Тўй — маъмурчилик белгиси, аммо...
ЯНА ТЎЙЛАРИМИЗ МАВЗУСИГА ҚАЙТДИК... Шу жумлани қоғозга туширдиму, ўйланиб қолдим. Журналистикада вақти-вақти билан аввал қаламга олинган мавзу, кўтарилган муаммолар ечимига қайтиш зарурати мавжуд. Аммо шундай мавзулар борки, улар тарбия ишининг, демакки, матбуотнинг доимий эътиборида бўлиши керак. Одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, манманлик, кибру ҳаво, ортиқча дабдаба, ҳою ҳавасга берилмаслик шундай мавзулардир. Уларга эътиборсизлик жамият ҳаётида тузалиши қийин иллатларнинг пайдо бўлиши ва урчишига олиб келади.
Тўй — тўқчилик, маъмурчилик белгиси. Тўй-томошасига қараб у ёки бу мамлакатда одамлар қандай яшаётгани, ҳар бир миллатнинг турмуш тарзини тасаввур қилиш мумкин. Одамлар оила қуриб яшашга ўрганганидан бери тўй қилиб, эл-юрт олдига дастурхон ёзиш эзгу ният, орзу-ҳавас бўлиб келади. Аммо... ҳар бир даврнинг ўз тўйи бўлади ва бу маросим қишлоқда, шаҳарда одамлар қандай яшаётгани, ош-озиғи, кийим-кечаги, туриш-турмуши қандайлигини яққол намоён этади. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида қишлоғимизда ўтказилган тўйларни эслаб, шу фикрга келдим.
Қишлоқда дала ишлари, ўрим-йиғим куз оёқлагунича давом этади. Шундан келиб чиқиб, ўғил тўйлари асосан қишда ўтади. Маҳалла оқсоқоллари йиғилиб, аввало тўйчивойнинг омборини кўришади, сўнг тўй куни, қанча гуруч дамланиши, қўшни қишлоқлардан келадиган меҳмонларга ким хизмат қилиши, ошпаз, новвой ва дастурхончи ким бўлиши белгиланади. Ёшлар орасидан ошхўрларнинг қўлига сув қуядиган, сочиқни тез-тез алмаштирадиган, чойга қарайдиган, беморларнинг уйига насиба олиб борадиган зийраклари танлаб олинади. Ош ширин, устида ёғли гўшт бўлса, дастурхонга қанд-қурс, парварда, пашмак, ширмон ё патир тортилса, болаларга ширинлик улашилса, маҳаллий ҳаваскорлар кечқурунги “ноғорабазм”ни қизитишса, бундай тўйнинг овозаси етти қишлоққача етиб боради. Оқсоқоллар ҳаммани ҳам шундай тўйларга еткизишини сўраб, қўлларини дуога очади.
Бугун бу гаплар эртакка ўхшаб қолди. Эл-юртда ободончилик. Даромад меҳнатга яраша. Уй қураётган одам ўзини, болаларини эмас, меҳмонни ўйлаб қурилиш бошлайди, меҳмонхонани каттартиради. Ҳар қандай орзу-ҳавасга бемалол етиш мумкин. Истиқлол одамларга шахсий мулкка эгалик ҳуқу¬қини берди, жамиятда мулкдорлар қатлами юзага келди. Қўйиб берсангиз, кипригини қимирлатмай, қирқ кечаю қирқ кундуз тўй қиладиганлар бор. Орзу-ҳавас осмон қадар баландлаб кетди. “Ҳай” дейдиган одам йўқ. Дунё дунё бўлганидан бери ҳали ҳеч ерда мавжуд бўлмаган, имон-эътиқодли одамнинг хаёлига ҳам келмаган янги мусобақа — ким ўздига тўй қилиш, обрў орттириш бошланди. Бели бақувват, мўйлови ёғлиларга ҳеч гап эмас — қанча харажат бўлса, ўтирган жойида ҳал қилади-қўяди. Туриш-турмуши одмироқ, яъни ўртаҳол, топган-тутганини ҳисоб-китоб билан харжлайдиган, уйининг тарновидан омборхонага бир нима эртаю кеч томчилаб турмайдиган одамлар-чи? Улар нима қилиши керак?
Энди тўйчи акамиз, аввалгидек қариндош-уруғ, маҳалла оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб ўтирмайди. Тўй кунини белгилаш санъаткорнинг вақтию тўйхонанинг бўшлигига боғлиқ. Шу икки муаммо ҳал бўлса бўлди, тўйни бошлайвериш мумкин.
Бундан атиги беш-олти йил аввал тўй ҳақида мақола ёзиб, ўзимча “Узунлиги поезд вагонини эслатувчи “супер” машиналарнинг бир неча соатлик ижара ҳақи фалон пул экан, унинг ўрнига миллий безакли замонавий фойтундан фойдалансак бўлмасмикин”, деган эдим. Қарангки, бу таклифим кўп ўтмай амалга ошди. Тўйларимизни ихчамлаштиришга оз бўлса-да ҳисса қўшганимдан хурсанд бўлдим. Аммо... хавотирга ҳам тушдим: бирорта қўли узун одамнинг хаёлига: “Келин-куёв фойтунда виқор билан тўйхонага кириб келаётганида, аробанинг икки ёнида тўрттадан (балким олтитадан) отлиқ “навкар” уларни кузатиб келса, жуда ажойиб иш бўларди-да”, деган фикр келиб қолса-чи? Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради деганларидек, эрта-индин бу ҳам “миллий” урф-одатларимиз сафига қўшилиб кетса-чи? Бўрттираётганим йўқ, кимдир намуна кўрсатиб, “келиннавкар” пайдо бўлди-ку!..
Миллий урф-одат, миллий куй ёки халқ куйи деймиз. Халқ бир жойда йиғилиб, “Қани биродарлар, тўйбоп янги зўр бир урф-одат ўйлаб топайлик ёки тўйда ижро этиладиган янги куй яратайлик”, демайди. Миллий урф-одатлар йиллар, асрлар давомида шаклланади, даврларнинг синов элагидан ўтади. Шундай экан, миллий урф-одат тушунчасини бу қадар сохталаштириш аслида ҳеч кимга обрў келтирмайди, аксинча, яхши ниятда ўтказиладиган тўйларимизни бачканалаштиради.
Тўй маросимларимиздаги манманлик, ҳаддидан ошишлар ҳақида гап бошланди дегунча, кўпчилик “Бойваччаларнинг иши бу, бировда бор, бировда йўқ, ихчамлаштирмаса бўлмайди”, дейишади. Ҳамма оёқни кўрпага қараб узатиш, сохта, бунинг устига маъно-матрасиз “удум”ларни қисқартириш, бир кунлик обрў деб, қарзга ботмаслик тарафдори. Ортиқча чиқимга ҳеч кимнинг тоқати йўқ. Бироқ амалий ишга келганда, бутунлай бошқача манзара: “Қани, бу ишни кимдан бошлаймиз?” дейилса, бас, кўпчилик ўзини четга олади: “Нега энди мен бошлашим керак экан?”.
Шунинг ўзи бўлсагина қанийди. Тўйларни ихчамлаштириш ҳаракатлари, баъзи ҳолларда кутилган эмас, кутилмаган натижани беради. Таҳририятга келган мактублардан бирида ўқидим: “Матбуот, телевидение тўйларимиздаги ортиқча удумларни тўғри танқид қилмоқда. Аммо қишлоқ ёшлари шаҳар тўйларидаги баъзи номақбул удумларни айни шу кўрсатув ва мақолалар орқали билиб олаётир. “Шаҳарда тўйлар мана бундай ўтар экан, нима, биз бунга арзимаймизми?” деган фикр келади-да хаёлларига...”.
Санъаткор аёлларимизнинг маҳоратига тасанно. Улар тўй мавзусини, тўйбоши аёллар, орзу-ҳавасли оналар образини жуда қойиллатиб ижро этишади. “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” сериалини эсланг. Ҳаммаси — бошдан-оёқ ҳаётий, таъсирчан, ўзимиз ҳам неча бор дуч келган лавҳалар. Ибратли жойлари кўп. Тушунган одам ўзига тегишли хулоса чиқариб олади. Бироқ...
