Болаларнинг катта шоири
Бу инсонни фақат болалар шоири, эркатойлар учун ёзади дердим. Шундай ўқитишган-да мактабда: “Анвар Обиджон! Болалар шоири! Сизлар учун шеърлар ёзади!”. Биз учун ёзса ёзгандир, дердик-да, дарсликдан нарига ўтмасдик. “Ҳой, ўқи шугинани! Одам бўласан!” дегувчи топилмагани алам қилади бугун. Ҳали-ҳалигача бу кишини болалар шоири деб билганим, энг ёмони “уччаноқ”у(учликлар) “сўтарубоий”, “игнабарг”(бир мисрали шеър)ларидан бебаҳра эканим, “Ажинаси бор йўллар” биографик эсдалигини ўқигач, шундоқ асарлардан бехабар, ажнабий роману ҳикоялар пинжига суқилишимиз таъбимни хира қилди. Қисқаси, Анвар Обиджон БОЛАЛАР ва КАТТАЛАР ШОИРИ экан! Болаларни ўксинтирмай, катталарни ҳам унутмай, юраккинасининг бир четидан ушоққина жой берган экан...
Илк танишув – танишувмиди?
Тўққизинчини битираётгандим. Бостирмада қалашиб, сарғайиб ётган эски қоғозлар орасидан аллақайси таҳририятдан келган хатни излаб, роса хунобим ошар, тополмаганимнинг аламига йиғлагудай бўлиб турардим. Шунда картон қутини титкилаётиб, қўлимга жилдига сурп тортилган мўъжаз китобча илашди. Эсладим. Ўшанда олтинчига кўчгандим. Қиррабурун, кўккўз кутубхоначи опадан зўрға сўраб олувдим. “Йиртма, бирор бетига чизма, тутантириқ қилма!”, деб тайинлаб-тайинлаб, авра-астарини обдон текшириб кейин берганди. Ўқиб бўлдиму, негадир қайтаргим келмади. Китоб ичидаги шеърлар ҳузурбахш эди. Шунгами, келинбибимдан битта китоб қарзга олдим-да, қаҳри қаттиқ кутубхоначига “Йўқотдим. Ўрнига буни олиб келдим!” дедим юрагим дукиллаб. “Сенга китоб йўқ энди! Йўқотар экансан, нега оласан?” деганди қўлимдагини юлқигудек бўлиб. Кутубхонадан шалвираб чиқдиму, лекин ўша китоб ўзимда қолганидан беҳад хурсанд эдим. Анвар Обиджон билан илк танишувимиз, шеърларига ошнолик шу зайл бошланди. Эҳ-ҳе, ке¬йин билсам, шоир амаки туманимизга қўшни Олтиариқдан экан, билмаганимни-чи!
Бир куни бувим билан бирга Марғилонга отландик. Манзилга етиш учун орада Олтиариқни кесиб ўтиш керак. Ҳовуч еридан тонна-тонна узум оладиган, ярми ҳазил, ярми чин айтганларидек, боласи эмаклашни ўрганиши билан бодринг экилган плёнка тагига кириб кетиб, нариёқдан машина миниб чиқадиган олтиариқликларнинг ишкомли ҳовлиларидан кўз узмай, Анвар Обиджоннинг ҳовлиси шу атрофдамасмикан, қай бири экан дея йўл тугагунча тикилиб кетдим. “Шоирлар шаҳарда яшайди. Телевизорда кўрмаганмисан, иккичи!” лабларини чўччайтириб масхара қилганди Ойхон дугонам. Қанийди, тезроқ бўйим ўссаю, шаҳарга борсам, китоб ёзган шоирларни ўз кўзим билан кўрсам, дея ич-ичимдан илтижо қилгандим ўшанда.
Баҳору қишнинг ўн-ўн биттаси ўтиб, улғайдик. Жавонимизда энди катталарбоп роману қиссалар қўр тўкар, бунга сари болалигимиз хиралашиб, кичрайиб, майдалашиб қайларгадир сингиб бораётганди. Иттифоқо, жилдига сурп тортилган мўъжаз китоб, яна “Ажинаси бор йўллар” қаршимда пайдо бўлмаганида, билмадим, токайгача ғафлатда юраверардим.
Болалигим менинг ортимдан
Кезиб юрар ҳануз саргардон.
Чақноқ кўзи ялинар зимдан,
Қайтайлик деб имлайди нодон.
Олтиариқнинг латифагўй ўғли
Олтиариқнинг Полосон қишлоғидан чиққан, ота томондан эшонлар, она тарафидан тужжорларга қон-томири туташувчи Анвар Обиджон етмишни тўлдириб, саксонни дараклаб кетаётган эса-да, ҳамон болаларга ёзишдан, ора-орада катталар ҳақида қайғуришдан тинмайди. Феъли ҳам болаларникидек тоза, самимий. Ёзганларининг қат-қатида дард-алам, куюнчаклик сезилиб турса-да, энг аввал водийликларнинг қон-жонига сингган латифагўйлик, қаҳ-қаҳа, кулги-мутойиба, аскиябозлик, серзавқ жумлалар манаман деб туради. Гулмат Шоший билан Кулкул афандининг гоҳ ғазалга солиб, гоҳи бармоқнинг кифтини келтириб тилдан кўчирган ҳажвиялари давраларни гуриллатди, эшитганнинг дилига чўғ солди.
Болалиги тўқ-фаровон, отасининг пичоғи соримой устида йилтираган йилларда ўтган бўлажак шоир қачон, қай маҳал шеърият оламига киргани, шоирликка тузукроқ баҳона ҳам топилмаганини қистириб ўтганди хотираларининг бирида. Бироқ илҳом отлиқ малак суйганидан суюмлироқ, рафиқасидан-да яқинроқ эканини эсдаликларида айтмоқдан ийманмагани, гапнинг дангалига кўчгани чинакам ижодкорнинг иши. “...Ўта элитувчан бу ойсанам кейинчалик ҳам мени тинч қўймади. Балки унга ўзим кўпроқ илиққандирман. Нима бўлгандаям, ўйлаб-ўйлаб, ҳануз баъзи бир синоатнинг тагига етолмайман – у мени тарбияладими, йўлдан урдими; саодатга етакладими, уқубатга йўлладими; учишни ўргатдими, қанотимни қайирдими? Асосий гап шундаки, агар у дуч келмаса, ҳаётим тамоман бошқа ўзандан оққан бўларди”.
Замон чаппа айланиб, пултопар отанинг ишлари орқага кетгани, ҳатто, туҳмату балоларга бўйин эгиб, қамалгани, оиладан барака ариб, аввалгидек тўкин-сочин дас¬турхонга қуроқ тушиб, яқинлар оёғини узгани машаққатли кунлар, изтиробли йиллар қора меҳнат ойлари яқинлашаётганидан дарак эди. Орада ота икки бор қамалганида норасида гўдаклар – Зуҳрахон билан Ҳомиджон вафот этади. Еттинчи синфга ўтгач, сайёр киночиларга шогирд тушиб, пахта терими мавсумида шийпонда теримчиларга кино қўйиб бераётган эслигина шогирднинг тўсатдан бод касалига йўлиқиб, бирданига тўшакка михланиши, сўнг Худо қувват бериб, яна қайта оёққа туриши шоирнинг тириклар оламида ҳаққи узилмаганидан, шеърлари, ҳажвиялари ҳали минг-минглаб одамларга қувонч, шодлик улашишига, давраларга файз қўшишига ишора эди.
