Ёш авлод таълим- тарбиясида ҳамкорлик
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан «Баркамол авлодни тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги» мавзусида видеосеминар ўтказилди.
Унда Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Маҳалла” жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда бошқа жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этди.
Халқ таълими вазири У.Иноятов, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Г.Алимова, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари У.Салимов ва бошқалар мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Ёшларнинг билимли, эл-юрт корига ярайдиган инсон бўлиб улғайиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу бўйича тегишли қонунчилик базаси яратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда ҳуқуқий асос бўлмоқда.
— Киши ҳаётида оила муҳим аҳамиятга эга, — дейди “Оила” илмий-амалий маркази директори вазифасини бажарувчи Ҳафиза Мамадалиева. — Инсоннинг бахтли-саодатли умр кечириши, осойишта турмуш тарзи шубҳасиз оиланинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Соғлом муҳит ҳукмрон оилада ҳар жиҳатдан етук фарзанд улғаяди. Марказимиз ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларни ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида турли лойиҳа ва сўровномаларни ўтказиб келмоқда. Жумладан, яқинда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Оилангиз ҳамжиҳатми?” мавзусида сўровнома ўтказдик. Унда республика миқёсида жами 669 708 нафар ўқувчи қатнашди. Сўровномада ўғил-қизлар “Оилада сизни ким яхши тушунади?”, “Оилада фарзанд тарбиясига ким масъул?”, “Муаммонгизни ота-онангизга айтасизми?”, “Ота-оналар йиғилишига ким кўпроқ келади?”, “Ўқишингиз ва маҳалладаги хулқ-атворингиздан ота-онангиз хабардорми?” каби саволларга жавоб бердилар. Умумий хулосалардан маълум бўлдики, сўнгги пайтларда ота-оналарнинг фарзанд тарбиясида таъсири ва масъулияти пасайиб бормоқда. Бу муаммони бартараф этиш учун оила — маҳалла — таълим муассасаси ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Конференцияда «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги жамоат кенгаши аъзолари ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб ўтди. Жумладан, Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ходимлари ҳар бир маҳаллада иқтидорли ўқувчилар учун “Маҳалла фахри” бурчагини ташкил этиш таклифини билдирган бўлса, Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси мутахассислари уч томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда Нурота тумани иш тажрибаси ва намунали лойиҳаларини бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштираётганини таъкидлади.
Тадбирда ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш, таълим муассасалари ва маҳаллалардаги тўгараклар фаолиятини ривожлантириш, интернетклуб ва компьютер ўйинларига муккасидан кетган ёшларни қатъий назоратга олиш, уларни ахборот-ресурс марказларига жалб этиш ҳақида ҳам сўз юритилиб, бу бўйича зарурий таклиф ва тавсиялар берилди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири