Бола билан ўчакишманг
Умримнинг 40 йили мактабда ўтди. Она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бердим. Ўқитувчиликнинг сир-асрори, машаққати кўз ўнгимда туради. Бу касбнинг шарафли эканини муаллим зоти яхши билади. Билимдон, пок, ҳалол ҳамкасбларимни кўрсам, улар ҳақида эшитсам, дилим яйрайди. Аммо айримларининг қилиғидан дилинг хуфтон бўлади.
Муаллим 6-синфда ўқийдиган болани бақир-чақир билан ўқитувчилар хонасига бошлаб кирди. Гап-сўзию қизарган кўзидан “отиб” олгани сезилиб турарди.
— Мана бу тирмизакнинг синф раҳбари ким? Тарбияга масъул борми ўзи? Бир қарич бўлиб менга гап қайтара-ди-я! — деди тупуги сачраб муаллим қиёфасидаги кимса.
Сўраб-суриштирсак, спиртли ичимлик ичилмайдиган зиёли оила фарзанди ўқитувчига: “Хонанинг ҳавоси бузилиб кетди, муаллим! Бошимиз оғрияпти, ароқ ичмасдан келсангиз бўлмайдими? Уйга бориб дам олинг, ўзимиз ўқиймиз”, деган экан.
Ажабланарлиси, бу воқеадан сўнг аъло ўқийдиган ўқувчи ўша фандан паст баҳо ола бошлади. Бир куни у менга “ёрилиб” қолди:
— Мендан ўч оляпти. Назорат ишини қизил ручка билан бўяб, сунъий равишда хато ҳосил қилганига чидолмаяпман! Нега ҳеч ким у кишига индамайди? — деди бола йиғи аралаш.
Унинг гаплари тўғри. Ўқитувчидан бунинг сабабини сўрадим:
— Баҳо билимга қўйилади, нега бола билан ўчакишасиз?
— Мен билан ишингиз бўлмасин, икки баҳо қўймаганимга шукр қилсин, — дея қўрслик билан жавоб берди ҳамкасбим.
Ўсмирни юпатиб, бунга эътибор бермаслигини, албатта, олий ўқув юртига кириб, ўзининг нималарга қодир эканини исботлаши шартлигини уқтирдим.
Орадан йиллар ўтди, ўша ўқувчи ҳозир нуфузли идоранинг масъул ходими. Мактаб раҳбариятининг тайинлови билан 7-синфга раҳбар бўлдим. Ҳамма фандан аъло, битта фандан эса паст баҳо олаётган ўқувчи мени ҳайратлантирди. Сабабини ўқитувчидан сўрадим:
— Ҳеч нарсани билмаса, саволларга жавоб бера олмаса, беш қўйишим керакми? — деди у.
Унинг дарсини кузатдим. “Ҳеч нарсани билмайдиган” ўқувчи бошқалар жавоб бера олмаган саволларга ҳам батафсил жавоб қайтарди. Барибир унга “3” баҳо қўйилди.
Ўқувчи норозилик билдирди:
— Нега “3” қўясиз, мен сизга нима ёмонлик қилдим?!
Ўқитувчи “3” ни “2” қилиб ўзгартирди. Маълум бўлишича, боланинг отаси билан ўқитувчи қайсидир тўйда айтишиб қолган экан. Шундан бери отанинг “айби” учун ўқитувчи болани “жазолаб” келади.
Муаллимлардан бири икки нафар ўқувчини ўқитувчилар хонасига етаклаб келди. Иккаласи жанжаллашган экан. Директор ўринбосарларидан бири негадир қўлини белига қўйиб, ғўдайиб турган ўқувчига эмас, ундан калтак еб, юзи шилинган болага танбеҳ бериб, койий кетди. Таажжуб! Бунинг сабаби нимада экан? Ўсмирлар муросага келтирилиб, чиқариб юборилгач, мен унга юзландим. “Бу боланинг отаси мактабимизга кўп ёрдам қилган, катта ишда ишлайди, ҳали кўп фойдаси тегади”, дея жавоб берди директор ўринбосари.
Минг афсуски, отасининг амалига, ўқувчининг кийинишига қараб баҳо қўядиган, улар билан ўчакишадиган ўқитувчилар учраб туради. Мен ўзим гувоҳи бўлган воқеаларни қоғозга туширдим, холос. Ўқитувчи қалб меъморидир. Боланинг нозик қалби меъморнинг “ҳужуми”дан азият чекмасин.
Ўктам НОРҚУЛОВ