Норжон момонинг уйи — оромгоҳ
Ёзги таътил бошланса, Норжон момонинг бағри тўлади. Сершовқин шаҳардан безган невара, чеваралари таътилда катта момосининг кенг ҳовлисига қараб талпинади. Момо уларнинг дийдорига тўймайди. Иш, ўқишни баҳона қилиб уйига қайтадиган набираларидан баъзан гина ҳам қилади: “Келишингдан кетишинг осон, жилла қурса, бирор кеча ётиб қол. Ҳовли-жойим шаҳардай тор-танқис эмас, кенг бўлса”.
Норжон момонинг чоли урушга кетиб, қайтмади. Сори Хўжаметовнинг номи Ватан учун жон берган шаҳидлар қаторига ёзилди. Момо ёлғизгина ўғлини кафтида авайлаб ўстирди. Уйлантириб, невара кўрди. Аммо туҳмат билан ҳибсда ушланиб, оқлангунга қадар хасталанган ўғли ҳам кўп яшамади. Ҳам она, ҳам отасидан ажралган 8 нафар етим билан йиғлаб тунларни тонгга улаган Норжон момо ёлғизлик, алам ва муҳтожликни китоб ўқиб енгди. Невараларига эртак ёки ҳикоя сўзлаб беришни канда қилмади. Саид Аҳмаднинг биринчи ҳикояларини газеталардан топиб, ўқиб берган ҳам шу момо. Норжон момо Абдулла Қаҳҳор асарларида ўз ҳаётини кўргандек бўлади.
Йиллар давомида фарзандларининг дарс тайёрлаши, қўшимча машғулотларга қатнаши учун жон куйдирган момони таниган-билганлар “муаллима она”, дейишади. Математика фанидаги қийин амаллар устида бош қотириш, она тилидан иншо ёзиш, ҳикоя тузиш жони-дили бўлган момо бугун 97 ёшда. Ҳаёт қийинчиликлари ва тақдир зарбаларидан бағри доғ, қадди дол онахоннинг хотираси мустаҳкам. Кимни сўрасангиз, тўрт пуштигача адашмай айтиб беради.
Норжон момо телевизор кўриб, янгиликлардан хабардор бўлиб, замон билан ҳамнафас яшашдан завқланади. Сўлим Қашқадарёнинг Қамаши қишлоғида умргузаронлик қилаётган онахон 8 чевара, 23 эваранинг севимли момоси. Момо қизларга кўрпа, чопон қавишдан, уят-андишадан ҳаётий сабоқ берса, ўғил болаларга орият, ғурур, мардлик ва садоқат туйғуларини сингдиришга уринади. Кўпроқ халқ ўйинлари, топишмоғу масаллар билан невара-чевараларини овутади.
Болажонларнинг ҳар йили ёзги таътилни оромгоҳда эмас, “катта момо”сининг бағрида ўтказиши боиси ҳам шу. Ёзда бу хонадон оромгоҳга айланади. Момонинг 97 йиллик умр йўлидаги иқрори: Ватан, тинчлик, фарзанд ва иймон — улкан хазина.
Маҳбуба КАРИМОВА