Ишхона — иккинчи уй
Душанба. Соат 08.30. Таҳририятда битта хона эшиги қия очиқ, холос. “Раҳбарлар ишга келиб-кетишда ходимларга ўрнак бўлиши керак”, деб ҳисоблайди Шуҳрат ака. “Халқ сўзи” газетаси таҳририятига ишга кирган сана — 2000 йилдан бери бу шиорга амал қилиб келади.
Шуҳрат ака газетанинг янги сонини бир сидра кўздан кечириб, тахламга тикади. Марказий нашрларнинг шанба кунги сонларига кўз югуртиради, ўқийдиган, баҳсталаб мавзулар бўлса, ажратиб қўяди. Кун мобайнида албатта вақт топиб, ўша мақолани ўқиб чиқади. Давр билан, матбуот билан ҳамнафаслик ҳар бир журналистга сув ва ҳаводек зарур.
Бош муҳаррир қабулида йиғилиш. Ҳафта мобайнида эълон қилиниши мўлжалланаётган мақолалар муҳокама қилинади. 7 та бўлимда 20 нафардан зиёд ижодий ходим турли мавзуларда мақола тайёрлайди. Бош муҳаррир ўринбосари Шуҳрат Жабборов тайёрланган материалларнинг қайси бири долзарблиги хусусида ўз муносабатини билдиради. Ана шу мақолалардан энг муҳимлари cаҳифага қўйилади.
— Куннинг иккинчи ярмида эртанги сонга мўлжалланган саҳифаларни ўқиб чиқаман,—дейди ўзининг кундалик фаолияти хусусида ҳамкасбимиз Шуҳрат Жабборов. — Саҳифада аввал сезилмаган, “ўтказиб” юборилган хатолар кўринади. Айрим абзацлар ортиқчадек туюлади, “қайчи”ни ишга соламиз. “Ярқ” этган сарлавҳа — ярим мақола. Баъзан сарлавҳаларни ўзгартирамиз. Бўшаган пайтим ходимлар топширган материаллар таҳририни якунига етказаман. Столимда бир дона ҳам қўлёзма қолмаслиги керак. Чунки эртасига янги мақолалар келиб туша бошлайди. Хуллас, газета босмага топширилгунга қадар иш жараёни қизғин кетади. Кўпинча тунги соат 1, 2 ёки ундан ҳам кечроқ уйга йўл оламиз.
18 йилдан бери ана шу жамоада меҳнат қилиб келаётган камтарин ижодкор Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвони билан тақдирланган. У кишининг умумий иш стажи роппа-роса 45 йил. Таъбир жоиз бўлса, бу инсонга ўтган давр мобайнида ҳар бир иш куни амалиётга мослашиш, ёшларга ниманидир ўргатиш, хатолардан хулоса чиқариш, ўз ижод мактабини яратиш учун пойдевор бўлиб хизмат қилганлиги рост. 115 мингдан зиёд ададда босилиб, ўз муштарийларига етказилаётган газета ҳаёти Шуҳрат ака сингари кўплаб фидойи журналистларнинг иш кунлари билан узвий боғлиқдир. Зеро, қалб қўрини, кўз нурини, ўз салоҳиятини газета учун сарфлаётган ижод аҳлининг меҳнати эътирофга лойиқдир.
Таҳрир санъати қаламни чархлайди
Аҳмад ака худди дастлаб ишга қабул қилинган 1983 йилдаги каби ўз қадрдон иш жойи — “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси таҳририятига шошади. Бугун — саҳифалаш жараёни, жума куни газетанинг янги сони мухлислар қўлига тегади. Эҳ-ҳе, бундай кунлар йиғилиб-йиғилиб, унинг 35 йиллик меҳнат фаолиятини ҳосил қилди, десак муболағага йўйманг. Бир-бирига эгизакдек ўхшаш кунлар, бир хил жараён.
Уч кун мобайнида тўртта бўлим ходимлари томонидан тайёрланган мақолаларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратган бадиий муҳаррир саҳифа ўқишга чоғланади. Пафос кучайиб кетган, ортиқча тафсилотларга берилган матн таҳрири Аҳмад акага асло қийинчилик туғдирмайди. Баъзи учи-қуйруғи йўқ жумлаларни ихчамлаштириш керак. Таҳрирдан сўнг Аҳмад ака матнни тузатишга беради. Принтердан чиқарилган қўлёзмани яна бир сидра ўқиб чиқар экан, у ўз меҳнатидан завқланади.
Дарҳақиқат, журналистика амалиётининг асоси — таҳрир санъати ҳеч муболағасиз газета ходимининг иш кунлари негизида шаклланади. Аҳмад Отабоев ана шу санъат турини ўзининг 35 йиллик иш фаолияти, минглаб иш кунлари мобайнида мукаммал ўзлаштирди. Бу йиллар ортида машаққат мужассам. Маҳорат эса ўз-ўзидан эгалланмайди, бунга уқув, ҳафсала, қунт, шарт-шароит керак.
— Ўзбекистон халқ ёзувчиси, раҳматли Одил Ёқубов мени синов муддати билан таржимонлик штатига қабул қилган йиллар кечагидек ёдимда, — деб эслайди Аҳмад Отабоев. — Эртаси куни қўлимга таниқли танқидчининг 20 қоғозлик қўлёзмасини тутқазишди. Матнни бир ҳафта таҳрир қилиб, ҳажмини 7 қоғозга келтирдим. Мазмунига путур етмаган, бир-бирига мантиқан боғланган мақола бош муҳаррир қабулидаги йиғилишда эътироф этилгач, каминанинг жамоада обрў-эътибори ошди. Шу-шу таҳририятнинг ижодий ходимига айландим. Иброҳим ўафуров, Аҳмаджон Мелибоев, Саъдулла Ҳаким, Сирожиддин Саййид каби эл назарига тушган ижодкорлар билан ишлаш жараёнида нафақат таҳрир санъати сирлари, балки журналистикада тезкорлик, сўзга нисбатан масъулият билан ёндашиш, касб этикаси, мулоқот илмини ўргандим.
Газета таҳририяти ижод қайнайдиган, ёш журналистни тоблайдиган даргоҳ. Бу ерда қалам аҳлининг ижод мактаби шаклланади ва яратилади. 1981 йилда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган Аҳмад Отабоев ана шу мақомга ўзининг фидокорона меҳнати билан эришган қалам соҳибларидан биридир. Ҳамкасбимизнинг 2002 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланиши, 2015 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонига сазовор бўлиши унинг таҳрир санъати билан боғлиқ ижод йўлини янада мунаввар қилди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири