«Болаларим, осойишталикнинг қадрига етинг!»
Чортоқлик Холмирза ота Қорабоев Иккинчи жаҳон урушига отланганида, мактабни тамомлаб, педагогика билим юртида ўқишни давом эттиришга аҳд қилган 19 ёшли норғул йигит эди. Орзулари орзулигича қолди. Фашистларга қарши курашда минглаб ўзбек ўғлонлари қатори у ҳам матонат билан жанг қилди.
Генерал Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизияга қабул қилинган йигит оддий ўқчи сифатида илк бор ўлим билан юзма-юз келди. Уруш балоси инсониятга айрилиқ, кулфатдан ўзга нарса бера олмаслигига шоҳид бўлди.
Белоруссия, Польша, Чехословакия… Минглаб чақирим йўл босган ўқчининг ёдида уруш қон, жудолик, вайронгарчилик тимсоли бўлиб муҳрланди. Жангларда танасига санчилган мина парчаси, ҳали-ҳануз унга тинчлик бермайди.
— Болаларим, уруш кўрган, ўлим чангалидан қайтганларнинг ёдида фақат мудҳ¬иш хотиралар сақланади, — дейди Холмирза ота Хотира ва қадрлаш куни арафасида уни йўқлаб келган Чортоқ туманидаги 47-мактаб ўқувчиларига. — Урушда не-не азамат йигитлар шаҳид кетди. Сени фашист ўқидан ҳимоя қилган қуролдошингни лаҳза ўтмай йўқотиш ниҳоятда оғир. Дунёни кўплаб қурбонлар эвазига катта фалокат, қуллик ва эрксизликдан асраб қолдик. Сизлар уруш азобини кўрманг. Тинчликнинг қадрига етинг.
Иккинчи жаҳон урушидан бир талай орден ва медаллар билан қайтган Холмирза Қорабоев ғалабадан сўнг ўқитувчилик қилди. Минглаб ёшларга билим берди. Фахрий педагог ҳозир фарзандлари, ўттиздан зиёд набира ва яна шунча чеваралари эъзозида. 97 ёшни қоралаган собиқ жангчининг ҳаётий тажрибаси ва ўгитлари ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида жуда муҳим.
— Авваллари ота мактабимизга келиб, дарс ва тадбирларда иштирок этарди, — дейди 47-мактаб директорининг ўринбосари Аҳмаджон Умаров. — Энди ўқувчилар билан у кишининг уйига келиб, тез-тез хабар олиб турамиз. Ибратли насиҳатлари, маслаҳатларидан баҳраманд бўляпмиз.
Мактаб ўқувчилари қишлоқда истиқомат қилувчи яна икки нафар уруш фахрийси ҳолидан хабар олади. Яқинда Ҳакимжон Нуриддинов ҳамда Нажмиддин Тошбоев хонадонида ҳам худди шундай учрашув ташкил этилди.
Ғанишер АКБАРОВ