Оромгоҳда янги ташаббус
Болаларнинг ўқув йили мобайнида сарфлаган қувватини тиклаб, мириқиб ҳордиқ чиқариши, чиниқиб, ижодий ва ташкилотчилик қобилиятини ривожлантиришида мактаблар қошида ташкил этилган ёзги соғломлаштириш оромгоҳларининг ўрни катта. Айниқса, қизиқарли ақлий ва жисмоний машғулотлар ўқувчиларни тоблаб, янги ўқув йилига пухта тайёрлайди. Жумладан, Сергели туманидаги 104-мактаб қошида ташкил этилган «Қалдирғоч» оромгоҳида ҳам дам олиш мавсуми қизғин давом этмоқда. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, бу йил оромгоҳ фаолияти ноанъанавий ташкил қилинди.
— Машғулотларни олиб бориш учун ҳудуддаги 11-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 21-болалар мусиқа ва санъат мактаби ва «Баркамол авлод» болалар марказидан мутахассисларни жалб этиш таклифи билан чиқдик. Ташаббус ҳамкорларимиз томонидан маъқулланди. Мазкур муассасалар икки томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб, тажрибали мутахассисларни сафарбар этди. Тўғри, мактабимизда барча йўналишдаги машғулотларни олиб бориш учун илғор педагоглар жамоаси шаклланган. Бироқ дарслардаги мавзулар машғулотларда ҳам такрорланмаслиги, болаларнинг бўш вақтини янада мазмунли ўтказиш учун мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. Айни пайтда «Турон» яккакураши, «До-ми-соль», «Зарбли чолғулар», «Тўқиш», «Ёш дизайнер», «Мунчоқли безак» тўгаракларида машғулотлар қизғин олиб борилмоқда.
Мавсум давомида тўрт навбатда жами 500 нафар боланинг мароқли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш кўзда тутилган бўлиб, барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
— Бу йилги машғулотлар ўтган йиллардагидан қизиқарли ўтаётганини қизим ҳар куни ҳаяжонланиб гапириб беради, — дейди Саломат Равшанова. — Биз ишдан қайтгунимизча бир олам таассурот билан кириб келади. Қизим сув ҳавзасида чиниқиб, «Олдинда борамиз», «Чаққон қиз» каби спорт мусобақаларида фаол қатнашганини айтганида, таътили мазмунли ўтаётганидан кўнглимиз тўлади. Чет тили тўгараги, китобхонлик соати, мусиқа ва спорт машғулотлари фарзандимиз учун қизиқарли бўлаяпти.
Таътилга чиққач, «Йил бўйи ўқийвериб чарчаб кетди, энди дам олсин», деб фарзандининг қўлига китоб тутқазмайдиган ота-оналар ҳам топилади. Бундай нотўғри тушунча оқибатида таътилдан кейин болаларнинг мактаб муҳитига мослашиши қийин кечади. Шундай вазиятнинг олдини олиш мақсадида «Қалдирғоч»даги ахборот-ресурс маркази ҳамда маънавият ва маърифат хонасида тез-тез китобхонлик кечалари уюштирилаяпти.
— Уйда китоб ўқиб келишни тайинлаганимизда фарзандлари берилиб мутолаага киришаётганини ота-оналар алоҳида таъкидлашаяпти, — дейди «Заковат» гуруҳи мураббийи Илмира Ҳасанова. — Ўқувчилар «Куч — билим ва тафаккурда», «Интеллектуал ўйинлардан — заковат сари», «Санъат шайдоларимиз», «Ҳуқуқимиз ва бурчларимизни ўрганамиз», «Спорт — доимий ҳамроҳимиз», «Мен ўқиган китоблар», «Кучимиз — дўстликда», «Оромгоҳ берган сабоқ» каби беллашувларда қатнашиб, тафаккурларини чархлашаяпти.
Ҳа, «Қалдирғоч»даги ҳар бир кун ўқувчилар учун шундай мароқли ва қизиқарли ўтмоқда. Бу ерда ўрганаётганлари болаларнинг янги ўқув йилини хуш кайфиятда бошлаб, янги билим, кўникма ва малака эгаллашига хизмат қилади.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири