Дин равнақи йўлида
Буюк аждодларимизнинг илмий меросини ўрганиш, улар мангу қўним топган масканларнинг обод қилинаётгани, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар диний-маърифий соҳадаги чинакам бурилиш бўлди.
Дастлаб Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш билан бошланган ушбу хайрли иш Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси каби илму ирфон масканларининг барпо этилиши учун йўл очди. Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, самарасини ошириш, кўламини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, соҳада хизмат қилиши лозим бўлган юқори малакали, янгича фикрлайдиган, чинакам ватанпарвар, эътиқоди мустаҳкам кадрлар тайёрлашни кўзда тутгани билан таҳсинга сазовордир.
Фармон ҳар бир юртдошимиз зиммасига шарафли масъулият юклайди. Бу масъулият юртнинг келажаги билан чамбарчас боғлиқдир. Жаҳолатга қарши маърифат ила курашиш, динимизнинг асл моҳиятини кенг ёритиш юрт олдида ўз масъулиятини ҳис қиладиган, халқининг келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир ватандошимизнинг вазифасидир. Фармон Қуръон ва ҳадис илми, фиқҳ, ақида, тасаввуф, исломий иқтисодиёт ва молиявий масалалар, халқаро муносабатлар бўйича таълим олиш ва малака оширишнинг яхлит тизимини ташкил этишга имкон беради.
Айниқса, Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши ниҳоятда қувончли воқеадир. Чунки бундай мактабнинг фаолият кўрсатиши буюк муҳаддислар юрти бўлган Ватанимизда яна бухорийлар, термизийлар етишиб чиқиши учун замин тайёрлайди.
Фармонда яна бир гўзал ташаббус борки, у ҳақда тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Диний-маърифий соҳада сидқидилдан хизмат қилаётган илм аҳлининг, дин пешволарининг машаққатли меҳнатини эътироф этиб, уларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлаш мақсадида Имом Бухорий давлат мукофоти таъсис этилди. Бу юксак мукофот Ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳонда кенг ёйишга муносиб ҳисса қўшганларга берилиши кўзда тутилмоқда.
Халқимиз барча соҳаларда эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, ёшларга диний ва дунёвий фанлардан билим берилмоқда. Азиз авлиёлар, улуғ алломалар ва фозил инсонлар мақбаралари таъмирланди. Ҳар йили минглаб ватандошларимиз муборак Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келяпти. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Оллоҳнинг инояти ва истиқлолимиз шарофатидандир.
Президентимизнинг Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш, Сурхондарёдаги Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳини улкан мажмуага айлантириш, Бухорода Мир Араб олий мадрасасини ташкил этиш, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий, Навоий вилоятидаги Нурота қадамжоларини, пойтахтдаги Сузук ота ва Имом ат-Термизий масжидларини капитал таъмирлашга доир ташаббусини халқимиз катта қувонч билан қарши олди.
Ўтган йилларда юрт тинчлиги, халқимизнинг фаровонлигига раҳна солиш мақсадида Ватанимизга кириб келган мутаассиб оқимлар тузоғига илинган баъзи шахслар қилмишларига яраша жазо олдилар. 2017 йилда давлатимиз томонидан ташкил қилинган, диний уламолар, имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ва маҳалла вакилларидан иборат махсус ҳайъат жазо муддатини ўтаётган ҳамда яшаш манзилларидаги ана шундай шахслар билан якка тартибда суҳбат ўтказди. Натижада улар адашганини англаб, қилмишидан пушаймон бўлди. Шунга кўра, улар махсус ҳисобда турувчилар рўйхатидан чиқарилиб, келгусида Ватанга, халққа хизмат қилиш орқали хатоларини оқлаш имкони берилди. Ўз навбатида, маҳалла жамоатчилиги, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда имом-хатибларимиз ҳам уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, фойдали меҳнат билан машғул бўлиши учун ёрдам кўрсатаётир.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби