Буюк ихтирочи — она ёхуд саккиз ёшда 500 та шеърни ёд билган ўқувчи
АҚШлик Томас Эдисон ҳақида эшитгандирсиз. У ўзининг минглаб ихтиролари билан инсоният турмушини енгил қилган олимлардандир. Биргина мисол. Бугун ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланган лампочкани ҳам шу олим ихтиро қилган.
Аммо Эдисоннинг Эдисон бўлишига сабаб бўлган бир воқеа бор!
У пайтларда ёш Томас мактабда, 1-синфда ўқирди. Ҳарф танимасди. Бир куни устози ундан онасига хат бериб юборди. Бу хатни ўқиган она юм-юм йиғлади, ғамга ботди.
— Нима бўлди, она? — ўзининг ношудлигини сезган бола савол берди.
— Устозинг сен ҳақингда ёзибди, ўғлим, — онанинг юзида хотиржамлик ва ишонч бор эди. — У менга миннатдорлик билдирибди. Ноёб қобилиятинг борлигини, бирор нуфузли мактабга ўтказишимни сўрабди.
Томас ўша куни хурсанд бўлди.
Йиллар ўтиб онаси вафот этди. Томас хатни топиб олди...
Озгина лоф аралашди-ёв
Қўнғироқ бўлди.
— Ассалому алайкум! Таҳририятга тушдимми? Мен 37-мактаб директори Камол Суяровман.
Домла салом-аликдан сўнг мақсадга кўчди.
— Бир ўқувчимиз бор, жуда қобилиятли. Шу қизчамиз ҳақида газетада мақола берсаларингиз яхши бўларди.
— Домла, ўқувчингизнинг қандай қобилияти бор?
— Беш юзта шеърни ёддан билади! Яқинда туманда энг кўп шеър биладиган ўқувчи сифатида ғолибликни эгаллади.
Хуллас, директор қизалоқни устози ҳамроҳлигида таҳририятга жўнатадиган бўлди.
Қизиқ, баъзан лофчилигимиз тутиб кетади-да. Қандай қилиб 1-синф ўқувчиси 500 та шеърни ёд олган бўлиши мумкин? Элликта, борингки, юзта шеърни билар. Тўғрисини айтса бўлади-ку.
Рости, хаёлдан шу фикрлар ўтди.
Муҳим савол
Икки-уч кундан сўнг қизалоқ келди. Биз атай устозини саволга тутмадик.
— Исминг нима, қизим, қайси маҳалладансан?
— Севинч Султонова, Аслиддин аканинг қизиман. 2010 йил 14 августда Жомбой тумани Ширинкент маҳалласида туғилганман.
— Дадангнинг телефон рақамини биласанми?
Бу савол нима учун керак, деган хаёлга боришингиз мумкин. Аммо бу муҳим савол.
...Яқинда чекка бир тумандан Самарқанд шаҳрига келган танишимиз ўз юмушлари билан чалғиб, олти ёшли фарзандини йўқотиб қўйибди. Ўтган ярим соат вақт ичида онанинг ваҳимаси, қўрқувини таърифлаш ортиқча. Шу пайт унинг қўл телефонига бегона рақамдан қўнғироқ бўлади. Кўтарса, нотаниш аёл ўғли ҳақида хабар беради.
Маълум бўлишича, болакай адашиб қолгач, бироз йиғлаган ва шу атрофдаги холага йўқолиб қолганини айтиб, унинг телефонидан онасига қўнғироқ қилган.
Энди тасаввур қилинг. Агар ўша болакай онасининг телефон рақамини билмаганда нима бўлиши мумкин эди? Таъбир жоиз бўлса, олти ёшли бола ўзи билан содир бўлиши мумкин бўлган катта нохушликлардан зукколиги туфайлигина қутулиб қолди.
Севинч дадасининг телефон рақамини айтди. Давлат раҳбари, вилоят, туман ҳокими, мактаби, маҳалласи, мадҳияни ким ёзгани, ким куй бас¬талагани ҳақидаги саволларимизга тўлиқ жавоб берди. Оила аъзолари, ҳатто онасининг турмушга чиққунча қайси фамилияда бўлганини ҳам биларкан.
«Мен Севинчнинг онасиман...»
Одатда, биринчи синф ўқувчиси биладиган ўнта шеърнинг еттитаси Пўлат Мўмин, Қуддус Муҳаммадий, Зафар Диёр каби таниқли болалар шоирларининг қаламига мансуб бўлади. Чунки бошланғич синф дарсликларида улар ижодига кенг ўрин берилган. Бундан йигирма-йигирма беш йил аввал ёд олган шеърларимиз ҳозир ҳам ёдимизда...
Биз Севинчдан юқоридаги шоирларимизга ҳурматсизлик қилмаган ҳолда, бошқа ижодкорларнинг шеър¬ларини сўрадик.
Анвар Обиджондан айтди.
Яна...
Ҳамид Олимжон, Шуҳрат, Мухтор Худойқулов, Дилшод Ражаб, Умида Абдуазимова...
— Эркин Воҳидовдан биласанми, Абдулла Ориповдан ўқи-чи, Муҳаммад Юсуфдан нечта шеър биласан?..
Таклифимиз оғзимиздан чиқмай туриб, у шеърни бошлаб юборарди.
Талабимиз жиддийлашди.
— Бобурдан ҳам ёдлаганмисан, қизим?
Севинч нафақат Заҳириддин Муҳаммад Бобур, балки Алишер Навоийдан ҳам бир неча ғазал ва рубоий айтиб берди.
Қизалоқ бир соатдан ортиқ вақт давомида тўхтовсиз шеър ўқиди. Чуқур-чуқур нафас олиб, пешоналарини тер босгандагина биз уни синамаётганимизни, балки аллақачон ҳайрат ва қизиқиш билан саволга тутаётганимизни англаб қолдик.
Севинч айтаётган айрим шеър муаллифларини танимадик. Қизиқ, мактаб дарсликларидан ташқари, шунча шеърни ёд олдирган ўқитувчининг ёнимизда экани хаёлимиздан кўтарилибди.
— Кечирасиз, бу шеърларни қаердан олиб ёдлатгансиз?
— Қўлимга қандай китоб тушса, ўшандан, аксариятини газеталардан олиб, ёд олдирганман.
— Раҳмат сизга, ҳамма ўқувчиларингиз билан шундай шуғулланасизми?
— Мен Севинчнинг онасиман...
* * *
Севинчнинг онаси — Сурайё Муҳаммадиева, уй бекаси. Қизига мактабга бормасданоқ шеър ва топишмоқлар, мақоллар ёд олдирган. Мунтазам газета-журналларни варақлаган, китоб излаган, мактаб кутубхоналаридаги асарларни ўзи учун, фарзандлари учун ўқиб чиққан.
— Ўз вақтида ўқиб, олий маълумотли бўлолмадим. Энди фарзанд¬ларим учун ҳаракат қиляпман. Уй юмушларидан ортиб, Севинчнинг мактабига бораман. Устози Гулфия Ибодова билан қизимнинг ўқиши, руҳияти ҳақида тез-тез суҳбатлашиб тураман. Ҳозир инглиз тилиниям ўрганяпти. Унга жуда кўп китоб ўқиб беряпман, шеър ва мақолларни ёд олди. Зўриқиб қолмасмикан, деган ташвишдаман...
Беш юзта шеър, икки юздан ортиқ мақол, топишмоқ, тез айтишни ўрганган Севинчдан ҳақиқатан ҳам буларни талаб қилсак, оғирлик қилмасмикан? Бу саволга ҳарқалай психологдан, тажрибали педагогдан жавоб олган маъқул.
Лекин бизда бу қизча китобга ташна, қанча билим берсангиз, онги тубсиз уммондек тортиб олаётгандек таассурот уйғотди. Чунки суҳбатимиз давомида бир неча марта китоб жавонига ҳавас билан қарагани эътиборимизни тортди.
— Китобларни томоша қилмоқчимисан?
Севинч тасдиқ ишорасини қилди.
— Ўқишга бериб турайми?
Кўзлари қувнаб кетди.
— Бирортасини танлаб ол.
У жавондан Алишер Навоийнинг ўн жилдлик китобидан биттасини олди!
У катталар ҳам тушуниши мушкул бўлган Навоийни танлади. Аммо Севинчнинг шаштини синдирмадик. Нисбатан тушуниш осонроқ бўлган Навоий ҳикматлари тўпламини ҳам қўшиб бердикки, бу ҳам буюк шоирни англаш сари бир йўл бўлсин.
Эдисоннинг жавоби
Томас Эдисоннинг қўлидаги мактубда шундай ёзилганди:
«Сизнинг ўғлингиз руҳий касал. Илтимос, уни ихтисослашган бошқа бирор мактабга жойлаштирсангиз ёки уйда устоз ёллаб ўқитсангиз яхши бўларди. Эртадан мактабга киритмаймиз. Ҳурмат билан...».
Томаснинг бутун ҳаёти кўз олдида гавдаланди. Кўзлари ёшга тўлди ва хотира дафтарига қуйидагиларни қайд этди: «Эдисон жуда калтафаҳм бола эди. Бироқ онасининг беқиёс топқирлиги туфайли юксак иқтидор соҳибига айланди!»
Дарҳақиқат, оналар энг буюк ихтироларни яратишга қодир хилқатдир.
Исомиддин ПЎЛАТОВ