Бири гавжум, иккинчиси эса...
Ўқувчиларнинг ёзги таътили давом этмоқда. Мазмунли ҳордиқ чиқарган бола янги ўқув йилига ўзгача иштиёқ билан киришади.
Ёзги таътилни муносиб ўтказиш тўғрисида Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий халқ таълими бошқармаларида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга биноан, мактаблар қошида кундузги оромгоҳ ташкил этиш, ўқувчиларни турли тўгарак, маданий-маърифий тадбир ва спорт мусобақаларига жалб этиш, китоб мутолаасига қизиқишини ошириш вазифалари белгиланган.
Поп туман халқ таълими бўлими мутасаддиларининг таъкидлашича, тумандаги 7 та мактаб қошида кундузги оромгоҳ ташкил этиш, 950 нафар ўқувчини дам олдириш режалаштирилган бўлиб, ўқувчилар рўйхати шакллантирилган. Гуруҳ раҳбарлари тайинланган. Улар тадбир жадваллари, тўгарак машғулотлари режасини ишлаб чиққан. Оромгоҳлар 1 июндан иш бошлади.
Туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳ фаолияти билан танишдик. 136 нафар ўқувчи жалб этилиши режалаштирилган оромгоҳ ўқувчилар билан гавжум. Мактаб директори (у кундузги оромгоҳ раҳбари ҳам ҳисобланади) Одилжон Нишонов ҳар куни белгиланганидек 136 нафар эмас, балки қарийб 180 нафар ўқувчи бу ерга келаётганини таъкидлади. Кимдир фан, бош¬қалар спорт тўгараги маш¬ғулотларида иштирок этаётган бўлса, мактаб кутубхонасида китоб мутолаасига берилганлар ҳам талайгина. Гуруҳ раҳбарлари уларга бош-қош.
— Асосан, 3—8-синф ўқувчилари оромгоҳимизга жалб этилган, — дейди оромгоҳ раҳбари Одилжон Нишонов. — Тадбирлар режаси қўлимизда. Мавзуларни гуруҳ раҳбарлари билан келишиб олганмиз. Ўзингиз кўриб турибсиз, ўқувчи сони белгиланганидан кўп. Эҳтиёжни инобатга олиб қўшимча шароит яратиб бердик.
Ўқувчилар билан мулоқот асносида Марғуба Бойматова, Камола Ҳамроқулова ва Меҳри Бегматова каби устозлар уюштираётган тадбирлар жуда қизиқарли ўтишини билиб олдик. Оромгоҳнинг спорт инструктори Ҳасанбой Нурматов мусобақада ёш спортчилар астойдил иштирок этишини айтди. Стол тенниси, баскетбол, волейбол, шахмат, шашка каби оммавий спорт ўйинларининг иштирокчилари кўп.
Тумандаги 38-умумий ўрта таълим мактаби қошидаги оромгоҳга 4-, 6-, 41- ва 55-мактаб ўқувчиларини жалб этиш белгиланган. Рўйхат шакллантирилган, тегишли иш режалари ишлаб чиқилган, масъуллар тайинланган. Лекин 4 июнь куни мактабда бирорта ҳам ўқувчини учратмадик. Мактаб директории Муяссар Эргашева ёмғир ёғаётгани туфайли ўқувчиларга рухсат бериб юборилганини айтди. Ҳақиқий ҳолат билан танишилганда эса, шу ҳудуддаги қўшни мактаблардан ўқувчилар келмаётгани, аниқроғи, рўйхат бору, дам олувчилар йўқлиги аён бўлди. Гуруҳ раҳбарларининг иш режаси йўқ. Давомат назорат қилинмаяпти.
Оромгоҳ амалда эмас, қоғозда ташкил этилган эмасмикан, деган хаёлга бордик. 7- ва 36-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун кундузги оромгоҳ ҳам номига ташкил этилган. Мактаб кутубхонасида ўтирган 20 чоғли ўқувчини ҳисобга олмаганда, 136 нафар ўқувчига мўлжалланган маскан бўм-бўш. Мактаб директори Феруза Бобохўжаева “Ёмғирли об-ҳаво сабабли ўқувчилар уйига қайтариб юборилган”, дейди. Ўқувчилар учун мактаб ҳовлисидан жой ажратилган. Хоналар ва спорт зали таъмирланаётгани боис, ичкарига ўқувчилар киритилмаяпти. Кундузги оромгоҳда дам олиши мўлжалланган ўқувчиларни овқатлантириш масаласи ҳам талаб даражасида эмас. Ўқувчини бир маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш учун 4200 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари келтириш режалаштирилган бўлса-да, мазкур масала ҳал этилмаган. Туман ҳокимлиги томонидан ҳомийлар бириктирилмагани, зарур маблағ ажратилмагани туфайли қайд этилган оромгоҳларда иссиқ овқат тайёрланмаяпти. Натижада ўқувчилар тушликдан аввал уйларига қайтариб юборилмоқда.
Поп туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабида тушлик билан таъминлаш учун шароитнинг ўзи йўқ. Мактаб ошхонаси авария ҳолатида, идиш-товоқ етарли эмас. Музлаткич йўқ. Ҳатто малакали ошпаз ажратилмаган. Кундузги оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш ва юритишдаги икки хил манзарага мутасаддилар нима деркин?
Ғанишер АКБАРОВ