Таътилни мазмунли ўтказиш учун барча шароит яратилган
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқ таълими вазирлиги раҳбар ходимлари, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, республика ташкилотлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, туман(шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари, маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси шўъбаси мудирлари, умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этди.
Видеоселекторни Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев олиб бориб, кун тартибидаги масала — таълим муассасаларида баҳорги ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ва жорий йил 18-19 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини уюшқоқлик билан ўтказиш тўғрисида маълумот берди. Ҳашарни юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш, бунда айниқса, таълим муассасалари ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмаклашиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, ўқувчиларнинг баҳорги таътил кунларини мазмунли ташкил этиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида таътил кунлари Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларига саёҳатлар уюштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Режа-жадвалга асосан оилавий саёҳат давомида 4400 нафар ота-она ҳамроҳлигида ўқувчиларнинг вилоятларга бориши учун қулайликлар яратилиши, саёҳатчиларга ётоқжойлар ажратилиши, 18—22 март кунлари барча турдаги қатнов чипталарига 50 фоиз чегирма берилиши тўғрисида маълумот берилди.
Йиғилишда умумтаълим мактаблари ўқувчи қизлари ўртасида “Республика ўқувчи-ёшлар саммити”ни юқори савияда ўтказишда ҳудудий халқ таълими бошқарув органларининг масъулияти алоҳида таъкидланди. Шунингдек, 18—25 март кунлари Инновация ҳафталиги ҳам ташкил этилиб, “Баркамол авлод” болалар марказларида тўгараклар фаол иш олиб бориши таъкидланди. Рақс бўйича “Баҳор ифори” фестивалини ҳам кўнгилдагидек ўтказиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Йиғилишда баҳорги таътил кунлари “Мен севган ижодий қаҳрамон” иншолар танловини юқори савияда ўтказиш, сешанба ва жума кунлари ўқувчиларнинг музейларга саёҳат қилишини таъминлаш бўйича ҳам мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берилди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири