Юксак маънавиятли авлод
Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ўтказилган ёшлар фестивали ана шундай номланди. Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалнинг республика босқичи пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтди.
Фестивал иштирокчилари — мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари дастлаб юртимизнинг бош майдонида бўлиб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига уюштирилган саёҳат иштирокчиларда бир олам таассурот қолдирди. Улар саёҳат давомида тарихий обидалар ва замонавий бунёдкорлик иншоотларини томоша қилиб, юртимиз тарихи ва бугунидан хабардорлигини оширдилар. Ёшларда ватанпарварлик, дахлдорлик туйғуларини
шакллантириш мақсадида ўтказилган «Ватан келажаги — сенинг қўлингда» тарғибот лойиҳаси кўпчиликка манзур бўлди.
4294 нафар ҳудудий босқич иштирокчилари орасидан сараланган 326 нафар йигит-қиз «Президент асарлари билимдони», «Мустақиллик тарихи билимдони», «Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер», «Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом», «Ватан куйчиси», «Юксак маънавиятли авлод», «Энг иқтидорли ҳунарманд» ва «Бадиий ижод» номинациялари бўйича ўзаро беллашдилар.
— Ёшлар маънавий оламини, тафаккурини миллий қадрият ва эзгу ғоялар билан бойитсак, ҳар томонлама баркамол авлод вояга етказамиз, — дейди Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамолиддин Камолов. — Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Юксак маънавиятли авлод» фестивалига ана шундай эзгу ғоя сингдирилган. Иштирокчилар фестивал давомида нафақат ўз иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этиш, балки тажрибали мутахассисларнинг маҳорат дарслари ва ижодий учрашувларда қатнашиб, билим-кўникмаларини бойитиш имконига ҳам эга бўлдилар.
— Ёшларнинг ўз истеъдодларини намойиш этиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё, — дейди Нукус юридик коллежининг 1-босқич ўқувчиси Наргиза Аюпова. — 2012 йили «Президент асарларини ўрганамиз» кўрик-танловида 1-ўринни, ўтган йили «Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси» кўрик-танловида 2-ўринни қўлга киритган эдим. Бу йилги фестивалда эса «Президент асарлари билимдони» номинациясида ғолиб бўлдим.
Бухоролик Гулноза Жалолова чизган тасвирий санъат намуналари ҳам ҳакамлар ҳайъати эътирофига сазовор бўлди.
— Тасвирий санъат сир-асрорларини дастлаб Бухоро вилоятидаги ихтисослаштирилган санъат мактабида биринчи устозим Баҳром ўуломовдан, сўнгра Республика дизайн коллежида Шодиёр Тўрахоновдан пухта ўргандим. 2013 йили «Юрт келажаги» республика кўрик-танловида натюрмортларим 1-ўринга лойиқ топилган эди. Мазкур фестивалда «Бибихоним», «Зулфияхоним» ва «Нишолдачилар» мавзусидаги асарларим эътироф этилди, — дейди Гулноза.
Иккинчи кун кўргазмалар залида турли либослар, миллий қадриятларимиз акс этган ҳунармандчилик буюмлари ва бошқа ижод намуналари намойиши ўтказилди. Фестивалнинг ёпилиш маросимида сўзга чиққан Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Қ.Қуронбоев ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Фестивалда фаол иштирок этган ёшларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Фестивалда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.
Ҳасан МЎМИНОВ, tc " Ґасан М¤МИНОВ,
"
«Ma’rifat» мухбири