борар экан, кўнглидан шу ўй ўтади: “Ишқилиб, болажонларим ҳаётда қоқилмаса, келажакда жамиятдан ўз ўрнини топса, шу мен учун катта мукофот!”.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Ma’rifat”мухбири