Ҳаётга қайтиб, одатдаги турмуш қучоғига отилган бўлажак шоир энди янги “касб”нинг этагини тутди – китоб ўғирлашни касб қилди. Ўсмирликнинг боди феъли не кўйларга ўйнатмайди бола шўрликни... “Ўртоқларим билан санғиб юриб, гоҳо туман марказига бориб қолардик. Роҳатдан тарвақайлаганча музқаймоқ ялаб юрганларни кўрсам, аямай дўппослаб, қўлидагини юлиб олгим келаверарди. Ҳар гал, албатта китоб дўконига кирардим, кўзимга иссиқ кўринган ёки бировлардан таърифини эшитган китобни сотиб олишга пулим етмаса, бу ҳол “шайдосига бевафо” музқаймоқнинг куйдиргисидан ҳам ошиб тушарди”. Аввал дўкондан ими-жимида бировга билдирмай икки-учталаб, кейин-кейин анчадан бери ишламаётган колхоз кутубхонасидан даста-дасталаб китоб ўғирлаш одатга айланади. Ўта бебош, ерга урса кўкка сапчийдиган ошналари билан тунаш ҳадисини олган китоб “ўғриси” хулқининг кун сайин бузилиши сабаб мактабдан ҳайдаладию шаҳарга, аммасининг уйига кўчиб боради, шу-шу шум қилиқлар барҳам топади. Бундай нозик палладан эсон-омон ўтиб кетишнинг, ўтмишига сиёҳ томизмасликнинг ўзи муаммо. “Буларни эслаганда, баъзан ўйланиб қоламан – бу ўғриликмиди, шўхликмиди? Хоҳ ўғрилик бўлсин, хоҳ шўхлик бўлсин, шундай давом этаверса, йўлим охири қаерга бориб тақалган бўлардийкин?”.
Буғолтир аскар
Мактабни тамомлагач, сермашаққат, бирда оч, бирда тўқ кунлар, енгил-бошга ёлчимаган йиллар қуллуқ қилганича қучоғини очади. Аввал пахта пунктида майда-чуйда ишларга ўралашиб, гиргиттонликни, сўнг трактор минишни дурустгина эплайди. Пахта пунктидаги катта-кичик юмушлар якунига етиб, мўмайгина ойлиги нақд кончиликка ишга ўтган шоир орада қоғоз қоралашни, шеърлар ёзиб, пойтахт¬га жўнатишни ҳам канда қилмайди. Газет-журналда босишмасаям ниятидан қайтмай, “Ғунча”га шеър устига шеър юбораверади. Кондаги оғир юмушнинг пули чўғлиққина эдию, соғ¬лиққа путур етказиши ёмон эди. Қишлоққа қайт¬гач, ижроқўм раисининг велосипедини тузатиш бахонасида қишлоқ кутубхонасидан паноҳ топган шоир учун мутолаа, ўқиш-ўрганиш эшиклари ҳам баравар очилади. “Кутубхоначилик даврим босиб шеърлар ёзишдан ташқари, бадиий китобларни тўйиб-тўйиб ўқиганлигим билан ёдимда кўпроқ из қолдирган”. Китоблар хазинаси ичра кечаётган фарахбахш кунлар узоққа чўзилмайди. Самарқанддаги молия техникумига йўлланма билан кетаётган толиби илмлар қаторида ёш шоир ҳам тугунини қўлтиқлаб, йўлга тушади. Аммо кўнгилда журналистликка ўқиш истаги тинмай питирлар, отасининг: “Сен, аввало, бирорта касбни эгалла. Агар яхши ёзсанг, ўқимасдан ҳам шоирми, журналистми бўлиб кетаверасан”, деган маслаҳати зўр келиб, китоб-дафтарини қўлтиқлаб кўҳна Самар¬қандга отланади. Техникумдаги талабалик қош қора¬йиб, тонг оқаргунича зувиллаб ўтади-кетадию энди кейинги сафар – аскарликка навбат етади. Айни сафар бошланганида Тошкентда қаттиқ зилзила содир бўлиб, кўпнинг ёстиғи қуриган, кўпнинг уй-жойи ер билан яксон бўлиб, култепага айланган эди. Вайроналарни тиклаш, янги уйлар қуришга бўлажак аскарлар ҳам жалб этилиб, то олтмиш еттинчи йилнинг қуёшли баҳоригача Тошкентда қолиб кетади.
