Бола учун энг қулай маскан
Иккинчи жаҳон урушида миллионлаб болалар ота-онасиз, бошпанасиз қолди. Уларнинг бошини силаш, келажакда ўз йўлини топиб олиши учун кўмак зарур эди. Шу туфайли 1949 йили Австриянинг Имст шаҳрида илк SOS маҳалласи вужудга келди. Ҳозир дунёнинг 132 мамлакатида шундай маҳаллалар фаолият юритмоқда.
Ўзбек халқи азалдан эҳтиёжманд оилалар, боқувчисини йўқотган болаларнинг бошини силаб, уларга бағридан жой бергани тарихдан маълум. Уруш йиллари фронт майдонларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион киши юртимиздан қўним топди. Уларнинг 200 минги болалар бўлиб, ўзбек оилалари қучоқ очиб уларни ўз тарбиясига олди.
Ана шу эзгу амалларнинг узвий давоми сифатида 2000 йилда SOS болалар маҳаллалари Ўзбекистон уюшмаси ташкил этилди. Тузилма ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ва ана шу хавф остида қолган болаларнинг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланади. Ҳозир Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида шундай маҳаллалар мавжуд. Бола учун унинг ўз оиласини сақлаб қолиш, бунинг иложи бўлмаганда, у учун оилавий муносабатлар муҳитини яратиш — Тошкент шаҳридаги SOS болалар маҳалласининг асосий мақсадидир.
Мазкур маҳалла икки дастур асосида фаолият кўрсатмоқда. Биринчи дастурга мувофиқ, маҳаллада боқувчисини йўқотган, чин етим ўғил-қизлар тарбияланади. Улар учун бу ерда ҳақиқий оила шароити яратилиб, бола ўзини барча тенгқурлари қатори бахтли ҳис этади.
— Биз бир оила фарзандлари — ака-ука ва опа-сингилларнинг келажак ҳаётини қуриб, дўстона муҳитда ўсиб-улғайишларини таъминлашга ҳаракат қиламиз, — дейди SOS болалар маҳалласи координатори Марат Курамшин. — Оила муҳитида вояга етаётган бола жамиятда ўз ўрнини топиб, эл корига ярайдиган инсон бўлиб етишиши учун имконият яратамиз.
SOS оиласини тажрибали ва билимли она бошқариб, оила бағрига олинган болаларга ҳақиқий меҳр билан ёндашади. 16 ёшгача болалар SOS оилада тарбияланганидан сўнг, ёшлар уйида 20 ёшгача истиқомат қилиши мумкин.
— SOS болалар маҳалламизда 80 дан ортиқ бола тарбияланмоқда, — дейди муассаса мутахассиси Руслан Зайнулин. — Уларга 14 нафар SOS она, 7 нафар SOS хола ва бошқа ходимлар бириктирилган. Ҳар йили маҳалламиздан 5—10 нафар бола катта ҳаётга учирма бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топаётгани қувонарлидир.
Тарбияланувчиларга тез-тез ҳомийлик ёрдами кўрсатилади. Баъзи ҳомийлар томонидан олий ўқув юртида ўқиётган талабаларнинг тўлов-контракт пуллари, тўй харажатлари тўлаб берилади. Оёққа туришларига кўмаклашилади.
2004 йилдан буён муассасада “Ижтимоий марказ” фаолият кўрсатмоқда. Ушбу марказ қийин аҳволда қолган оиланинг манфаатини ҳимоя қилиш, болани етимликдан асраб қолишни ўз зиммасига олган. Бундай оилаларга улар ўз фарзандларига зарурий даражада ғамхўрлик қилишлари учун ижтимоий, психологик, иқтисодий, юридик ёрдам кўрсатилади.
— Турли сабабларга кўра қийналиб, ажрашиб кетиш хавфи бўлган оилалар мурожаат қилганда, ҳар томонлама кўмак берамиз, — дейди марказ ходими Қудратилла Иноғомов. — Аввало, мурожаат қилган оила билан батафсил суҳбатлашиб, муаммони аниқлаймиз. Агар муаммо иқтисодий тарафдан бўлса, оила бошлиғи ёки аёли кейинчалик даромадлироқ касбга йўналтирилади. Турли ўқув курсларини битиргач, ота-онанинг оилани боқишга, рўзғор тебратиб, боланинг моддий-маънавий эҳтиёжларини қондиришга қурби етади.
Марказда 9 нафар малакали ходим ишлайди. Улар 25 оилага ёрдам кўрсатиб, етим болалар сонини камайтиришга муваффақ бўлди.
— “Оилани мустаҳкамлаш” дастурига кўра, Тошкент SOS болалар маҳалласи билан ҳамкорлик қиладиган “Баҳор” ва “Ҳумоюн” маҳаллаларига ижтимоий ёрдам кўрсатилаётир, — дея изоҳ беради Қудратилла Иноғомов. — “Баҳор” МФЙда марказимиз томонидан молиялаштирилган қандолатчилик цехи ва сартарошхона мавжуд. Бу ерда ўқув курсларида сартарошлик ва қандолатчилик ҳунарини эгаллаган оила вакиллари ишлайди. Цех ва сартарошхонадан тушадиган соф фойданинг 30 фоизи “Баҳор” МФЙнинг ижтимоий йўналишдаги сарф-харажатига ишлатилмоқда.
“Ҳумоюн” МФЙда ижтимоий ёрдам хонаси очилган бўлиб, ҳимояга муҳтож оилаларга амалий кўмак берилади. Мақсад — оила барбод бўлмасин.
— 10 ёшимдан бери шу ерда тарбияланаман, — дейди Озод Тошев. — Тарбиячимиз Холниса Мавлонова бизга меҳрибон. Туну кун атрофимизда парвона. Маҳалла болалари билан иноқмиз. Келажакда ҳуқуқшунос бўлиб, мураккаб ва мушкул вазиятга тушиб қолган юртдошларим ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчиман.
Эътиборимизни сочи жингалак, мовий кўзли қизалоқ тортди.
— Исмим Анастасия, ёшим 12 да, — деб ўзини таништиради у. — Бу ер — менинг уйим. Ака-опаларимиз биз, кичикларни яхши кўради. Тележурналистларга ҳавас билан қарайман, шу касбни танламоқчиман.
Давронбек ОРИПОВ