Солиқ билимлари — болаларга
Яқинда фойдаланишга топширилган Тошкент шаҳридаги Ашхобод сайилгоҳи томон ошиқиб келаётган мактаб, академик лицейда касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг ҳаяжони бир олам. Тақдирлаш маросимида ғолиблар эълон қилинади. Бу кимларга насиб этар экан?
Давлат солиқ қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Солиқ билимлари — болаларга” шиори остидаги кўрик-танловнинг якуний босқичи иштирокчилари Тошкент солиқ коллежида ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Жорий йилнинг апрель, май ойларида туман (шаҳар), вилоят, миқёсида ўтказилган кўрик-танловнинг қуйи босқичларида 43 мингга яқин ўқувчи солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг давлат бюджетида тутган ўрни, қандай мақсадга йўналтирилиши, мамлакатимизда юритилаётган солиқ сиёсатидан хабардор бўлдилар. Танловда 1—4-синф ўқувчилари солиқ ҳақидаги ўз тасаввурини чизган расми орқали ифодалаган бўлса, 5—9-синф ўқувчилари мавзу мазмун-моҳиятини ҳикояда акс эттиришди. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари солиқ соҳасида эгаллаган билим ва кўникмаларини иншо ёзиб, мавзуни коммуникация тақдимоти кўринишида ифодалаб бердилар.
— Кўрик-танловда асосий мақсад ғолибларни аниқлаш эмас, балки Ўзбекистонда солиқ сиёсатини янада эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлардан ёш авлодни хабардор этишдир, — дейди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи Музаффар Назаров. — Ўқувчилик давридан ўз билимини мустаҳкамлаб борган ёшлар келажакда ана шу соҳа бўйича етук мутахассис бўлиши мумкин.
Тадбирда барча йўналишлар бўйича юқори натижани қўлга киритган ёшларга Давлат солиқ қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА