“Телеграм”даги гуруҳлар таълим сифатига қай даражада таъсир қиляпти?
Бугун “Телеграм” мессенжери тезкор хабар алмашиш воситаси сифатида ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши, одоб-ахлоқини назорат қилишда ўқитувчи ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Жумладан, маълум сабаблар билан дарс қолдирган ўқувчилар бўшлиқларни тўлдириш, уйга вазифаларини бажаришда “телеграм”дан кенг фойдаланяпти.
— Ижтимоий тармоқлар инсонлар ўртасида яқин мулоқот, ахборот алмашиш ва янгиликлар билан танишиш имконини беради, — дейди Қарши шаҳридаги 23-мактабнинг информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Луиза Бобоева. — Жумладан, “Телеграм” тармоғининг биз, педагоглар учун фойдали томонлари кўп. Синф сардорлари билан доимий мулоқотда бўлиш, ҳамкасбларнинг ўзаро фикр алмашиши, маълумот ва янгиликларни кузатиб бориш, раҳбарият топшириқларини тезкор қабул қилиб олишга жуда қулай. Дарс қолдирган ўқувчи ижтимоий тармоқ ёрдамида уйга вазифаларини устози ёки синфдошларидан сўраб олиб, янгиликлардан бохабар бўлиш имкониятига эга. Афсуски, танганинг иккинчи томони бўлганидек, “Телеграм”дан ҳамма ҳам самарали фойдаланяпти, дея олмаймиз.
Пул бермаган ота-оналар рўйхати
Сир эмас, мактабларда ўқувчилардан пул йиғиш оғриқли муаммолардан ҳисобланади. Кейинги пайтда кенг жамоатчиликнинг эътирозлари инобатга олиниб, таълим муассасаларида бу иллат қисман бартараф этилди. Мактабларда ўқитувчиларнинг очиқ-ойдин пул йиғиш ҳолати камайди. Аммо бу муаммо “Телеграм” тармоғида кенг тар¬ғиб қилинаётгани ачинарли. Мавзу юзасидан ота-оналарнинг фикрини билиш мақсадида ижтимоий тармоқда сўров ўтказдик. Иштирокчиларнинг аксарияти “Телеграм” тармоғи, асосан, пул йиғиш воситасига айланиб қолганини тасдиқлади.
— Мактабларда синф фонди, мактаб фонди, фаррошларга, ҳаттоки байрам тадбирларига келган санъаткорлар учун ҳам пул йиғилади, — дейди ижтимоий сўров иштирокчиси Зиёда Собирова. — Авваллари фақат мажлисларда пул сўралган бўлса, энди бу ишлар “Телеграм” орқали амалга оширилмоқда.
Кўпчилик респондентлар кимдир пул бермаса ёки буни хоҳламаса, “фаол” оналар томонидан “жазоланиши”ни, исм-фамилияси гуруҳда эълон қилинишини айтган. Айрим оилаларнинг икки-уч нафар фарзанди мактабда ўқийди. Табиийки, улар сўралган маблағни беролмайди. Шу каби фақат ойликка кун кечирадиган ота ёки онани “қора рўйхат”га тиркаб, оммага эълон қилиш тўғрими?
“Телеграм” — ғийбат маконими?
“Телеграм” тармоғида очилган гуруҳлардаги ортиқча гап-сўз ва ғийбатлар ота-оналар орасида низоларга ҳам сабаб бўлмоқда.
— Икки фарзандим Қибрай туманидаги 48-мактабда таҳсил олади, — дейди Хурсаной Зокирова. — Ўғлим 8-, қизим 3-синфда ўқийди. “Телеграм”да ота-оналар томонидан гуруҳ очилишига қаршиман. Чунки аксарият гуруҳларда ота-оналар фарзандининг таълим-тарбиясини эмас, балки турли байрамлар муносабати билан пул йиғиш масалаларини муҳокама қилади. Гоҳида ўринсиз гап-сўзлар, ғийбатлар “болалайди”. Менимча, ҳар бир ота-она фарзандининг таълим-тарбиясидан доимо хабардор бўлиб туриши, шахсан ўзи мактабга бориши лозим.
