Бола чеҳрасида порлар табассум!
Дунёдаги энг ажиб манзара — бола табассуми, унинг юзида акс этган беғуборлик ва самимият. Болажон ўзбек халқи ўз дилбандини нафақат суйиб-эркалайди, балки унинг келажаги учун қайғуради. Барча яхши нарсалар болаларга! Куни кеча 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан барча сайилгоҳ, хиёбон, истироҳат боғи, амфитеатр, маданият саройлари кичкинтойлар, мактаб ўқувчилари шодлигига тўлди.
Бахтли болалик
Безатилган саҳнада гўёки болалик ҳукмрон, дейсиз. Сарой зали болажонлар шовқинига тўла. Галма-галдан саҳнага чиқиб, ўз истеъдодини намойиш этаётган ўқувчилар Яшнобод туманидаги турли мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўз иқтидорини ривожлантириб келаётган ёшлардир. Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими бўлими, ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши ва “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамкорлигида ташкил қилинган “Бахтли болалик” фестивали Мудофаа вазирлигига қарашли маънавият ва маърифат марказида ўтказилди.
— Туманимизда истиқомат қилувчи 238 мингдан зиёд аҳолининг 56327 нафарини 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ташкил қилади. Бугунги фестивалга улардан 800 нафарини таклиф этганмиз. 5 та мусиқа ва санъат мактаби, умумтаълим мактабларининг мусиқа йўналиши ҳамда “Баркамол авлод” марказининг тўгарак аъзоларидан 250 нафари бугунги байрам тадбирида ўз репертуарини томошабинларга тақдим этди. Ҳар бир чиқишда бахтли болаликка хос ҳаяжон муҳрланган. Фестивалда фаол иштирок этган ўқувчиларимизга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири Жамолиддин Камолов.
Тарбияланувчилар мамнун
Бугун пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 23-Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 208 нафар тарбияланувчи учун ўзгача кун — муассасада шодиёна. Халқ таълими вазирлиги, Тошкент вилояти “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ўғил-қизларга вазирлик ва марказ маъмурияти томонидан эсдалик совғалари топширилди.
— Қувончимиз чексиз. Меҳмонлардан совға олдик. Китобларни ёзги таътил даврида мутолаа қиламиз, — дейди муассаса тарбияланувчиси Максим Алеев. — Тақдим қилинган китобларни галма-галдан ўқиймиз. Биз учун китобдан кўра яхши совға йўқ.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги таркибидаги оркестр бадиий жамоаси йиғилганларга ўз мусиқий дас¬турини намойиш этди.
Сарҳисоб ва тантана
Доира садолари остида “Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт марказига нуридийдаларини етаклаб кириб келаётган ота-оналар, бобо-бувиларнинг кайфияти аъло. Марказ ҳовлисида авиамодел, автомодел, тикиш-бичиш, карвинг, наққошлик каби тўгарак аъзоларининг ижодий ишлари кўргазмасини иштирокчилар қизиқиб томоша қилишмоқда. Ёш китобсеварлар кўргазмага қўйилган янги асарларни тезроқ ўқиш илинжида. Ёзги таътил даврида кутубхона эрталабдан кечгача ўз ихтиёрида бўлишидан хабар топган болакайлар шодликдан қийқириб юборишди.
— Байрам педагогик жамоамиз учун ўқув йили сар¬ҳисобидир, — дейди марказ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Лола Тўхтаева. — Инновацион ғоялардан унумли фойдаланганимиз учун ютуқларимиз салмоқли. Кўргазмада Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўтказилган “Биз — XXI аср интеллектуал ёшларимиз” халқаро танловида 3-ўринни эгаллаган тўгарак аъзоларининг ҳаракатланувчи моделлари намойиш этилмоқда. 15 июндан бошлаб марказимизда ёзги соғломлаштириш майдончасини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Оромгоҳга бора олмаган ўқувчилар учун турли тўгараклар ишлайди.
Фаол ўқувчиларга гувоҳнома ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Иқтидорлилар тақдирланди
Юнусобод тумани “Баркамол авлод” болалар марказида ўтказилган “Соғлом авлод — юрт келажаги” шиори остидаги байрам тадбири куй-қўшиқлар билан бошланди. Дўппи кийиб олган қизалоқларнинг ўйин-кулгисида, ёш рассомларнинг рангли бўр билан асфальтга расм чизишида болалик фаслининг қайтмас ва бетакрор лаҳзалари мужассам. Тумандаги 21-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Дилнаво Бердиеванинг сурат чизишга иштиёқи баланд. Эҳтимол, ундан келажакда моҳир мўйқалам устаси етишиб чиқар.
