Янги дастур — амалда
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ёшлар ўртасида ОИТС/ОИВ ва жиноятчилик ҳамда психотроп моддалар суиистеъмол қилинишининг оилавий кўникмалар ўқув дастурлари орқали олдини олиш” (GLOK 01) лойиҳаси доирасида 10—14 ёшли болалар ва уларнинг ота-оналарига мўлжалланган “Мустаҳкам оила” дастурини амалга ошириб келмоқда.
Мазкур дастур ўсмирлик даврида кузатиладиган турли психотроп моддаларни истеъмол қилиш ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилиши профилактикасига қаратилган бўлиб, ота-оналарда мустаҳкам оила малакаларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Чилонзор туман “Баркамол авлод” болалар марказида “Мустаҳкам оила” дастурига бағишланган брифинг ташкил этилди. Дастур доирасида олиб борилган ишлар натижалари муҳокама қилинди.
— 2016-2017 йилларда Тошкент шаҳрининг 7 та мактабида қўлланилган бўлса, якунига етган ўқув йилида пойтахтимизнинг барча 11 туманида ушбу дастур амалга оширилди, — дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев. — Апрель-май ойлари давомида тренингга жалб этилган халқ таълими ходимлари пойтахтимизнинг 12 та умумтаълим мактабида дастурни жорий этиб, жами 120 оилани қамраб олди. Ҳафтасига бир марта турли ўйин, таълимий дастур, мунозара тарзида ташкил этилган машғулотларда ота-оналарга фарзандлари билан дўстона ва ишончли муносабатларни шакллантириш, уларни тинглаш, тақиқлаш орқали эмас, балки рағбатлантириш билан болани тўғри мақсад сари йўналтириш усуллари ўргатиб борилди.
Наргиза ОДИЛОВА