«Ўқишни хоҳлайману… пул топишим керак-да»
“Садақа қилинг, акажон, топганингизга барака берсин. Касал бўлманг, илоҳим…”. Ҳар сафар шифохонага борганимда, йўлакда ўтирган қизалоқнинг илтижоси эътиборимни тортади. Бу гал у билан суҳбатлашгим келди. Яшаш жойи қаерда, ота-онаси ким? Мўлтираган кўзларда не-не орзу-умидлар яширин? У тенгдошлари қатори ўйнаб-кулишни истамайдими? Саволларим кўп...
Етти ёки саккиз ёшдаги қизчанинг исми Мадина экан. Унинг дилидагиларни билишга қизиқдим: “Қара, анави опаларга ўхшаб доктор бўлишни хоҳламайсанми?”.
Бироз сукутдан сўнг у: “Хоҳлайману… пул топишим керак-да, — дея ерга қаради. — Тез-тез менга совға бериб турадиган чиройли хола бор, унга ўхшасам дейман!”.
“Нечанчи синфга борасан?”.
Қизалоқ худди айбдордек, эшитилар-эшитилмас деди: “Аям бегоналар билан кўп гаплашма, деган”. У бир талай майда пул тўпланган сумкасини йиғиштирганча нари кетди.
“Хоҳлайману… пул топишим керак-да”. Қизчанинг сўзлари беихтиёр тилимга кўчди...
Гўдак — бир ниҳол. Унинг илдизи бақувват, серҳосил дарахтга айланишида боғбоннинг меҳнати чексиз. Кўча-кўйда ўтган-кетгандан садақа сўраб, арава судраб, қоп орқалаб юрган, кимларнингдир алдовига учиб, ёт йўлларга кириб қолаётган боланинг келажаги нима бўлади?
Орифжон СИДДИҚОВ