Россиянинг аёзи қаттиқ ўлкаларида хизматни бошлаган аскарга ўрганган касби қўл келиб, аямажуз қиш кунлари ҳарбийларнинг зил-замбил юмушларидан озод этилади – гарнизон миқёсидаги ҳарбий-таъминот базаси бухгалтериясига ишга чақиришади. Бир замонлар отасининг “Аввал касб эгалла!” деган ўгити қишли-қировли ойларда жонга оро киришини туш кўрибдими! Ҳарбий ҳаёт энди-энди жаннатга айланиб, аскарнинг этига ёғ, бетига қизил югуриб, хизматини ҳисобчилар жамоасида ўтаб тугатади.
Аскарлик ҳам ниҳоясига етиб, Полосон бағрига қайтган шоирнинг бошини иккита, ташвишини мингта қилиш тараддудига тушади аҳли хонадон. Отасининг аҳволи оғирлашгани учун тўйни тезлаштириб, ҳеч қурса, катта ўғилнинг оила боши бўлишини интиқ кутаётган падарни рози қилиш илинжида қароқларга уйқу инмайди. Келин ҳам дарров топилиб, ўн саккизга тўлмаган, ғалати ойсанамнинг рақибаси хонадоннинг янги аъзосига айланади. Далада табелчиликни бўйнига илган шоир рўзғорнинг ёриқ-ямоғини бутлаш важида, ке¬йин ҳамон дилнинг туб-тубида чўғдек милтиллаб турган хира орзу – журналист бўлиш аҳдидан қайтмагани сабаб тумандаги “Пахта учун” газетасига бош суқади. Омади келиб, меҳнат дафтарчасига адабий ходим муҳри босилади. “Воҳ! Шу баландмақом муассасада ишлаётганим наҳотки рост бўлса?! Бу ерга яқингинадаям оёғимнинг учида кириб келиб, ҳатто, қоровули билан эгилиб сўрашардим. ...Журналистиканинг “одми қолипи”га тушишим осон кечмади”.
Югуравер, толиқма,
Энг муҳими – ҳовлиқма
Манзил яқин қолганда.
“Нуқул тунда менга ёр бўлди қалам”
Журналистиканинг нони қаттиқ бўлади, деганлари рост чиқиб, гоҳо таъна-дўқлар ҳам ёғилиб турар, адабий ходим эса барига бепарво қаламини қитирлатиб, ёзгани ёзган, айниқса, болалар учун ёзишга астойдил бел боғлаган эди. “Биринчи китобим бирорта тан¬қидчининг назарига тушмаган бўлса ҳам (аслида, биринчи китобим ўта бўш эди, аксарияти ўсмирликда, илк йигитлик давримда матбуотда босилган ғўр шеърлардан иборат эди), барибир, болалар учун ёзаверишим керак. Миразиз ака (Аъзам) айтганидек, шу жанрда назарга тушиш имкониятим кўпроқ, деб ўзимга йўл кўрсатардим”. Назарга тушиш ё тушмасликдан кўра Анвар Обиджон руҳиятида, табиатида болаларга яқинлик кўпроқдек туюлаверади ҳар доим. Бир гал суҳбат асноси серсавол опанинг сўроғига: “Руҳиятимда бола табиати сақланган бўлса керакки, улар учун ижод қиляпман”, деганди. Катталар оламининг серташвиш кўчаларини қораламоқлик ҳам бир ёндан ҳол-жонига қўймас, болалардан бўшагач, беихтиёр ўша кўча жодуси ўзига тинмай имлайверарди: “Катталар шеъриятида кун кўриш мураккаброқдек туюлар, бу “ўрмон”даги сон-саноқсиз, турли-туман “дарахт”лар орасидан бўй чўзиб чиқиш, кўзга ташланиш мушкулдан-мушкуллигини англаб олиш кишидан катта ақл талаб қилмасди. Кўнглим эса ақлимга қулоқ солавермасди, қаламимни ҳадеб катталар шеъриятига етаклайверарди. Катталар адабиётида торгина жой эгаллай олиш учун керакли омиллар етарлидек эди – тақдир тақозоси билан ҳаётнинг кўп оғирликларини кўрдим, кўряпман; оддий кишиларнинг энг митти дард¬ларигача менга боламдек таниш; миллат дегани нима эканини, “эрк” сўзининг салмоғи “мол-давлат”, “обрў-мартаба”, “шон”, ҳатто, “жо픬никидан минг-минг баравар ортиқлигини Тошкент¬даги зиёлилар гурунгларида чуқургина ҳис этиб улгурдим...”.
