Мактабда «Бизнес клуби»
Тадбиркорлигу ишбилармонлик хислатлари халқимизнинг қонида бор. Фарзандларимиз ҳам ўз иқтидор ва қобилиятини ишга солиб, юртга манфаат келтириши мумкин. Қайси ўғил-қизнинг тадбиркорликка иштиёқи кучли, кимнинг қўлидан қандай иш келади — буни аниқлаш мумкинми?
Поп туманидаги 16-мактаб педагоглари янги тажрибага қўл урди. Тадбиркорликка қизиқадиган ўқувчилар учун «Бизнес клуби» ташкил этилди. Клубга аъзо бўлишнинг шартлари бор. Таклиф этилган беш йўналишдан бири — паррандачилик, чорвачилик, қуёнчилик, дурадгорлик, тикиш-бичиш ёки пазандаликни танлаган ўқувчи ўз хонадонида шуғулланиб, муайян тажриба ва малака эгаллаганини исботлаши зарур.
— «Мен кичик тадбиркорман» лойиҳасини эълон қилдик. Унга 200 нафардан зиёд ўқувчи бирлашди. Лойиҳа доирасида «Менинг оилавий бизнес режам» номли танлов ҳам ташкил этилди, — дейди мактаб директори Турсунали Ҳайитов. — Ғолиблар 2016-2017 ўқув йили якунида аниқланиб, рағбатлантирилди. Ўқувчилар хоҳиш-истагига кўра, бу йил йўналишлар сони 6 тага етказилди. Тадбиркорлик билан уйида шуғулланаётган ўқувчи ўқув йили бошида ўз бизнес режасини тақдим этиши, йил охирида эса эришган натижаларини кўрсатиши керак. Ўқув йили мобайнида хонадонларга бориб, зарур кўрсатмалар берилади.
7-синф ўқувчиси Диёрбек Тожибоев паррандачилик ва қуёнчилик билан шуғуллана бошлаганига икки йил бўлди. Хонадондаги 10 та курка, 10 та товуқ ва 20 та қуённи парваришлаш, кўпайтириш, оила эҳтиёжидан ортганини бозорга чиқариш унинг зиммасида.
— Биринчи йили озроқ қийналдим, — дейди Диёрбек. — Тажрибам йўқ, вақтим етмасди. Аста-секин ҳаммаси изга тушди. Икки та курка парвариши билан иш бошладим. Ҳозир куркаларим 10 тага етди. Яхши қаралса, қуёнлар тез кўпаяр экан.
Ғурумсаройлик ўқувчилар ташаббуси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
— «Бизнес клуби»нинг аъзолари 45 нафарга етди, — дейди ёшлар етакчиси Назокат Қўчқорова. — Уларга ҳафтанинг ҳар чоршанба куни иқтисодий билим асослари фани ўқитувчиси Гулнора Ҳайдарова раҳбарлигида машғулот ўтказилмоқда. Тадбиркор ва ишбилармон ёшлар янада кўпайса, ажаб эмас.
Ғанишер АКБАРОВ