Ота-оналар мажлисида доим иштирок этаман. Мақсад — ўғил-қизимнинг билими ва хулқидан хабардор бўлиш. Биласизми, айнан шу мажлисларда “Телеграм”даги гуруҳ иштирокчилари қатнашмайди. Натижада ота-оналар икки гуруҳга бўлиниб қолади. Яъни, “Телеграм”га аъзолар ва аъзо эмаслар ўртасида кўринмас чизиқ тортилади. Бир мавзуда икки хил қараш бора-бора жиддий низога сабаб бўлади.
Яқинда пойтахтимиздаги 60-мактабда шу каби кўнгилсизлик содир бўлди. Синф раҳбари ва ота-она ўртасида келишмовчилик юзага келди.
— Ўғлим 60-мактабнинг 7-синфида ўқийди, — дейди Нилуфар Имомова. — Барча фанлардан яхши ўқишга ҳаракат қилади. Синф раҳбари ва ота-оналар маслаҳатлашиб, “Телеграм”да гуруҳ очилган эди. Кейинчалик бу гуруҳда синф раҳбари фарзандларимизнинг хулқини ҳам муҳокама қила бошлади. Жумладан, ўғлимнинг шўхликлари барча ота-оналар ўртасида танқид қилинди. Бу, албатта, менга ҳам, фарзандимга ҳам салбий таъсир қилди. Унинг ўқишга иштиёқи сўнди. “Мактабга боргим келмаяпти, ҳамма мени гапираётгандек туюляпти”, деган гаплари биз, катталарни ташвишга солди. Ўйлашимча, ўқувчи шахсига тегишли нозик маълумотлар гуруҳда эмас, балки синф раҳбари ва ота-она ўртасида юзма-юз суҳбатлашиб, ҳал этилиши керак.
Биз масалага холис ёндашиш мақсадида Нилуфар Имомованинг эътирози бўйича Миробод туманидаги 60-мактаб ўқитувчиси Владимир Содиқов билан ҳам суҳбатлашдик.
— Ўттиз йилдан бери таълим соҳасида меҳнат қиламан. Шу йиллар давомида турли феъл-атвор, дунёқарашга эга ўқувчиларни кўрдим. Ҳозирги болалар аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Мен синф раҳбарлик қилаётган 7-синф ўғил-қизлари ҳам ўзига хос характерга эга. Шу боис ҳар бири билан алоҳида ишлашга интиламан. Синфда 33 нафар ўқувчи бўлгани учун баъзида барчасига вақт ажратишнинг имкони бўлмайди. Мазкур масалани ота-оналар эътиборига ҳавола этганимда қўмита раиси янги ғояни ўртага ташлади. Ота-оналар фикрини инобатга олиб, “Телеграм”да гуруҳ очдик. Ушбу гуруҳда синфдаги ўқувчиларнинг таълим жараёнидаги иштироки, хулқига оид маълумотлар бериб борилишига барча рози бўлди. Дарсда интизомсизлик қилган ўқувчимнинг ота-онасига “Телеграм” гуруҳи орқали хабар бердим. Мавзуга бошқа ота-оналар ҳам фикр билдирди. Жараёнда фарзанди хулқи кўпчиликнинг орасида муҳокама қилинишига ўқувчимнинг оила аъзолари қаршилик қилди. Шунда билдимки, ота-оналар билан тузилган оммавий гуруҳларда ўқувчи хулқ-атворининг ошкора муҳокама қилиниши салбий ҳолатларни юзага келтиради. Бу ўқувчининг руҳиятига ҳам ёмон таъсир қилишини англадим. Бу ҳолатни педагог сифатида тушуниб, хулоса чиқардим. Айни дамда, гуруҳда асосан ўқувчиларнинг фанлардан қийналган мавзулари бўйича савол-жавоблар олиб борилмоқда.
“Телеграм”нинг ёшлар маънавиятига зарари
Афсуски, “Телеграм”да ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлар ҳам тез тарқалмоқда. Ҳали оқ-қорани фарқлай олмайдиган ўқувчилар бу маълумотларга ишониб қолмоқда. Натижада, уларнинг фанларни ўзлаштириши кескин пасайиши кузатилмоқда.
— Мактабларда олиб борилган кузатувлар жараёнида айнан “Телеграм” ижтимоий тармоғидан фойдаланувчи ўқувчиларнинг фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилди, — дейди психолог Файзулло Сатторов. — Натижаларга кўра, смартфонида “Телеграм”и бор ўғил-қизнинг ўнтадан биттаси бу мессенжерга қарам бўлиб қолган. Уларнинг фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичи 30—40 фоизга пасайгани аниқланди.