Юрак тубидаги лахта чўғ охири аланга олди – журналистликка ўқиш насиб қилди. Ана, энди Тошкентни забт этиш мумкин! Бироқ бахту омад ҳар доим ҳам девор-дармиёндек қучоқ-бағрини очиб келавермас, ёруғ тонгларга ҳали барвақт эди. Ўқишни тамомлаб, бир неча марта пойтахтга қилинган “юриш”лар самара бермайди. Лекин шеър¬лари газеталарда, ке¬йинчалик нашриётларда китоб ҳолида чоп этилгани кўнгилга тангадек нур ташлаб турарди.
Минбарларни сизларга бердим,
Бор “зангори экран”ларни ҳам.
Неча йиллар четда кун кўрдим,
Ёзавердим индамай,
Илдам.
Ахийри, қаро тун бағрини тилиб, лолагун шафақ юз очди. Ўша йиллари Эркин Воҳидов “Ёш гвардия” нашриётида бош муҳаррир бўлиб, Анвар Обиджоннинг ёзганларига қизиқиб, орқаваротдан шоирнинг қийналганлари, саргардонликларини эшитадию, нашриётда бўшаган жойга ишга чақиради. Шоирнинг пойтахтдаги муқим ҳаёти шу зайл бошланади. Қолган ташвишу кечинмалар шаҳри азим бағрида, водийу Тошкент йўлида давом этаверади. Анвар Обиджон номи митти диллардан то ҳайбати зўр юракларгача кириб борди бугун. Олти жанрда ёзган асарлари эса иқтибосу истисносиз кўнгилларни забт этди ва ҳамон завқ улашаётир.
Адиб Саид Аҳмад бир китобидаги бошланмада: “Бугун Неъмат Аминов билан Анвар Обиджон бўлмаса, ўзбек адабиёти битта тугмаси қадалмаган кўйлакка ўхшаб қолмасмиди? Ҳаётимизга шулар файз киритиб турганини тан олишимиз керак”, деганди.
Ўтган аср¬нинг саксонинчи йиллари охирида ёзилган “Даҳшатли Мешполвон” асарини мунаққид Маҳмуд Сатторов “...қарам давлатнинг болаларига тарқатилган озодлик варақалари”, деб баҳолаганди. Болалар шоири, Анвар Обиджоннинг яқин шогирдларидан Дилшод Ражаб: “Анвар ака босиқ донишманд ва ҳазилга мойил ижодкор. Шогирдларига жуда эътиборли, бироқ ўз меҳрини тезда очиб-ёйиб ташламайди. Зимдан яхшилик қиладиган оқкўнгил устоз. Болаларга меҳри бир олам одам!”, дея устознинг таърифини келтириб, ижодини таҳлил қилиб берганди.
Етмиш йиллик умрнинг салкам эллик йили турмуш ташвишлари, бола-чақа ғами билан ўтса, камига ёнига ижод дарди, ёзиш машаққати қўшилса, адабиёт, сўз ҳайбати елкангни эзиб турса, осонми, бу майдон ичра туп қўйиб, палак ёзмоқ, осонми, ўз номинг, услубинг, ўрнингни топмоқ! Менинг¬ча, бунинг учун мислсиз бардош ва қилаётган ишингга муҳаббат зарур. Бошқаси бекор...
Чарос НИЗОМИДДИНОВА