Мактабдан ташқари таълимда инновация
“Инновация” сўзини кўп ишлатяпмиз. Оммавий ахборот воситаларида, турли ташкилотлар йиллик иш дастурлари ва режаларида бу сўз кенг қўлланилмоқда. Хўш, бу атаманинг маъноси нима, унинг бизга нима нафи бор? Таълим соҳасида инновацион ғояларнинг ўрни қай даражада?
XIX асрда олиб борилган илмий тадқиқотларда илк бор пайдо бўлган “инновация” атамаси лотинча “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш, ўзгариш” (баъзи манбаларда “ноодатий ечим” деб таърифланади), “in” қўшимчаси эса “йўналишида” деган маънони билдиради. Агар ҳар иккиси яхлит таржима қилинса, “ўзгаришлар йўналишида” маъноси келиб чиқади.
Ватанимизда инновацион ривожланиш йўли танланиб, қатор қарор ва фармонлар имзоланди, чора-тадбирлар белгиланмоқда. Таълим-тарбия соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Хўш, мактабдан ташқари таълим тизимида қандай янгиланишлар амалга ошириляпти?
Таълим-тарбия жараёнида интерактив методлар, инновацион технологиялар, ахборот ва мультимедиа технологияларига қизиқиш жуда катта. Бунинг сабаби — шу вақтгача анъанавий таълимда ўқувчи-ёшлар фақат тайёр билимларни эгаллаган бўлса, энди билимни боланинг ўзи қидириб топиши, мустақил ўрганиб, таҳлил қилиши, ҳатто ўзи хулоса чиқариши лозим. Педагог эса боланинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратади, уни йўналтиради. Агар жараён тўғри амаалга оширилса, мустақил фикрлайдиган, билимли ва ижодкор авлод вояга етади.
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт марказида 2018 йил — “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида илмий-тадқиқот ва инновацион ютуқларни тарғиб этиш, ихтирочи болаларнинг талаб ва эҳтиёжига кўра, техник йўналишда янги тўгараклар очиш, тадбирларни янгича усулда ташкил этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, марказ жамоаси Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда “Ижодий ишим — инновацион ғоялар билан” мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказди. Семинарда тўгарак аъзолари, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизимида раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари, туман(шаҳар) “Баркамол авлод” болалар марказлари директор ўринбосарлари техник ижодкорлик йўналишида ўқувчиларнинг инновацион ғоялар асосида яратаётган ижодий ишлари, улар билан индивидуал ишлаш усуллари билан таништирилди.
Ахборот технологиялари ҳамда медиатаълим дастурлари фаолиятга татбиқ этилишини тарғиб қилиш мақсадида 62 нафар семинар иштирокчисига 7 йўналишда тайёрланган, тўгараклар фаолияти, маҳорат машғулотлари, техник моделлар яратилиш жараёни акс эттирилган медиақўлланма тар¬қатилди. Иштирокчилар университет қошидаги 130 мингдан зиёд техник адабиётни ўз ичига олган электрон ахборот-ресурс маркази фаолияти билан танишдилар. Университет қошидаги “Texnopark”да талабалар ижодий ишлари кўргазмаси маҳорат дарсига уланди.
Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Баркамол авлод” болалар марказида ўтказилган ўқув-амалий семинар “Болаларда техник ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш концепцияси” мавзусига бағишланди. Кемамодель йўналишида моторли кема, “МАN” юк автомобили, “Isuzu» автобуси, Ил-76 самолёти моделларини ясаш бўйича маҳорат машғулотлари ўтказилди.
Мамлакатимизда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболларини тарғиб қилиш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 18—31 март кунлари таълим муассасаларида “Инновация ҳафталиги” ташкил этилиши янгилик бўлди. Ҳафталик Тошкент шаҳридаги Учтепа, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва бошқа туманлар умумтаълим мактабларида, маданий истироҳат ва кўнгилочар масканларда тар¬ғибот-ташвиқот жараёни учун имкон яратди. Макет ва моделлар кўргазмасида турли робот ҳамда “БаТ” дрони (учиш мосламаси) ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
“Ёш ижодкор ихтирочи” танлови низомида ҳаракатли моделларни намойиш этиш кўзда тутилган. Аввал учувчи авиамоделлар мусобақасида фақат ў-1-Л ва ў-1-М русумдаги авиамоделлар беллашувга қўйилган бўлса, янги низомда ў-1-Е(М) русумли улоқтириб учириладиган планер моделлари иштирокини таъминламоқчимиз.
Методик таъминот тизимини ҳам янгилаяпмиз. Сайёр учрашув — савол-жавоб, мулоқотларда 2018-2019 ўқув йилидан техник ижодкорлик йўналишидаги тўгаракларни кўпайтириш зарурати борлигини аниқладик. Ота-оналар талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда “Картинг”, “Мобиль алоқа аппаратини таъмирлаш ва сервис хизмати”, “Ментал арифметика” йўналишларида янги тўгараклар ташкил этиш кўзда тутиляпти.
Ишга эскича ёндашув ўзини оқламайди. Мактабдан ташқари таълим тизимининг самарадорлигини оширадиган инновациялар, янгиланишларни ҳаётга татбиқ этишдан сира чўчимай, шахдам қадам ташлашимиз зарур.
Хадича ЗОКИРОВА,
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт маркази директори