— Ўқув йили давомида турли кўрик-танлов ҳамда мусобақаларда муносиб ўрин эгаллаган иқтидорли болажонларни мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг туман бўлими эсдалик совғалари ва муассасамиз дипломи билан тақдирладик, — дейди марказ директори Наргиза Эшонхўжаева.
Ҳаяжонли онлар
Республика болалар ижтимоий мослашуви марказига ижтимоий ҳимояга муҳтож, ақлий ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болажонлар жамланган. Марказ раҳбари Васила Алимова уларни Хал¬қаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қутлади. Марказда соғломлаштирилаётган болажонлар ижросидаги куй-қўшиқ, дилбар рақслар барчага кўтаринкилик бағишлади.
Саҳнада ўз иқтидорини намойиш этаётган фарзандини кўрганда, қайси бир ота-она таъсирланмайди, дейсиз? Ақлий ёки жисмоний камчилиги бўлган болажонларнинг яқинларини бу ҳолат икки ҳисса ҳаяжонлантиради. Байрам сўнгида болажонларга ширинлик улашилиб, кўнгилочар дастур намойиш этилди.
Кичкинтойлар беллашуви
Зомин туманидаги “Бойчечак” номли 14-мактабгача таълим муассасасида “Соғломжон — полвонжон” мусобақаси ўтказиляпти. Бир-бири билан беллашаётган кичкинтойларнинг қувончи чексиз. Шиширилган пуфакни ёриш, тўсиқлардан эмаклаб ўтиб, коптокни саватга жойлаш, қоп ичида сакраш, бадиий гимнастика, қумли халтачани улоқтириш шарт¬ларини тез ва аниқ бажарганлар ғолиб.
Замонавий типдаги ушбу муассасада 280 нафар ўғил-қизга қувноқ беллашув ташкил қилиниб, улар ёз мавсумининг илк кунида чиниқтирилди. 120 нафар асосий, 160 нафари эса қисқа муддатли гуруҳларга қамраб олинган тарбияланувчиларнинг бир-бири билан мусобақалашуви қат¬¬нашчиларга завқ-шавқ бағишлади.
Байрам муносабати билан 1-ИДУМ стадионида МТМ тарбияланувчилари ўртасида ”Соғломжон — полвонжон” спорт мусобақаси ўтказилди. Тадбирда фаол иштирок этган болажонларга Мактабгача таълим вазирлигининг эсдалик сов¬ғалари топширилди.
Болажонлар қувончи чексиз
Гурлан туманидаги маданият ва истироҳат боғида эрта тонгдан сайил бошланди. Болажонларини етаклаган ота-оналар, бува-бувилар “Камол топгин озод Ватанда” мавзусидаги концерт дастурига етиб келдилар. Тумандаги 9 та МТМга Мактабгача таълим вазирлигининг эсдалик сов¬ғалари, туман ҳокимлиги туҳфалари топширилди.
— 5 ёшли қизим Маржона билан сайр қилиб юрибмиз, — дейди Олға қишлоғининг “Собинчи” маҳалласида яшовчи Сабоҳат Авазова. — Қизчамнинг ҳайрати бир олам. У аттракционда учди, уйга кетгиси йўқ.
Шогирдларини саҳнага тайёрлаётган “Камолот” шарқ яккакураши клуби раҳбари, юзлаб чемпионлар устози Ҳаким Фатҳиддинов бизга шогирди, уч карра жаҳон чемпиони Шириной Раҳимовани рўбарў қилди:
— Гурлан тумани маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ўқиш билан бирга 1- МТМда каратэ бўйича қизчаларга машғулот ўтаман. Бугун саҳнада спорт усулларини аъло даражада бажарган шогирдларимдан хурсандман.
Оромгоҳга йўлланма берилди
Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган байрам тадбирида имконияти чекланган, кўнгли ярим болалардан 200 нафарига тўкин дастурхон ёзилди. Тантанада вилоят ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Маткаримов сўзга чиқиб, ҳар бир таклиф этилган болага ҳокимлик совғасини топширди. Шаҳардаги 26-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига энг сўлим ва хушманзара «Камалак» оромгоҳида бепул даволаниш учун 71 та йўлланма берилди.
Вилоят «Баркамол авлод» маркази қошидаги «Наманган гулғунчалари» дастаси, таниқли ёш хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар байрам иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди.
— Мен Наманган туманидаги 28-мактабнинг 6-синфида ўқийман, — дейди Зокиржон Абдуллаев. — Уч йил аввал бахтсиз ҳодиса туфайли иккала оёғим ҳаракатдан қолди. Ёлғизланиб қолмадим, устозларим якка тартибда билим бермоқда. Бўш вақтимда расм чизаман. Айримларини кўргазмага олиб келдим. Янги дўстларимга маъқул бўлди.
МУХБИРЛАРИМИЗ