Ҳатто айрим юқори синф ўқувчилари орасида жиноят содир этиш ҳолати кузатилди. Мисол учун, бир мактабда қуйи синф ўқувчилари жисмоний тарбия дарсига чиқиб кетган. Портфелига смартфонини солиб кетган ўқувчилар қайтиб келганида, қимматбаҳо уяли алоқа воситаси йўқолганидан хабар топган. Бу каби муаммоли вазиятлардан сўнг ҳар бир синф раҳбари ўқувчиларнинг мактабга қимматбаҳо уяли алоқа воситалари олиб келиши, дарс вақтида мессенжерлардан фойдаланиши мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.
— Ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларининг аксарияти «odnoklassniki.ru», «facebook.com», «Vkontakte», «moymir», «instagramm», «twitter» каби тармоқларда ўз профилларига эга, — дейди Балиқчи туман халқ таълими бўлими мутахассиси Асадулло Омонов. — Уларнинг аксарияти қўл телефони ва компьютер орқали бу тармоқлардан бемалол фойдаланади. Психологларнинг фикрича, мунтазам равишда интернетга ўз расмини қўйиб, тенгдошлари билан кўп гаплашган ўсмирлар вақт ўтгани сайин тармоқларга боғланиб қолади.
Яхши тажрибалар ҳам бор
— “Телеграм”даги ўқитувчи ва ота-оналар гуруҳи таълим жараёнига ижобий ёки салбий таъсир этиши, аввало, ўқитувчига боғлиқ. Аксарият синф раҳбарлари ота-оналар билан “Телеграм”даги гуруҳ орқали иш олиб боради, — дейди Юнусобод туманидаги 274-мактабнинг олий тоифали ўқитувчиси Маҳмуда Валиева. — Ўзим 8-“А” синф раҳбариман. Биз ҳам “Телеграм”да “Фаол ота-оналар” номли гуруҳ ташкил этганмиз. Гуруҳимизда таълим-тарбияга оид эълонлар бериб, мактабга келмаган ўқувчиларнинг ота-онаси билан мулоқот олиб борамиз. Ўқувчиларнинг хато-камчилигини гуруҳда муҳокама қилмаймиз. Аксинча, ижобий натижаларни қўлга киритган, аълочи ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида “Намунали ўқувчилар” рукнини ташкил этганмиз. Унда аълочиларнинг сурати жойлаштирилади.
Тўғри ечим борми?
Ўқувчиларнинг билим олишига кўмакчи бўлиш учун очилган гуруҳлар, бугун таълим жараёнига акс таъсир қилаётгани долзарб муаммога айланмоқда. Хўш, мазкур муаммога мутахассислар қандай ечим топмоқда?
Юнусобод туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаган ёшлар билан ишлаш комиссияси мутахассиси Акмал Зокировнинг айтишича, “Телеграм” тармоғи орқали пул йиғиш, шунингдек, вояга етмаган ёшларнинг турли ноқонуний оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга жиддий эътибор бериляпти.
— Туманда 39 та мактаб бор, — дейди Акмал Зокиров. — Мазкур таълим муассасаларида ҳафтанинг ҳар пайшанбасида профилактика куни ўтказилади. Тадбирларга ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари таклиф этилиб, ўқувчилар ўртасида учраётган муаммоларга ечим топилади. Ўқувчилар ўртасида тузилган “Телеграм”даги гуруҳларга салбий кўринишдаги видеороликлар юбориш қатъий ман этилган. Боиси, бу каби тасвирларни кўриш оқибатида ўғил болалар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ортмоқда. Яқинда 51-мактабда ўтказилган йиғилишда “Телеграм” тармоғида ўқувчилар, ота-оналар ўртасида тузилган гуруҳлар ва ундан тўғри фойдаланиш ҳақида маълумот берилди.
51-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Фотима Танг¬риеванинг айтишича, оммавий тадбирларда нафақат ўқувчиларга, балки ота-оналарга ҳам интернет ва “телеграм”дан фойдаланиш тартиби ўргатилмоқда. Шунингдек, ота-она — ўқитувчи гуруҳида фақат бола тарбияси, ўзлаштиришига оид зарур масалаларни муҳокама этиш, пул йиғиш ва бошқа таълим жараёнига салбий таъсир этувчи ҳолатларга йўл қўймаслик тушунтирилмоқда.
Гулюз ОРИФЖОНОВА