Бўлажак журналистлар тўгараги
Ғаллаорол тумани “Баркамол авлод” болалар марказидаги “Қақнус” адабиёт ва журналистика тўгараги 2011 йилда ташкил топган. Ўтган давр мобайнида бу тўгарак қўшни туманлар — Бахмал, Фориш, Булунғур ёш ижодкорлари учун ҳам севимли ошён бўлиб улгурди. Юздан ортиқ ўғил-қизни бириктирган жамоага Бекназар Қоражонов мураббийлик қилмоқда.
Шеър, ҳикоя, мақола ёзиб, нотиқликка орзуманд ёшлар тажрибали устоз, шоир, ёзувчи ва журналистлар иштирокида бўлиб ўтадиган ижодий учрашув, маҳорат дарсларида ижод сирларидан бохабар қилинмоқда. Тўгарак аъзоларининг ижодий машқлари “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Ма’rifat”, “Yoshlar ovozi”, “Муштум”, “Sinfdosh”, “Тong yulduzi”, “G‘uncha”, “Gulxan” “Bilimdon”, “Bilag‘on”, “Dono vord”, “Gulchehralar”, “Oltin qalam”, “Bulbulcha”, “Kelajak avlod” каби қатор нашрларда, қолаверса, вилоят ҳамда туман газеталарида мунтазам эълон қилинмоқда.
— Тўгарак ижодкорлари 50 дан ортиқ газета ва журналга обуна бўлиб, вақтли матбуот нашрларини доимий кузатиб боради, — дейди Бекназар Қоражонов. — Китобхонликка эътиборимиз катта. Чунки ёш қаламкаш ўз ижодий тафаккурини бадиий адабиёт намуналари билангина кенгайтириб боради. Ҳар бир аъзо ойига камида 6 та бадиий китоб ўқиши қоидага айланган. Уларнинг асарни қай даражада мутолаа қилганини имтиҳон қилиб кўрамиз. Тўгаракка келганида бор-йўғи бешта китоб ўқиган Юлдуз Ўролованинг икки йилда ўқиган китоблари сони 214 тага етди.
Тўгарак машғулотларига 70 дан зиёд ёши катта маҳаллий ижодкорлар ҳам чорлаб турилади. Улар радио, телевидение, матбуотда самарали ижод қилиб келмоқда. Тўгарак мушоирасида улар меҳмонга айланади.
Ижодкорларнинг ютуғи борми, дерсиз. Ўтган йили 44 нафар ижодкор турли танлов, фестиваль ва семинарларнинг республика босқичида фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритди. Жорий йилнинг шу пайтигача 30 нафар ижодкор танлов ва фестивалларда совриндор бўлиб қайтди. Улар орасида Юлдуз Ўролова, Муҳаббат Исматова, Лайло Алматова, Наргиза Қўшмонова, Моҳира Анорбоева, Ортиқ Ўнғалов, Сайфиддин Оканов, Жасмина Рашидова ва бошқалар бор.
Бўлажак журналистлардан яна бир гуруҳи Каттақўрғон тумани “Баркамол авлод” болалар марказида шуғулланади. Марказда 1200 дан зиёд ўқувчи шуғулланиб, “Ёш мусаввир”, “Бичиш-тикиш”, “Тўқиш”, “Миллий рақслар”, “Компьютер сабоқлари”, “Фотодизайн” тўгараклари доимо гавжум. “Ёш журналист ва нотиқ” тўгарагига 20 нафар ўқувчи аъзо бўлиб, мураббий Дилобар Рўзиева бир неча йилдан бери уларга бу касб сирларини ўргатиб келмоқда.
— Энг аввало, ўқувчиларга тўғри талаффуз қоидаларини ўргатамиз, — дейди Дилобар Рўзиева. — Унлиларни юмшоқ, ундошларни эса қаттиқ ва калта талаффуз қилиш, товушларни фарқлаш ва алоҳида идрок этиш кўникмасини эгаллаган ўқувчи мулоқот қилишга қийналмайди. Шеър ва ғазални ифодали ўқиш, матн ёдлаш қоидаларини ўзлаштирган ўқувчига бадиий асар, ҳикоя, мақола, хабар ёзиш бўйича сабоқ берамиз. Бир дақиқада 130 та сўзни равон ўқиш машғулоти ўқувчиларни мусобақага ундамоқда.
Ўқувчи ўзини ҳақиқий мухбир ёки журналистдек ҳис қилса, бу касбга рағбати ошади. Микрофон ва камера билан ишлашни мактаб давридаёқ ўзлаштирган ёшлар тадбир ва байрам тантаналарида бемалол бошловчилик қилаётгани қувонарлидир. Ўқувчилар мақола учун ахборот тўплаш, уни ёзиш, таҳрир қилишни маҳаллий нашрлар журналистлари кўмагида ўрганаётир. Мухлиса Асатуллаева, Малика Маҳмуджонова, Шаҳзода Ўктамова, Оғабек Тошмаматов каби ёшларнинг мақола, лавҳалари “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасида тез-тез эълон қилинмоқда.
Бир неча йил муқаддам “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” кўрик-танловининг республика босқичида 2-ўринни қўлга киритган Дилобар Рўзиева тўгарак аъзолари орасидан кўплаб журналистлар етишиб чиқишини орзу қилади.
Райҳона ХЎЖАЕВА, tc "Райµона Х¤ЖАЕВА,"
“Ma’rifat” мухбири