Таассуротларга бой мавсум

Ёзги таътилда ўқувчилар узоқ вақт мактабдан олисда бўлади. Уларнинг таълим муҳитидан ажралиб қолмаслиги, таътилнинг мазмунли ва таассуротларга бой ўтишида ёзги соғломлаштириш оромгоҳларининг ўрни алоҳида.
Қарши шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг ёзги таътилни самарали ўтказишига Ёшлар иттифоқи етакчиси, синф сардорлари ўз ҳиссасини қўшмоқда. Биргаликда ўтказиладиган тадбирлар режаси тузилган. Бу борада устоз-мураббийлар ўз тавсияларини бериб бормоқда.
Оромгоҳ дастуридан турли кўрик-танловлар, тадбирлар уюштириш, ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда интеллектуал беллашувлар ўтказиш, уларнинг қизиқишларига мос мусиқа, тасвирий санъат, китобхонлик танловлари ва спорт мусобақаларини ташкил этиш мўлжалланган.
Энг муҳими, бу тадбирларни ўқувчини толиқтирадиган топшириқлар билан тўлдириб қўймасдан, кўнгилочар ўйинларга бой тарзда ўтказишдир. Токи болалар ёзги таътилда янги ўқув йили учун куч тўплаб олсин.
Дилноза РАҲМОНОВА,
Қарши шаҳридаги 8-мактаб директори ўринбосари