Шу сериалда тўйбоши аёллардан бири қуда томондан юборилган тоғораларни санаб, даҳшатли бир “факт”ни аниқлайди — тоғораларнинг сони жуфт эмас, тоқ. Тўй бузилишига сал қолади, қудалар ўртасига совуқчилик тушади. Юқорида келтирилган мактубнинг давомини эшитинг: “Биз томонларда тоғоранинг қанча бўлишига унча эътибор беришмасди. Шу сериални кўришдию ҳамма (ҳатто эркаклар ҳам!) тоғора санайдиган бўлиб қолди...”.
Гап фақат шу сериал устида бораётгани йўқ. Никоҳ базмида келин-куёвнинг болалиги қандай ўтгани, қайси боғчага боргани, мактабда қандай ўқигани, қаерларда дам олгани ҳақидаги “ҳужжатли фильм”ни намойиш этиш одат тусини олаётир. Бу тўғрида, шунингдек, келин-куёвга қўшилиб қудаларнинг ҳам вальсга тушиши, келиннинг бошидан ошириб гулдаста отиши, базм тўрида ўтирган келин-куёвларнинг рақсга тушаётган ота-оналарига, юзи очилмаган келиннинг ўртада лўмбиллаб ўйнаётган қайнона-қайнотасига пул узатишини, никоҳ оқшомидан кейин тунги сайрга чиқишни тасаввур қиласизми? Бу ҳам ҳолва экан, яқиндан бери у ер-буерда булардан-да ғаройиброқ “удум” пайдо бўлди — қизнинг уйи оддийроқ бўлса, “Йўқ, тўйни бу ерда ўтказмаймиз, жўраларимдан уяламан”, дейдиган куёвлар чиқибди. Муштипар ота-она, майли, ўғлимиз хижолат тортмасин, дея тўйни данғиллама... ижара ҳовлида ўтказишмоқда. Чиқим устига чиқим. Бунисига нима дейсиз? Никоҳнинг биринчи қадами сунъий бўлса, давоми нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Бу бидъатларни танқид қилиб мақолалар ёзамиз, телекўрсатувлар ташкил этилади, маърузалар ўқилади, йиғинлар ўтказилади, аммо натижадан дарак йўқ. Демак, биргина танқиднинг ўзи билан иш битмайди. Тўйларимизни ким ўзди мусобақасидан халос этишни жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари зиммаларига олиши лозим. Тўй-маросимларни ихчамлаштириш, сарфини камайтиришни ёшларнинг ўзига қўйиб бериш керак: таклиф, ташаббус улардан чиқсин. Ёшларимизнинг тўй ҳақидаги тушунчалари ўзгармагунича мақсадга тўла эришиш қийин.
ЯНА БИР МУЛОҲАЗА. БУГУН БУТУН МАМЛАКАТИМИЗ УЛКАН ТЎЙХОНАГА ЎХШАЙДИ. Тўй дегани фақат никоҳ базмидан иборат эмас. Ҳовли тўйи, мучал тўйи, шукроналик тўйлари, ишда, илмий фаолиятда эришилган ютуқларни нишонлаш, касбдошлар, курсдошлар давраси, Мустақиллик, Янги йил, Наврўз байрамлари базми, муборак Ҳаж ибодатидан қайтган кексаларимизни қутлаш дастурхонлари... Шу боис, мамлакатимизда янги замонавий бинолар, санъат ва маданият кошоналари, спорт ва дам олиш мажмуалари билан бирга шифтига қарасанг, бошингдан дўппинг тушадиган тўйхоналар ҳам шитоб билан қурилмоқда. Бундан қувонамиз, албатта. Тўйхона қураётган халққа дунё ҳавас қилса арзийди.
Мен эса ният қиламан — саховатпеша тадбиркорларимиз тўйхоналар билан бирга маҳаллаларда, мавзеларда кутубхона, қироатхоналар ҳам қуришса, уларни адабий-бадиий, маънавий-ахлоқий адабиётлар, электрон китоблар, кундалик нашрлар, замонавий техника воситалари билан тўлдиришса, қандоқ яхши. Тўйхона деб қурилган кошоналарда фақат ош ейилмаса, адабий-бадиий, мусиқий кечалар, қизиқарли учрашувлар, зукколик беллашувлари ўтказилса. Келинг, шундай бўлишига ишонайлик.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