Туғруқхонадан бошланган дабдабабозлик
Яқинда фарзандли бўлган дўстим билан бирга чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш учун бордик. Бино олдида қўша-қўша чет эл машиналари, видео ва фотокамералар, улкан “мультфильм қаҳрамонлари”, ҳатто карнай-сурнайчилар ҳозиру нозир. Уларнинг бир гуруҳини дўстим ҳам ёллаган. Буни қарангки, эр-хотин худди янги келин-куёвлардек ясан-тусан қилгани етмагандек, 5 кунлик қизчасига ҳам оппоқ кўйлак кийдиришибди...
Эндигина дунё юзини кўрган гўдак бунга муҳтожмикан? Таниқли сўз устаси Ҳожибой Тожибоев айтганидек: “Гўдакка совға, дабдаба керак эмас. Унга сут керак. Сут берсангиз, ухлайди. Қорни очса, йиғлайди”.
Шуларни кўриб, ўйга толдим: биз бола дунёга келган кундан дабдабабозликни бошлаб юбормаяпмизми? Кимўзарга ўйлаб топилаётган бундай “анъана”лар боғча, мактаб, олий ўқув юртларида, тўй-ҳашамларда, ҳатто, маъракаларда ҳам давом этиб, одамларни қарзга ботираётгани, бутун умр йиққан-терганини бир кундаёқ совуриб, қаддини букиб қўяётгани айни ҳақиқат-ку!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил август ойида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувдаги маърузасида тўй-маросимларни тартибли, ихчам, мазмунли ўтказиш масаласига тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”. Бундан ташқари, жорий йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам Президентимиз бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қатъий талабларини билдирди.
Ортиқча исрофгарчиликни туғруқхонаданоқ бартараф этишимиз лозим. Аммо бундай иллатлар камайиш ўрнига урчиб бораётганига нима дейсиз? Мана, масалан, пойтахтимиз туғруқхоналарида ҳаво билан шишириладиган улкан айиқларни буюртма қилиб олиб келиш, ўйин-кулги, машиналар галаси билан шаҳарни сайр қилиш, яқиндагина кўзи ёриган, ҳали ўзини тиклаб улгурмаган оналарнинг гўзаллик салонларига кириб, ўзига зеб бериши... каби янги одатлар урфга кирмоқда.
— Бу манзаралар тўқликка шўхлик, ўзига жабр етказишдан бошқа нарса эмас, — дейди Мирзо Улуғбек туманидаги “Янги Авайхон” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Манзура Абдуқодирова. — Маҳалламизда 5 минг нафардан ортиқ киши истиқомат қилади. Оила қуриш арафасида турган йигит-қизлар ва ота-оналар билан, таълим муассасаларида турли тадбирларда дабдабабозликка чек қўйиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Агар маҳалла фаоллари ҳудудда ўтказиладиган барча тадбир, тўй-маъракаларни қатъий назоратга олса, бу каби иллатларимиз барҳам топади, албатта.
...Дарвоқе, кеча дўстимни маҳаллада учратиб қолдим — қарз сўради. Қуда томон гап-сўз қилмаслиги учун чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқишда каттагина қарз кўтарган экан. Қарзлари болалаб, эгалари тинчлик бермаётган эмиш. Мана сизга ҳаддан ортиқ чиранишнинг оқибати!
Давронбек ОРИПОВ,
“Ma’rifat” мухбири