Ўқувчи қизлар инновацион саммити
Азалдан қиз бола тарбиясига муҳим вазифа сифатида қараган халқимиз бугун ҳам ана шу анъанани давом эттирмоқда. Хоҳ оилада, хоҳ таълим даргоҳида бўлсин, ўсмир қизларда эзгу хислатлар шакллантирилади. Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида таълим олаётган 5 миллион 200 мингдан зиёд ўқувчининг тенг ярми қизлардир.
Уларни мустақил ҳаётга муносиб тайёрлаш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан 24—26 март кунлари пойтахтимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, вазирликнинг жорий йил 26 февралдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчи қизлари ўртасида республика ўқувчи-ёшлар саммитини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлашга йўналтирилган инновацион ғоялар саммити ўтказилди. Норасмий уюшма сифатида 2013 йилдан фаолият кўрсатаётган “Баркамол қизлар клуби” (Girls development club) ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир замонавий ўзбек қизида одоб-ахлоқ меъёрларини шакллантириш, касб-ҳунарни тўғри танлаш, ижодкорликни ривожлантириш, ҳаётий мўлжални тўғри олиш кўникмасини пайдо қилиш мақсадида ташкил этилди. Саммитнинг 207 нафар иштирокчиси ахборот технологиялари, медиа ва журналистика, таълимга оид ижтимоий лойиҳалар, бизнес ва иқтисод, инновацион менежмент, санъат ва ижод гуруҳларига бўлинган ҳолда маҳорат дарсига жалб этилди. Долзарб инновацион ғоялар орасида компьютер дастурларини яратиш, ички бозорда медиа маҳсулотларини истеъмолчига етказиш, таълим сифати ва мазмунини яхшилаш, иқтисодиёт ва бизнес соҳаларига ўз янгилигини тақдим этиш каби лойиҳалар бор.
Саммитнинг очилиш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ўсмир қизларни мактаб давридан бошлаб жамиятга тайёрлаш, истеъдодли, ақл-заковатли қизларнинг инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этишига кўмаклашиш, бу масъулиятли вазифада педагог-мураббийларнинг ўрни салмоқли бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Йўналишлар бўйича аудиторияларга тақсимланган қизларга Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган нуфузли олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари тренинг машғулоти ўтказди. Жумладан, талаба Саида Тоирова ахборот технологиялари гуруҳига бириккан 14 нафар қизнинг диққат-эътиборини глобал муаммолар бўйича лойиҳа ишлаб чиқишга қаратди.
— Дастур тузишга қизиқувчи, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган қизлар билан маҳорат дарси қизғин баҳс-мунозара тарзида кечди, — дейди Саида Тоирова. — Биринчи гуруҳ тақдим этган лойиҳа экология мавзусида бўлиб, ушбу акцияда мобиль алоқа воситаси орқали ҳар бир ўсмир иштирок этиши мумкин. Фаол иштирок этганлар муайян имтиёзлардан фойдаланади. Маҳорат дарсларида ҳар иккала гуруҳ аъзоларининг инновацион ғояларини ривожлантириш ва амалга ошириш юзасидан ўз таклифларимни билдирдим.
Саммит инновацион ғояларни ўртага ташлаш, пишитиш ва ривожлантириш, иштирокчиларнинг бир-бири билан танишиши, дўстлашиши ва ўз ғояларини муҳокама қилиши учун шарт-шароит яратди.
Ғоя муаллифларини саралаш босқичларига вилоят халқ таълими бошқармаларининг масъул ходимлари бириктирилди. Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармасининг маънавий-ахлоқий тарбия ва мактабдан ташқари таълим бўлими методисти Шерзодбек Суюнов бу хусусида шундай дейди:
— Сурхон воҳасидаги мавжуд 852 та мактабнинг 700 нафардан зиёд ўқувчиси вилоят босқичига етиб келди. Иқтидорли ўсмир қизларнинг жамият тараққиётига хизмат қилувчи ғоялари орасидан креативлиги билан ажралиб турувчи, амалга ошириш имкони бўлган 15 тасини саралаб олдик. Иш фаолиятимиз, кундалик турмуш тарзимиз билан боғлиқ бу лойиҳалар ҳали бироз маромига етмаган. Аммо ғояни бойитиб, ривожлантиришга кўмаклашсак, келажакда оддий лойиҳадан оламшумул янгилик юзага келиши мумкин. Ўқувчи қизлар инновацион саммити “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш йўлидаги қадамдир.
— Жамиятни ғоялар ривожлантиради ва бошқаради, — дейди Халқ таълими вазирлигининг ўқувчи ва ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Акобир Абдуллаев. — Ёшлар ижод саройида якунланган ўқувчи қизлар инновацион саммитида бу фикр яна бир бор ўз тасдиғини топди. Саралаш босқичида энг яхши лойиҳалар яна бир карра чиғириқдан ўтказилиб, улар орасидан 30 тасини номинациялар бўйича ғолиб сифатида эълон қилдик. Илк бор ўтказилаётган саммитнинг таъсир доираси катта бўлишига ишонамиз. Ҳар бир иштирокчи ўз таълим даргоҳига қайтиб, тенгдошларига таассуротларини сўзлаб беради, уларни ижодкорликка ундайди.
Саммит иштирокчилари Халқ таълими вазирлигининг диплом ва сертификатлари билан тақдирланди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА